Жамият | 20:50 / 29.06.2023
35753
4 дақиқада ўқилади

Дам олиш ва байрам кунлари ишга чақирилаётганлар учун зарур қоидалар эслатилди 

Дам олиш ёки байрам кунида ишга чақириш мумкинми, бу кунлар учун қанча ҳақ тўланиши керак, розилик қандай билдирилади. Шу ҳақда муҳим маълумотлар берилди. 

Фото: Getty Images

Умумий қоидага кўра, дам олиш ва байрам кунларида ишлаш тақиқланади. Аммо қонунчиликда заруриятдан келиб чиққан ҳолда айрим истисно ҳолатлар белгиланган. Бу ҳақда Hudud24 маълумот берди. 

1. Шошилинч ишларни бажариш учун ходим розилиги билан дам олиш ёки байрам куни ишлашга рухсат берилади 

Ташкилотнинг фаолияти шошилинч бажариладиган ишларга боғлиқ бўлганида, ходимлар ёзма розилиги билан дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин. 

Бунда шошилинч бажарилиши керак бўлган ишлар рўйхати жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан ёхуд меҳнат шартномасида белгиланиши керак. 

Шунингдек, байрам кунлари ишлаб чиқаришни тўхтатиб туриш имкони бўлмаган, аҳолига хизмат кўрсатиладиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади. 

Бундан ташқари, маданий-томоша ташкилотлари, телевидение, радиоэшиттириш ва бошқа ОАВ ходимлари дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин. 

2. Бахтсиз ҳодиса рўй берганда ходимни розилигисиз ишга чақириш мумкин 

Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг розилигисиз дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилади: 

- табиий ёки техноген ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар (ёнғин, тошқин, зилзила, эпидемия ва бошқалар) давридаги ишларни бажариш учун;

- бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;

- иссиқ ва совуқ сув, газ, ёруғлик, иссиқлик таъминоти, транспорт, алоқанинг нормал ишлашини бузадиган ҳолатларни бартараф этиш учун;

- иш берувчи мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун. 

3. Баъзи ходимларни ҳар қандай ҳолатда розиликсиз дам олиш ёки байрам куни ишга чақириш мумкин эмас 

Ногиронлиги бўлган ходимлар, ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилишга ҳар қандай ҳолатда фақат уларнинг розилиги билан йўл қўйилади. 

18 ёшгача бўлган ходимларни эса дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади (ТВ, ОАВ, радио, спорт соҳасидаги ишлар мустасно). 

4. Дам олиш ёки байрамдаги иш учун 2 ҳисса пул тўланади 

Дам олиш ёки байрам кунлари учун камида икки ҳисса ҳақ тўланиши керак. Аммо, ички ҳужжатларда икки ҳиссадан кўпроқ ҳақ тўланиши белгиланиши ҳам мумкин. 

Дам олиш ёки байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. 

Дам олиш ёки байрам кунидаги иш учун ходим хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилиши мумкин. Бунда ходимга бир ҳисса ҳақ тўланади. 

5. Дам олиш ёки байрам кунидаги иш учун иш берувчи буйруғи керак 

Дам олиш ёки байрам куни ишга жалб этиш иш берувчи буйруғи билан расмийлаштирилади. Ходимнинг розилиги ариза билан ёки буйруққа имзо қўйдириш орқали олинади. 

Ходим розилигисиз ишга жалб этилганда буйруқда ходим розилигисиз ишга жалб қилиш асослари қўрсатилиши керак. 

Эслатма: юқоридаги тартиблар бузилганда ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга, шунингдек меҳнат, прокуратура, адлия органларига мурожаат қилишлари мумкин. 

Судга мурожаат қилинганда ходимлар суд харажатларидан озод этилади. 

Мавзуга оид