Ўзбекистон | 21:37 / 29.06.2023
42897
3 дақиқада ўқилади

Германияга ишлашга борган 300 ўзбекистонлик вокзалда ётгани акс этган видео тарқалди. Вазирлик ҳолат ўрганилаётганини билдирди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Turon World Cooperation xususiy bandlik agentligi МЧЖ томонидан Германияга ишга юборилган йигитлар айни пайтда Мюнҳэндаги темирйўл вокзалида қолишаётгани кўринади. МЧЖ вакиллари эса қаергадир ғойиб бўлгани айтилмоқда.

Блогер Никита Макаренко ўзининг телеграм-каналида Ўзбекистон фуқаролари ишлаш учун Германияга боргани, аммо у ерда қийин аҳволда қолгани акс этган видеони эълон қилди.

“Уч юзга яқин ўзбекистонликлар уларни гўёки Германияга ишлаш учун олиб борган, сўнгра қаергадир ғойиб бўлган Turon фирмасининг қурбонига айланишди. Йигитларга АҚШдаги Work and Travel дастурининг муқобили бўлган Ferienjob дастури асосида ишга жойлаштириш ваъда қилинган. Улар ҳозир вокзалда тунашмоқда, қаерга бориш, нима қилишни билишмаяпти. Бу видео бугун (28 июнь куни назарда тутилмоқда – таҳр.) Мюнҳэндаги темирйўл вокзалида тасвирга олинган.

Мана шундай пасткашлар бор бизда: немислар бизга ишонишмоқда, виза беришмоқда, улар йигитларимизни Германияда кўришдан мамнун. Бизникилар эса ўзимизникиларни алдашмоқда. Бундай ҳолатдан кейин ким ҳам биз билан ишларди?!

Умид қиламанки, Берлиндаги элчихонамиз йигитларимизга ёрдам беришади. Ахир уларнинг бу ерда ҳеч қандай айби йўқ. Ҳушёр бўлинглар. Атроф тўла фирибгарлар”, деб ёзади блогер.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлган воқеа юзасидан баёнот берди.

“Дастлабки ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Turon World Cooperation Xususiy Bandlik Agentligi МЧЖ вакиллари ўзларига таниш бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2023 йилнинг май-июнь ойларида Work and travel дастури орқали Германияга 102 нафар талабани жўнатган. Аммо Германияга етиб борган талабаларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келган.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинади ва натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг NoVo Agency ташкилоти ҳамкорлигида Work and travel дастури доирасида жорий йилда 310 нафар талаба Германияга етиб бориб, ишга жойлашган ва яна 39 нафарининг виза олиши кутилмоқда. Ушбу талабалар томонидан бугунги кунга қадар мурожаат келиб тушмаган.

Вазирлик фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш билан шуғулланиш лицензия талаб этадиган фаолият тури ҳисобланишини, бугунги кунда Ўзбекистонда фақатгина 9 та хусусий бандлик агентлиги лицензияга эга эканини эслатган.

Бироқ вазирлик расмий сайтида келтирилган реестрда Turon World Cooperation Xususiy Bandlik Agentligi МЧЖ лицензияга эга бандлик агентлиги экани қайд этилган. Ўзбекистонликларни хорижга ишга юбориш бўйича расмий рухсатномага эга ташкилот билан нима учун муаммо юзага келгани ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ Миграция агентлиги фуқароларни хорижда ишга жойлаш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар билан шартнома тузмасликка чақирганди. Ўзбекистонда 5 йил ичида 73 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган. Маълум бўлишича, айни пайтда Ўзбекистонда Хусусий бандлик агентликлари реестридан ўтган, аммо лицензияси бўлмаган 118 та хусусий бандлик агентлиги мавжуд.

Мавзуга оид