Жаҳон | 17:27 / 01.07.2023
123549
7 дақиқада ўқилади

Биринчи каналда навбатдаги шов-шув: 8 ёшли қиз эфир вақтида зўравонлик ҳақида сигнал берди

Россиянинг Биринчи федерал телеканалида навбатдаги кутилмаган воқеа содир бўлди. Бу гал ҳеч ким урушга қарши баннер кўтариб чиқмади, аммо 8 ёшли қизчанинг телеканал эфирида қилган ишини бутун мамлакат муҳокама қилмоқда. 21 июн куни эфирга берилган «Аёл ва эркак» кўрсатувида 8 ёшли қизалоқ билдирмай зўравонликка учраганда ишлатиладиган махсус жестни кўрсатди.

Бир қарашда оддий кадр

Биринчи телеканалида эфирга бериладиган бу ток-шоуда оилалардаги турли муаммолар ҳақида сўз боради. Кўрсатувнинг навбатдаги сонига таклиф этилган ёлғиз онанинг 8 ёшли қизи онаси ва синглисини қанчалик яхши кўришини айтиш асносида қўлини синглисининг орқасига ўтказиб камерага кўринадиган қилиб тўрт бармоғи билан бош бармоғини сиқди. Бу эса уйдаги зўравонлик ҳақида хабар берувчи халқаро жест ҳисобланади.

Вероника исмли қизалоқ бу айнан зўравонликдан хабар берадиган жест эканини билиш ёки билмаслиги аниқ эмас, аммо қизалоқ бу ҳаракатни бир неча марта амалга оширгани, камерага гўёки «буни кўряпсизларми?» деган кўйи қараб қўйгани қизалоқ айнан зўравонлик ҳақида хабар берганидан далолат.

Зукко қизалоқ

Қизчанинг бундай сигнал берганига биринчилардан бўлиб россиялик блогер Олег Кашин эътибор қаратди. «Аёл ва эркак» кўрсатувида қизча уйдаги зўравонлик ҳақида ҳабар берувчи жестни кўрсатди. Кучли ҳаракат», деб ёзди у. Кейинчалик бир муддат Украинадаги уруш мавзусидан чалғиган рус медиаси бу мавзуни таҳлил қила бошлади. Кўпчилик қизчанинг зукколигига эътибор қаратди.

Бу қандай жест ўзи?

Коронавирус пандемияси вақтида дунёнинг аксар мамлакатларида одамларнинг кўчага чиқиши ва жамоат жойларида ҳаракатланиши тақиқланди. Кўпчилик уйида қолишга мажбур бўлди ва оқибатда уйдаги зўравонлик ҳолатлари кўпайди. Ижтимоий фаоллар бундай вақтда зўравонликдан хабар бериш мақсадида айнан бош бармоқни қолган тўрт бармоқ билан сиқиш жестидан фойдаланиш кераклигини тарғиб қилишди.

Аввалига Канада аёллар фонди ўйлаб топган бу жест кейинчалик бошқа ташкилотлар қўллаганидан кейин халқаро уйдаги зўравонликдан хабар берувчи жестга айланиб кетди. Жест асосчиларининг айтишича, бу агрессорга билдирмай ва ҳеч қандай изсиз хабар бериш учун жуда қулай сигнал ҳисобланади.

Бу жест шунчалик оммалашиб кетдики, унинг ёрдамида жуда кўп аёллар оиласидаги зўравонлик ҳақида сездирмай хабар бериб, зўравонликдан қутулди. Бундай жестга дуч келган фаоллардан ўша оилага бориш, имкон бўлмаса бошқа каналлар орқали оиладаги вазиятни суриштириш сўралди.

Жабрдийда аёл ҳақида кўрсатув

Вероника «Биринчи» канал эфирида зўравонлик сигналини берганига бир ҳафта давомида деярли ҳеч ким эътибор бермади. Кўрсатув 21 июн куни эфирга берилган, зўравонлик сигнали ҳақида постлар эса 29 июнга бориб пайдо бўла бошлади.  

Карен Тунян ва Кристина Божова Биринчи канал студиясида.

Қизиғи, кўрсатувнинг ўша сонида зўравонлик ҳақида сигнал берган Верониканинг онаси Кристина Боржова собиқ эри Карен Туняндан калтак егани ҳақида гапириб берган. Яъни, кўрсатув кейинчалик зўравонлик ҳақида хабар берган қизчанинг онаси уйдаги зўравонликдан жабр кўргани ҳақида бўлган.

Тергов қўмитаси суриштирув ўтказади

Воқеа шу қадар шов-шувли тус олдики, Россия Тергов қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди. Қўмита раиси Александр Бастрикин Владимир области тергов бошқармасига ҳолатни суриштириш ҳақида буйруқ берган.

Кўрсатув бошловчиси Юлия Барановскаянинг айтишича, қизча бундай жест кўрсатганига Биринчи канал муҳаррирлари ҳам эътибор қаратган, аммо «фақатгина қизчани ўйлаб» бу жест студияда муҳокама қилинмаган. Кўрсатувнинг Telegram-каналида бу ҳақда 21 июн куни прокуратурага хабар берилгани ҳақида хабар пайдо бўлиб, ўша санада имзоланган хат сурати эълон қилинди.

Федерал даражада суриштирув бошланди

Верониканинг зўравонлик ҳақида сигнал бергани энди Россияда федерал даражада ўрганиладиган бўлди. Владимир Путин билан бирга Халқаро жиноят суди томонидан қидирувга берилган бола ҳуқуқлари бўйича президент вакили Мария Лвова-Белова ҳолат юзасидан Россия ИИВ, прокуратура ва тегишли идораларга мурожаат қилди. Халқаро қидирувдаги Лвова-Белова раҳбарлик қиладиган ташкилот бу оиладаги мураккаб вазиятдан хабардорлигини маълум қилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раисининг ўринбосари Ирина Киркова қизчанинг ҳаракати «аниқ тактика ва қатъият билан» амалга оширилгани, бу суриштирув ўтказиш учун жиддий сабаблигини айтган. Рус нашрларининг ёзишича, оилада вазият чиндан мураккаб бўлган. Аёлнинг кичик қизига ота бўлган эри у боласини кўрсатмаётганидан нолиб ариза ҳам ёзган.

1 июл куни Россия болалар омбудсмани ҳолат бўйича текширув бошлаганини маълум қилиб, бу оиладаги вазиятни 2020 йилдан буён кузатиб келаётганини қўшимча қилган.

КП нашри билан суҳбатлашган Москва области болалар омбудсмани Ксения Мишонова шундай деди: «Мен-ку бу жест нимани англатишини биламан. Аммо оилалардаги кўпчилик болалар билишига ишончим комил эмас».

Энди журналистларнинг сўровига кўра вазиятни жест бўйича махсус мутахассис ўрганади. Масалан, МК нашри билан суҳбатлашган физиогномистнинг айтишича, видеода Вероника чиндан ёрдам беришларини сўраган. Суҳбатдош ёлғон гапираётганини аниқлаш билан шуғалланувчи мутахассис – профайлернинг «Известия» нашрига маълум қилишича, қизалоқ хафалиги билдириш ёки нима учундир қасос олиш мақсадида шундай қилган бўлиши ҳам мумкин.

Қизчалар ким билан яшаган?

Baza нашрининг ёзишича, Вероника ва синглиси охирги йилларда онаси Кристина ҳамда унинг дўсти (эри эмас) билан бирга яшаб келишган. Охирги йилларда Кристина собиқ эри Карен билан кўп жанжаллашган. Baza шундай жанжаллардан бири кўрсатилган видео ҳам эълон қилди. Собиқ эр-хотинлар Верониканинг кичик синглисига васийлик борасида келиша олишмайди. Аёлнинг катта қизи Вероника эса бошқа эркакдан.

Опа-сингил Вероника ва Милана

Baza'га маълум бўлишича, бу оила ҳақида Владимир областидаги бола ҳуқуқлари бўйича масъуллар чиндан маълумотга эга бўлган. Гап шундаки, бир неча йил аввал Вероника онаси билан касалхонада ётган вақтида шифокорлар аёл боласига жуда кўпол муомалада бўлаётганидан хабар топган. Шундан сўнг тегишли ташкилотга мурожаат қилишган.

«Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани, қизчага онаси томонидан жисмоний ва руҳий зўравонликни ифодалай оладиган даражада қўпол муомала қилингани аниқланди», дейилади ўша аризадан кейин касалхонада ўтказилган текширув хулосасида.

Кристинани таниган васийлик ташкилоти ходимлари унинг ҳаракатларини «ғалати» деб баҳолаган ва аёл руҳий соғлом бўлмаганини тахмин қилишган. Аёлнинг собиқ эрига кўра, у ҳеч қаерда ишламайди ва алимент ҳисобига яшайди.

Мавзуга оид