WP: Киевда МРБ раҳбарига қарши ҳужумдан кейин Россияга сулҳ таклиф қилинишини айтишди
Июн ойида Украинага махфий ташрифи чоғида МРБ директори Уилям Бёрнсга Киев томонидан амбицияли режани тақдим этишган: Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудларни қайтариш ва йил охиригача Москва билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлаш. Бу ҳақда Американинг Washington Post нашри аноним манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатди.
Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс июн ойи охирида Украинага келиб, разведкачи ҳамкасблари ҳамда президент Володимир Зеленский билан учрашгани тўғрисида бошқа нуфузли нашрлар ҳам шахси сир сақланишини истаган манбаларига таянган ҳолда хабар берганди.
Манбалар ташриф санасини аниқ келтирмаган, аммо бу Россияда Пригожиннинг 23 июн куни бошланган исёни арафасида рўй бергани қайд этилган.
Мақола чиқиши ортидан президент Зеленский Украина фақат барча ҳудудлари озод этилганидан кейингина Россия билан музокараларга тайёр бўлишини айтди. «Украина ҳақиқий чегараларимизга чиққанимиздан кейингина у ёки бу форматдаги дипломатияга тайёр бўлади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ бўлган ҳақиқий чегараларимизга», — дея Зеленскийдан иқтибос келтирган «РБК-Украина».
1 июлгача хабар қилинмаган Бёрнснинг сафари украин кучларининг қарши ҳужуми кетаётган, аммо мамлакат расмийлари айтишича, ҳали ғарб томонидан тайёрланган ва қуролланган асосий штурм бригадалари жангга ташланмаган маҳалга тўғри келди.
WP билан гаплашган мулозимлардан бирига кўра, ташрифдан мақсад Байден маъмурияти Украина ўзини ҳимоя қилиши учун бундан кейин ҳам разведка маълумотларини тақдим этишга «тайёрлигини тасдиқлаш» ҳисобланади.
Аввалроқ Байден маъмурияти Пригожиннинг нияти ҳақида июн ойи ўрталаридан буён хабардор бўлгани ҳақида разведка маълумотини Украина томонига етказганди. Аммо Washington Post манбасига кўра, Киевда Бёрнс бу мавзуни муҳокама қилмаган.
Киев омма олдида ўз қарши ҳужуми паст суръатларда кетаётгани танқидга учраётганидан ранжиётганини билдирса-да, украин ҳарбий стратеглари ўзаро суҳбатларда Бёрнс ва бошқаларга яхши кайфиятда эканликларини билдиришади, дея ёзади WP.
Газета маълумотларига кўра, Киев ғарблик ҳамкасбларига босиб олинган ҳудудларнинг салмоқли қисмини кузгача қайтариш; Россия томонидан назорат қилинаётган Қрим чегарасига артиллерия ва ракета комплексларини жойлаштириш; Украина шарқида илгарилаш; кейин Москва билан музокараларни бошлаш режалари билан ўртоқлашган - бу ўтган йил март ойида барбод бўлган тинчлик музокараларидан кейинги биринчиси бўлади. Бу ҳақда Washington Post нашрига режа билан таниш бўлан уч манба хабар берган.
«Россия фақат хавф остида қолганида музокараларга боради», — деган нашрга украиналик юқори мартабали мулозимлардан бири.
Газета журналистлари МРБга Бёрнс бу режаларнинг реаллигини қандай баҳолаши борасида сўров йўллаган, аммо жавоб бўлмаган.
Сўнгги ҳафталарда Запорижжя ва Донецк областларида кечаётган қарши ҳужумида украин армияси миналанган майдонлар ва кўп қаватли истеҳкомларга тўқнаш келмоқда, очиқ далалар эса украин қўшинини русларнинг авиа ва ракета зарбалари қаршисида ожиз аҳволда қолдирмоқда. Шу туфайли украинлар оғир йўқотишларга дуч келмоқда, дея ёзади WP.
Аммо Украина мудофаа вазири Олексий Резников яқинда қарши ҳужумнинг «асосий воқеалари» ҳали олдинда эканини айтди, мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони генерал Валерий Залужний эса сабрли бўлишга чақирди. У шунингдек жанг майдонида зарур бўлган ва ғарб ваъда қилган қуроллар ҳамда қирувчи самолётлар етказиб берилиши кечикаётганини эслатиб ўтган.
Washington Post ва AFP агентлиги манбалари МРБ директори Россиянинг бир йилдан ортиқ вақт муқаддам бошланган босқинидан буён Украинага «мунтазам» равишда ташриф буюриши ҳақидаги сўзларини келтирган.
Бундай сафарлардан бир нечтаси, одатда бўлиб ўтганидан кейин (постфактум) жамоатчиликка маълум бўлган. 2022 йил феврал ойи бошида у босқиннинг илк соатларида Россия Киев яқинига дестант тушириш ва кейин пойтахтга зарба бериш учун дастлаб Гостомелдаги аэродромга ҳужум қилиши ҳақидаги разведка маълумотини Украинага шахсан етказганди (бу режа барбод бўлади).
2022 йил ноябрида Бёрнс Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин билан Анқарада ўтказилган музокаралардан кейин Киевга келганди.
Якунланган ҳафта аввалида АҚШ Украинанинг қарши ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун зирҳли техникалар, бошқариладиган ўқ-дорилар ва миналардан тозалаш учун қурилмаларни ўз ичига олган 500 миллион долларлик янги пакетни эълон қилди.
Мавзуга оид
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024