Ўзбекистон | 13:19 / 04.07.2023
23878
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ислом молияси: қонунчиликдаги ўзгаришлар, ютуқ-камчиликлар ва таклифлар

Ўзбекистонда давлат раҳбари даражасида Ислом молиясини ривожлантириш йўлида ишлар қилинмоқда, аҳолида ҳам исломий банкларга эҳтиёж борлиги сезилиб турибди. Kun.uz билан суҳбатлашган мутахассислар исломий молиявий муассасалар фаолиятига доир ишлаб чиқилаётган қонунчилик юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда Ислом молияси бўйича мутахассислар етарли эмаслиги ҳамда уларни тайёрлаш бўйича тавсиялар айтилди.

Kun.uz мухбири – Ислом молияси бўйича AAOIFI сертификати соҳиби, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон ҳамда Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Ҳусайн Ражабов билан суҳбатлашди. Мутахассислар Ислом молия тизими ва унинг дунё иқтисодидаги ўрни, Ўзбекистонда Исломий банклар очиш, қонунчиликда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритади ва уларга ўз тавсияларини берди.

— Ўзбекистонда Ислом молиясининг даражаси қандай? Бу тизим ишлаб кетиши учун нималар тўсқинлик қиляпти ва қандай имкониятлар бор?

Ҳусайн Ражабов:

— Ислом молиясига Ўзбекистонда эҳтиёж борми, деган масалада сўровномалар ўтказилган. 2 мингдан ортиқ бизнес вакиллари, 5 мингдан ортиқ жисмоний шахслар иштирок этган ва натижага кўра, бизнес вакилларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг 56 фоизи ўз диний қарашлари туфайли анъанавий банкларга мурожаат қилмаслигини айтиб ўтган. Бу кичик рақам эмас. Кичик ва ўрта бизнес молиялаштиришга катта эҳтиёж сезади. Лекин юқорида айтганимиздек, кўпчилик диний қараши туфайли рибога асосланган давлат кредитларидан фойдаланмайди. Аҳолининг 15-20 фоизи анъанавий банклар тизимидан фойдаланмайди, бу эса исломий банкларга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Президентимиз ҳам Намангандаги учрашувда исломий молия тизимини қўллаб-қувватлаши ҳақида гапирди. Ҳукумат доирасида ҳам ислом молиясига эътибор борлигини кўриш мумкин. Сўровномалардаги исломий банклардан фойдаланасизми деган саволга 60-70 фоиз киши фойдаланишга тайёр эканлигини билдирган. Аҳолимизнинг аксар қисми мусулмон бўлган ҳолатда ислом молиясини жорий қилиш муҳим эканини кўриш мумкин.

Маҳмуд Усмон:

— Тор маънодаги банк фаолиятидаги ислом молияси нуқтаи назаридан Ўзбекистонда янги банк қонуни ишлаб чиқишга эҳтиёж бор. Ҳозирда қонун лойиҳаси бор, кўриб ҳам чиқдик. Умуман олганда, Ўзбекистонда ислом молиясига эҳтиёж бор. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани катта нарса. Лекин лойиҳага баъзи ўзгаришлар киритсак яхши бўлар эди деб ўйлайман.

Масалан, лицензия бериш масаласи бор. Исломий банк очиш, анъанавий банкда ислом молияси дарчаси очиш ва анъанавий банкларда исломий шартномалар тузиш масаласида лицензия берилади. Бу лицензияни Марказий банк бериши айтилган, лекин ислом молиясида дин билан боғлиқ қисмлар ҳам бор. Яъни лицензия беришда Марказий банкда исломий қоидаларга тўғри келганликни баҳолайдиган кадрлар, меъёрлар борми, деган масала ҳам бор. Яъни мутахассислар керак бўлади буни баҳолаш учун. Бу вазиятда лицензия бериш фақат Марказий банкнинг иши эмас, балки шаръий кенгашни жалб қилиш керак бўлади.

Ҳусайн Ражабов:

— Ислом банкларига лицензия бериш масаласида икки хил шакл бор дунёда. Биринчиси, Марказий банк таркибида шаърий кенгашлар ташкил этиш, иккинчиси эса марказлашмаган шаръий кенгашлар. Қозоғистон, Қирғизистон, Британияда ҳам марказлашмаган шаръий кенгашлар фаолият юритади. Бизда Марказий банкнинг салоҳияти етадими шаръий томондан лицензия беришга, деган масала тўғри қўйиляпти.

Маҳмуд Усмон:

— Қонунчиликда кўриб чиқиш керак бўлган яна бир нарса бор. Қонун лойиҳасида банкнинг ўзи тузган шаръий кенгаш Марказий банк томонидан тасдиқланиши керак, деб белгилаб қўйилган. Банклар акциядорлик жамияти ҳисобланади ва ўз кенгаши, мустақил қарор қабул қилиш нуқталари бор. Шу жиҳатдан олганда, бу масалани ўйлаб кўриш керак бўлади. Яъни Марказий банк томонидан тасдиқланиш кооператив бошқарувга халақит беради. Агар анъанавий банклар кузатув кенгашларини тасдиқлаши шарт бўлмай, исломий банклар тасдиқлатиши керак бўладиган бўлса, бу ерда тенглик бўлмайди. Дискриминация пайдо қилгандек кўринади. Иккинчидан, банкнинг мустақил фаолият олиб боришига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, банклар ташқаридан мутахассислар жалб қилиши мумкин, чунки Ўзбекистонда ислом молияси бўйича мутахассислар етарли эмас. Биздаги исломдан таълим берувчи олийгоҳларда бу соҳадан дарс берилмайди. Дейлик, 10 та банк ислом молияси дарчаси очса, шаръий кенгашда камида 3 та аъзо бўлиши кераклиги белгиланган ҳолатда мутахассислар тополмай қолади. Чет эллик мутахассисларни Марказий банкдан тасдиқлатиш хам қўшимча бюрократик тўсиқ бўлиши мумкин.

Ислом молиясини содда қилиб тушунтирсак, тақиқланмаган унсурлар бўлмаган анъанавий молия бу. Ислом қоидаларига кўра, тақиқланмагани исботланмаган нарса ҳалол саналади, яъни ҳалоллиги исботланган нарса эмас, балки ҳалол эмаслиги исботланмаган нарса ҳалол бўлади. Молиявий муносабатларда ҳам шундай. Шунга кўра, шахслар ўртасидаги транзакциялар ҳалол ҳисобланади тақиқланган элементлар борлиги исботланмагунча. Масалан, рибо, ғарар бўлган молиявий жараёнлар ҳаромдир. Агар ислом банки транзакциялар бўйича қоида ишлаб чиқиши керак бўлса, у қоидаларни шаръий кенгаш ишлаб чиқадими ёки Марказий банк ва бошқа ташкилотлар ишлаб чиқадими, деган масала бор.

Қонун лойиҳасида муробаҳага рухсат бериш бор, бу яхши. Бу дегани исломий банк бирор товарни олиб яна сотади. Бу ҳолатда банкнинг мақсади эгалик қилиш эмас, сотиш бўлгани учун солиқларда имтиёз берилиши ҳам кўзда тутилган. Жудаям яхши нарса бу. Лекин сотиб олган пайтда банкларга жавобгарлик ҳуқуқи ҳам кўчади. Мана шу кўчиш қай тарзда бўлишини, қонун ёки қонуности ҳужжатларида белгиланишини ҳам аниқлаштириб олиш керак.

Қонун лойиҳасида исломий банк деган ном берилиши учун банкда лицензия бўлиши кераклиги белгиланган. Чунки бизда ҳозир лицензиясиз бўлиб туриб, ўзини исломий фаолият юритаётганини таъкидлайдиган муассасалар кўпайиб кетди. Бу эса мижозларни алдашдек гап.

Ҳусайн Ражабов:

— Дунё тажрибасида ислом молиясини жорий қилишда икки хил шакл бор: биринчиси ислом молияси учун алоҳида қонун ишлаб чиқиш, иккинчиси амалдаги қонунларга қўшимча ёки ўзгартириш киритиш. Ўзбекистон қонунчилигида кенг маънодаги исломий молия учун имконият, хуқуқий асос бор. Яъни шартномалар эркинлиги тамойили бор. Лекин исломий банклар учун қонунда тўсқинликлар бор. Яъни банклар тўғрисидаги қонунда банкларга савдо билан шуғулланиш тақиқланган. Ислом банклари фаолияти эса тижоратга асосланади. Янги қонун лойиҳасида исломий банкларга савдо фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилмоқда. Бу ўринда қўшимча солиққа тортиш масаласи бор, шунинг учун солиқ бўйича маълум имтиёзлар берилмоқда.

— Ўзбекистонда исломий молияга тўла рухсат берилса, ташкилотлар очилади, банклар фаолият бошлайди. Ўз-ўзидан кадрлар масаласи юзага чиқади бунда. Ўзбекистонда бу масалада вазият қандай?

Маҳмуд Усмон:

— Ислом молиясида иштирок этувчи кадрларни бирламчи ва иккиламчи кадрларга бўлиш мумкин бўлади. Бирламчи кадрлар ислом молиясини бошқариш ва асосий масалаларга масъул бўлган кадрлар ҳисобланади. Бундай кадрлар ислом ҳуқуқидан билимга эга бўлган мутахассислар бўлиши керак. Жаҳон тажрибасида ҳам қарор қабул қилувчи мутахассислар шаръий билимга эга бўлган мутахассислардир. Мутахассислар етиштириш бўйича диний таълим берувчи муассасаларда бўлимлар очиш керак, кафедралар ташкил этиш керак бўлади, бу — энг яхши ечим. Бундан ташқари, иқтисод бўйича ОТМда ҳам ислом молиясига оид бўлимлар очиш керак бўлади. Банк билан боғлиқ бўлган масалалар мураккаб бўлгани учун мутахассис ҳам фиқҳий, ҳам иқтисодий масалаларда таълим олган бўлиши керак. Лекин тўғри йўли диний таълим берувчи олийгоҳларда ислом молияси йўналишини очиш бўлади, чунки фиқҳий билими кучли бўлган мутахассислар янги масала пайдо бўлганда тўғри фатво чиқара олади.

Ислом молияси бўйича дарс берувчи факультетлар ёки институтлар, муассасалар ташкил этиш ҳам керак бўлади. Мутахассисларимиз чет элда таълим олиб келишидан, шу ерда таълим олиши, семирнарларда қатнашиши арзонроқ бўлади. Бундан ташқари, ислом молияси тўғрисида суҳбатлар, тушунтиришлар олиб бориш ҳам керак, одамларда тушунча пайдо бўлиши лозим.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов.

Ушбу мақола ва видеоматериал Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Мавзуга оид