Ўзбекистон | 19:09 / 04.07.2023
12509
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда машина олиб қочишда гумонланган “мойкачи”ни тўхтатиш учун қурол қўлланди

Ҳодиса 3 июль куни “Янги Ўзбекистон боғи” атрофида содир бўлган. Қонунбузар процессуал тартибда ушланган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Теlegram-каналларда ювиш учун қолдирилган Gentra мойкачи томонидан олиб қочилгани, ЙПХ ходимлари уни топишганда қочиб кетишга урингани, гумонланувчини ушлаш учун жанговар қуролдан ўқ узилгани акс этган видео тарқалди. Хабарга илова қилинган суратда олиб қочилган машина бошқа бир Gentra’га урилиб тўхтагани кўринади.

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, ҳодиса 3 июль куни рўй берган. Миробод тумани Қўйлиқ-4 мавзесида жойлашган автомобиль ювиш шохобчасининг 25 яшар ишчиси Муҳаммад Абдураҳимов ювиб бериш учун ўзига ишониб топширилган Gentra русумли давлат рақам белгиси 01Y758BC бўлган автомашинани олиб қочади.

Расмий хабарда келтирилишича, транспорт воситасини олиб қочган шахсни ушлаш мақсадида Тошкент шаҳрида махсус режа амалга оширилган. Гумонланувчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, транспорт воситасини катта тезликда бошқарган ва светофорнинг тақиқловчи чироғига ҳамда йўл-патруль хизмати инспекторларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаган.

Соат 09:45 ларда Махтумқули кўчасидаги чорраҳада Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторлари томонидан йўл тўсилиб, олиб қочилган транспорт воситасини тўхтатиш чоралари кўрилган. Бироқ гумонланувчи ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмай, тўхташдан бош тортган ҳамда йўлда қарама-қарши ҳаракатланган. Натижада 3 та автомашинага қасддан техник шикаст етказган. Таъкидланишича, таъқибдан қочишга уринган “мойкачи” Gentra’ни тўғри ЙПХ ходимларининг устига ҳайдаган.

“Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, автомашинани олиб қочган шахс Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ушланган. Жиноят содир этган шахсни ушлаш жараёнида бошқа оғирроқ оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни талаблари асосида ИИО ходимлари ўзларига бириктирилган ўқотар қуролни қўллаган. Қуролни қўллаш жараёнида ҳеч кимга шикаст етмаган, дейилади баёнотда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Мавзуга оид