Жамият | 18:55 / 05.07.2023
22806
5 дақиқада ўқилади

Болам зўравонликка учрамасин десангиз… Ота-оналар учун кўрсатмалар

Болаларга нисбатан зўравонлик жамиятдаги жиддий муаммолардан бири бўлиб турибди. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, дунёда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар 10 боладан 6 нафари ҳар куни жисмоний зўравонликка учрайди. Ҳар 5 дақиқада бир нафар бола зўравонликдан вафот этади. Бу рақамлар эса мунтазам ўзгариб туради.

Фото: Kun.uz

Бола ўзи қандай зўравонликларга дуч келиши мумкин? Ота-оналар фарзандлари зўравонлар қўлига тушиб қолмаслиги учун уларга нималарни ўргатиши ва билиши лозим? Kun.uz бу борада маълумотларни бир саҳифага жамлади.

Болалар қандай зўравонликларга дуч келади?

Жисмоний зўравонлик: бу уриш, тепиш ёки силкитиш каби зарар ёки шикаст етказадиган жисмоний куч ишлатишни ўз ичига олади.

Жинсий зўравонлик: болага нисбатан жинсий эксплуатация ёки ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай шаклини – зўрлаш, порнография ёки жинсий таҳқирлаш каби ҳаракатларни ўз ичига олади.

Ҳиссий зўравонлик: ҳиссий зўравонлик боланинг ўзини ўзи қадрлаши, шахсий ривожланишига путур етказадиган хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади. Бу доимий танқид, таҳқирлаш ёки камситиш тарзида бўлади.

Эътиборсизлик: боланинг асосий эҳтиёжларини, жумладан, озиқ-овқати, бошпанаси, соғлиги, таълими ва руҳий қўллаб-қувватланишини таъминламасликни англатади.

Онлайн зўравонлик: бугунги кунда дунё бўйлаб болалар онлайн тарзда зўравонликларга ҳам учрамоқда. Улар билан виртуал тарзда муносабатларга киришиш, шахсий суратларини, маълумотларини олиб, шу орқали қўрқитиш тобора кўпайиб боряпти.

Фарзандингизга нисбатан зўравонлик содир бўлганини қандай билиш мумкин?

Болалар зўравонликнинг ҳар қандай турига учраганда зийрак ота-она буни сеза олади. Болада бунинг белги ва аломатларини кўриш мумкин. Масалан болангизда хатти-ҳаракатларнинг ўзгариши, кайфиятнинг кескин тушиб кетиши, давралардан ўзини олиб қочиш, қўрқув, жисмоний жароҳатлар ёки шуғулланаётган ишидан сабабсиз воз кечиш кузатилиши мумкин. Ана шундай ҳолатларда билингки, болага сизнинг ёрдамингиз керак.

Болаларга ушбу зўравонликларга дуч келганда ўзини қандай тутиш, зўравонни енгиш, ўзини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлар беришга одатланишимиз лозим. Чунки ота-она – боланинг биринчи ҳимоячиси ва суянгани ҳисобланади. Шунинг учун бу борада ҳар бир ота-онада билим ва тушунча бўлиши шарт.

Улар ўз болаларига шахсий чегаралар, ўз-ўзини ҳурмат қилиш ва хавфсиз хатти-ҳаракатлар ҳақида ўргатишлари, болалар дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай ташвиш ёки ноқулай вазиятларни муҳокама қилишга шароит яратишлари лозим.

Ота-оналар ва тарбиячилар учун тавсиялар:

Очиқ мулоқот: болалар ўз тажрибалари, ташвишлари ва саволлари ҳақида гапиришлари мумкин бўлган хавфсиз ва очиқ муҳитни яратинг. Фарзандингиз билан бу ҳақида гаплашишдан уялманг, улар ҳам уялмасликлари учун имкон беринг.

Суҳбат давомида улар сизнинг ҳукмингиздан қўрқмасдан ўзларини ифода этишга ўргансин. Яъни бақириб кетманг, дарғазаб бўлманг, болани ҳис қилишга урининг, меҳрингизни кўрсатинг (бошини силаб, қўлини ушлаб эшитинг).

Ёшга мос таълим: шахсий хавфсизлик бўйича боланинг ёшига мос таълим бериш, жумладан, боланинг танасига номақбул тегинишлар ва ноқулай ёки хавфли вазиятларга "йўқ" дейишнинг аҳамияти ҳақида ўргатиш керак.

Ишончли катталар: Болаларга ўзларини ноқулай ёки хавфли ҳис қилганда, ота-оналар, ўқитувчилар ёки маслаҳатчиларни билиш ва уларга ишониш муҳимлигини ўргатинг. Бола ҳар қандай ёмон ҳодиса ёки ташвишга учраганда бунга нисбатан чора кўра оладиган одам борлигини билсин ва айта олсин.

Интернет хавфсизлиги: болаларга онлайн хавфсизлик, жумладан, интернетда шахсий маълумотларни бериш хавфи, махфийлик созламаларининг аҳамияти ва нотаниш одамлар билан мулоқот қилишнинг ёмон тарафлари ҳақида маълумот беринг.

Ўзига ишонч: болаларда ўз-ўзини ҳурмат қилиш, қатъиятлилик ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларга хавфли вазиятларни тан олиш ва тўғри жавоб бериш имконини беради.

Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш жамият масъулияти эканини унутмайлик. Фарзандларимизни бундан хабардор қилиш, жабрланганларни қўллаб-қувватлаш орқали биз болалар учун хавфсизроқ ва ҳимояланган муҳит яратишимиз лозим.

Агар сиз болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан шубҳалансангиз ёки гувоҳ бўлсангиз, бу ҳақда тегишли ташкилотларга хабар беринг ёки жамоатчилик назоратидан фойдаланинг. Унутманг, бу сизнинг, бизнинг фарзандимиз бўлиши мумкин.

Мавзуга оид