Жаҳон | 09:23 / 05.07.2023
11636
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Пригожинга исёндан кейин олиб қўйилган 10 млрд рубл қайтарилди

«Фонтанка» газетасининг ёзишича, «Вагнер» ХҲК раҳбарининг ҳайдовчиси ишончномани кўрсатиб, пулни олиб кетган. 

Фото: ERR

«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожинга қуролли исён бўйича тергов доирасида Санкт-Петербургдаги тинтув чоғида қутиларда топилган 10 миллиард рубл қайтарилди. 4 июль, сешанба куни бир қатор рус тилидаги ОАВ ва Telegram-каналлари, хусусан, «Фонтанка» интернет нашри бу ҳақда ёзмоқда. 

«Шу билан бирга, дастлабки маълумотларга кўра, тадбиркор дам олиш кунлари Москвада бўлиб, у ерда бир неча йиғилишларда қатнашган. Евгений Пригожин ўрнига унинг ҳайдовчиси расмий ишончнома билан келиб, миллиардлаб пулларни олиб кетган», - деб ёзади газета.

Журналистларнинг эслатишича, тинтувлар куни Пригожиннинг ўзи ҳам пулга алоқаси борлигини инкор этмаган. Унинг баёнотига кўра, бу миқдор «Вагнер» ХҲК жангчиларининг маошлари ва қурбонларнинг яқинларига тўловлар учун тайёрланган.

Шу билан бирга, «Подъем» онлайн-нашрининг хабар беришича, Ростов-Дон ҳокимияти «Вагнер» ХҲКдан 90 миллион рубл миқдоридаги зарарни ундиришдан бош тортишга қарор қилган. Ростов мэрияси журналистларнинг сўровига жавобан таъмирлаш учун маблағ шаҳар бюджетидан ажратилишини тушунтирди. 

Мавзуга оид