Трендда “мойка”чилар. Оҳангаронда Tracker олиб қочилган
Куни кеча Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида автоювиш шохобчалари ишчилари мижозларнинг автомобилларини ҳайдаб, ЙТҲ содир этганди. Kun.uz'га маълум бўлишича, шундай ҳолат Оҳангаронда ҳам рўй берган. Лекин у ердаги ҳуқуқбузар 1 ойдан бери топилмаяпти.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи Шаҳзод Мусаев Kun.uz'га мурожаат қилиб, 2023 йил 30 май куни машинаси автомобил ювиш шохобчаси ишчиси О.Й. томонидан олиб қочилгани ва у йўл-транспорт ҳодисаси содир этганини маълум қилди.
Мусаевнинг айтишича, у бошқарувидаги Traсker-2 машинасини ювдириш учун Оҳангарондаги автоювиш шохобчасида қолдирган. Бир муддат ўтгач, унинг танишлари машинасини бегона шахс бошқариб, хавфли ҳаракатлар қилиб авария содир этганини хабар қилишади.
“Танишларимнинг гапига ишонмай, "мойка"га етиб бордим. Машина жойида йўқ экан. Уч-тўрт километр нарида машинамни ағдарилиб ётган ҳолатда топдим. Ўша заҳоти ички ишлар идорасига қўнғироқ қилиб, машинам шохобча ишчиси томонидан олиб қочилгани, натижада "авария" содир бўлганини айтдим. ЙПХ ходимлари келиб ҳолатни ўрганди ва машинамни жарима майдончасига олиб кетишди.
Ҳозирги вақтда машинамни олиб қочиб, авария содир қилган О.Й. қочиб кетган. Унга ҳеч ким чора кўрмаяпти. Қаердалиги ҳам номаълум.
Ўзим ўртоқларим билан мустақил тарзда "мойка"чи йигитни изладик. Эшитишимча, у Тошкент шаҳридаги қайсидир заводда ишлаб юрган экан.
Бир неча марта ички ишлар идораларига, президент порталига ариза билан мурожаат қилдим. Бироқ ҳеч қандай ҳаракат, натижа йўқ”, – дейди Шаҳзод Мусаев.
Жабрланувчи ҳолат бўйича ички ишлар идораларида маъмурий ёки жиноий иш очилган-очилмаганини ҳам билмайди. Етказилган зарар ҳақида ҳам гап-сўз йўқ.
“Наҳотки, бир ойдан ошиқ вақт ўтибдики, машинамни розилигимсиз бошқариб, менга катта моддий зарар етказган шахсни топишнинг иложи йўқ? Ахир унинг шахси, доимий яшаш манзили ички ишлар идораларига маълум-ку”, – дейди Мусаев.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш ҳолатлар аввалроқ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳам рўй берганди.
3 июл куни Тошкентда автоювиш шохобчаси ишчиси мижознинг Gentra автомобилини ҳайдаб кетиб, ЙПХ ходимларидан қочган, ходимлар уни тўхтатиш учун қуролдан ўқ узган, ҳайдовчи машинани бошқа бир Gentra'га бориб урганча тўхтаган эди.
Самарқанд шаҳрида эса 24 июн куни автоювиш шохобчаси ишчиси мижознинг Hyundai Santafe автомобилини ўзбошимчалик билан бошқариб, Epica ва Lacetti автомобиллари билан тўқнашганди.
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
08:12
Тошкентда учта автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
11:25 / 23.12.2024
Хитойда 2024 йилнинг энг яхши автомобиллари эълон қилинди
10:56 / 22.12.2024