Жамият | 17:26 / 05.07.2023
11461
2 дақиқада ўқилади

ХДП: Халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш таклиф этилди

Фото: Халқ демократик партияси

5 июль куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг Тошкент шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашувда сайловолди дастури билан яқиндан таништириш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Номзоднинг дастурида мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилган. Хусусан, давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий шериклик асосида хизмат кўрсатишга ўтиш ташаббуси ўрин олган.

Шунингдек, номзод дастуридан давлат инсоннинг асосий, табиий ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлаши ва кафолатлаши юзасидан ташаббуслар ўрин олган. Жумладан, одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Сайловчилар билан учрашувда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, соҳавий назорат органлари (инспекциялар) фаолиятини кучайтириш, уларга вазирликларнинг субъектив таъсирини камайтириш, шунингдек, соҳавий бирлаштириш ҳамда техник хавфсизлик, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида назорат инспекцияларини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу ташаббуслар жамиятда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши қайд этилди.

Халқ демократик партияси матбуот хизмати

Мавзуга оид