Ўзбекистон | 22:02 / 05.07.2023
16848
2 дақиқада ўқилади

“Яшил макон”: 2 млн туп кўчат қўшиб ёзилган, 7,3 млн туп кўчат суғорилмайдиган жойга экилган

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов “Яшил макон” лойиҳаси бўйича мониторингда аниқланган камчиликлар ҳақида маълумот берди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Унинг Қонунчилик палатаси мажлисида айтишича, экилмаган кўчатларни экилди деб ҳисоботга ёзиш ҳолатлари кузатилган. Республика бўйича жами 2 миллиондан ортиқ кўчат экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзилган.

“Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп кўчат қўшиб ёзилгани аниқланган”, – деди вазир.

Маълум бўлишича, 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар белгиланмаган. Бу борадаги энг ачинарли аҳвол Фарғона вилоятида. У ерда 415 минг туп кўчатга ҳеч қандай масъул белгиланмаган. Тошкент вилоятида 355 мингта, Сурхондарёда 331 мингта, Бухорода 146 мингта, Қорақалпоғистонда 136 мингта экилган дарахт эътиборсиз қолдирилган.

Бундан ташқари, 7,3 миллион туп кўчат суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилгани ойдинлашди.

“Шунча кўчат парваришлаб, дарахтга айлантириш имконияти бўлмаган жойларга экилган. Жумладан, Навоий вилоятида 3 миллион туп, Тошкент вилоятида 2 миллионта, Сурхондарёда 404 мингта, Хоразмда 338 мингта, Қашқадарёда 336 минг туп дарахт умуман суғориш имконияти бўлмаган жойларга экилган”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Экология вазирига кўра, кўплаб ҳолатларда дарахт ва буталарни экишда уларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келиш-келмаслигига эътибор берилмаган. Жанубий ҳудудларда ўсувчи буталар шимолий ҳудудларга, шимолий ҳудудларда ўсувчи дарахтлар эса жанубий ҳудудларда экилган.

Азиз Абдуҳакимов экилган кўчатларни суғориш ва парваришлаш чораларини кўриш юзасидан масъулларга 10 961 та мажбурий кўрсатма берилгани, талабларни бажармаган 753 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан жами 1 миллиард 156 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланганини маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича, бу мониторинг тадбирларида дронлардан самарали фойдаланмоқда.

Мавзуга оид