Ўзбекистон | 08:19 / 06.07.2023
4006
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан жорий йил бошида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш жадвали, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди.

Фото: Dunyo

Миллий марказ матбуот хизмати маълумотига кўра, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йил давомида «Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба» мавзусида ўқув курсларини ўтказиш режаси ҳам тасдиқланди.

Режага мувофиқ, онлайн ва офлайн шаклдаги ўқув курслари Фарғона вилоятида – 22-23 февраль, Бухоро вилоятида – 29-30 март, Тошкент вилоятида – 18-19 апрель, Сурхондарё вилоятида – 17-18 май,  Андижон вилоятида – 20-21 июнь, Наманган вилоятида – 22-23 июнь кунлари ўтказилди.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида мамлакат ҳудудларининг ярмини қамраб олган ана шу машғулотларга миллий ва халқаро экспертлар жалб қилинди. 

Ҳар бир ҳудуддан 50 нафар – ички ишлар тизими ва 10 нафар – прокуратура тизими ходими тингловчи сифатида иштирок этди. Натижада терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 350 нафар ходими қийноққа солишга қарши курашиш борасидаги халқаро амалиёт ва миллий тажриба бўйича ўз билимларини ошириши таъминланди.

Машғулотларда Миллий марказ, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан қатнашди.

Ўқув курслари якунида тест синовлари ўтказилди. Синовларни муваффақиятли топширган тингловчиларга Миллий марказ номидан сертификатлар топширилди.

Мавзуга оид