Ёзда амалга ошиб бўлган 20 асосий трансфер. Рўйхатда – уч нафар жаҳон чемпиони
Июн ойидаги энг йирик харидни «Реал» амалга оширди. Аммо ўтган ойнинг асосий трансферлари фақатгина суперклублар иштирокида кечмади.
Ёзнинг биринчи ойи ортда қолди ва аллақачон қатор жиддий трансферлар рўй берди. Масалан, Лионел Месси ва Карим Бензема Европадан кетди, «Реал» эса 103 млн евролик трансферга қўл урди. Қуйида сўнгги ҳафталарда рўй берган Европа футболидаги асосий трансферлар келтирилади.
Карим Бензема: «Реал» → «Ал-Иттиҳод» (эркин агент)
Ҳозирги «Реал»ни Бенземасиз тасаввур қилиш қийин. Француз ҳужумчиси Мадридда 14 йил ўйнади ва мухлислар қалбидан жой эгаллади. Каримнинг ўзи Саудия Арабистонига кўчиб ўтганидан кейин ҳамиша мусулмон мамлакатда яшашни истагани ҳақида гапирди. Унинг «Ал-Иттиҳод»даги тақдимотига 60 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюради. Албатта, бу трансферда пул масаласи ҳам ўз ўрнига эга эди. Нима бўлганда ҳам, Бензема тижорат шартномалари ҳисобга олинганда, бир мавсум учун 100 млн евро олади. Бундай таклифга йўқ дейиш қийин эди. Ўзининг кетиши билан Бензема анчадан трансферларда фаоллик кўрсатмай келган «Реал»да трансфер инқилобини бошлаб берди.
Лионел Месси: «ПСЖ» → «Интер Майами» (эркин агент)
Ўтган йилда Месси азалий орзусига эришди — ниҳоят жаҳон чемпионига айланди. Мавсум якунида эса шартномаси муддати якунлангани муносабати билан «ПСЖ»ни тарк этди. Афтидан, Америка клуби юлдузли футболчи келгани муносабати билан даромадларини сезиларли даражада оширади. Мессининг янги жамоасидаги дебюти 21 июлга белгиланган, бу ўйин чипталари нархи эса НБА финал серияси учун чипталар нархидан қимматроқ. Бундан ташқари, аргентиналик футболчининг келиши «Интер Майами»нинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сонини кескин кўпайтиради. Футболчининг ўзи аввалига бошқа вариантларни кўриб чиққанини (уни ҳам Саудия Арабистонига чақиришганди), аммо якунда Штатларга ўтишни маъқул кўрганини тан олди.
«Интер Майами» президенти Хорхе Мас трансфер тафсилотларини сўзлаб берди: «Лео шартнома бўйича йилига 46 млн евродан 55 млн еврогача олади.
Бундай даражадаги футболчи билан музокаралар олиб бориш учун жуда кўп вақт сарфладик. Мен ҳамиша унинг отаси Хорхе билан алоқада бўлиб турдим. Дэвид Бекҳэм (клуб эгаларидан бири) профессионал футболчи бўлгани учун Лео билан фақат футбол мавзусидаги суҳбатлар ўтказди. Ҳеч ким Мессига босим ўтказишни истамади, шунинг учун биз у билан Барселонада ҳам, Майамида ҳам, шунингдек, Росарио ва Доҳада гаплашдик. Бутун жаҳон чемпионати давомида мен Аргентина миллий жамоаси ва Мессининг ўйинларини диққат билан кузатиб бордим. Apple билан шартнома Лео билан шартнома тузишда муҳим рол ўйнади».
Жуд Беллингем: «Боруссия» Дортмунд → «Реал» (103 млн евро)
Ёзнинг биринчи ойи учун рекорд даражадаги келишув — Беллингем трансфери учун «Реал» 100 млн евродан ортиқ пул сарфлади. Футболчининг ўзи Мадрид клубини пул учун танламаганини айтди. Ушбу трансфер пойгасидаги асосий иштирокчилардан бири «Ливерпул» бўлганди, аммо, Жуднинг сўзларига кўра, Чемпионлар лигасининг ўтган йилги финали («Реал» ўшанда — 1:0 ҳисобида ғолиб бўлганди) унинг танловида кўп нарсани ҳал қилган, у энди Европанинг энг яхши клубида эканини айтди.
Клублар ўртасидаги келишувда бонуслар ҳам кўзда тутилган — «Боруссия» бу трансфердан жами 133,4 млн евро ишлаб олиши мумкин. Шу тариқа, Беллингем тарихдаги энг қимматбаҳо англиялик футболчига айланади. Трансфер учун катта сумма тўланмоқда, аммо ундан умид ҳам шунга яраша. Қолаверса, Беллингем Мадридда ўз вақтида Зинедин Зиданга тегишли бўлган бешинчи рақамни олди.
Илкай Гундўған: «Манчестер Сити» → «Барселона» (эркин агент)
Бу Пеп Гвардиола футболчини сақлаб қолишни истаган, аммо у бошқа жамоа фойдасига қарор қабул қилган уникал ҳолатлардан бири. Гундўған «Барса»га эркин агент ва Чемпионлар лигаси ғолиби сифатида ташриф бюурди. «Манчестер Сити» каталонияликлардан кўпроқ пул таклиф қилиб ҳам сардорини сақлаб қололмади. Англия клуби Гундўғанга «1+1» схемасида янги шартнома таклиф этганди, Илкай эса «Барса» билан кейинроқ яна бир йилга узайтириш шарти билан икки йиллик шартнома имзолади. Қолаверса, Гундўғаннинг рафиқаси Англия ёки Саудия Арабистонида эмас, Каталонияда яшашни истади.
Дарвоқе, германиялик футболчи «Барса» уни Ла Лиганинг 1-турига қадар заявка қила олмаслиги вариантини ҳам ҳисобга олган. Бу ҳолатда футболчи клубни тарк этиш ҳуқуқига эга бўлади. Лекин, қоида тариқасида, бундай ҳикоялар бахтли якунга эга бўлади.
Кай Ҳаверц: «Челси» → «Арсенал» (70 млн евро)
Икки йил муқаддам Ҳаверц «Манчестер Сити»нинг Чемпионлар лигасидаги ғалабасини кечиктирганди. Айнан ушбу немис футболчиси Гвардиола жамоасига қарши финал ўйинидаги ягона голни урган ва «Челси»га фахрли совринни келтирганди. Ўшанда Кай ва «Челси»ни ёрқин келажак кутаётганди, аммо клубда хўжайин ўзгариши барчасини ўзгартириб юборди. Тодд Боули клубга келиб, Томас Тухелни ишдан бўшатди ва тартибсиз ва серхаражат трансферлар амалга ошира бошлади. Мавсум ўта муваффақиятсиз чиқди, энди эса «Челси» заявкани бўшатиш учун футболчиларини сотиб юбормоқда. Бундай вазиятда янги харид қилинган футболчиларга тегилмайди, шунинг учун «тозалаш» фақат «эскилар»га тааллуқли бўлмоқда.
Бундай «эскилар»дан бири кўпчилик мухлислар учун кутилмаганда 24 ёшли Ҳаверц бўлиб чиқди. Кайни шунчаки қўйиб юборишмади — энди у тўғридан тўғри рақиб сафида ўйнайди. Германиялик ҳужумкор яримҳимоячи Лондоннинг бошқа клубига ўтди, унинг трансфери учун «Арсенал» каттагина сумма сарфлади. 2028 йилга қадар шартномага имзо чеккан футболчи унинг мақсади — совринлар ютиш эканига урғу қаратди. «Арсенал» бош мураббийи Микел Артета эса Ҳаверц жамоага ранг-баранглик бериши ва ўрта линияни кучайтиришини қайд этди.
Алексис Мак Аллистер: «Брайтон» → «Ливерпул» (42 млн евро)
Бу ёзнинг нарх ва сифат жиҳатидан ажойиб трансферларидан бири бўлди. Аргентиналик яримҳимоячи АПЛда сенсация кўтарган жамоа сафида ажойиб мавсум ўтказди: 35 ўйин, 10 гол ва 2 ассист. «Брайтон» ўз тарихида илк бор еврокубокларга йўлланма олди, аммо Мак Аллистерни таркибда сақлаб қололмади. 2022 йил охирида Алексис ўзини ЖЧ-2022 турнирида кўрсатган ва жамоага узоқ кутилган олтин медалларга эришишда ёрдам берганди. Ўшандаёқ у «Брайтон»да узоқ вақт қололмаслиги ойдинлашганди.
Шундай бўлиб чиқди ҳам. Мак Аллистер мавсумнинг қолган қисмида ҳам жамоаси учун ўйнаб берди, кейин эса кучлироқ жамоа сафига йўл олди. ОАВда трансфер «Ливерпул»га тахминан 60 млн еврога тушиши ҳақида хабарлар чиққанди, аммо келишув эълон қилинганидан кейин ҳайратланарли маълумотлар пайдо бўлди: футболчининг шартномасида 42 млн евро миқдорида бадал пули белгиланганди. Ҳозирда бундай даражадаги футболчини бундай арзон нархга қўлга киритиш — шунчаки нореал кўринади.
Қизиғи шундаки, «Ливерпул»га ўтгач Алексис саккизинчи рақамни эмас, «ўнинчи»ни олди. Аргентиналик футболчи «саккизлик» афсонавий Стивен Жеррардга тегишли бўлиб қолишини айтди.
Серхио Бускетс: «Барселона» → «Интер Майами» (эркин агент)
«Барса»нинг афсонавий таркиби тарқалиб кетишда давом этмоқда. Месси йўқ, Суареса ҳам, бу ёзда эса жамоани Бускетс ва Алба эркин агент мақомида тарк этишди. Жордидан фарқли ўлароқ, Серхио дарҳол ўзига янги клуб топди. «Барса»да ўтган 15 йилдан кейин ушбу яримҳимоячи океанортига, Мессининг ёнига йўл олди — энди улар «Интер Майами» учун биргаликда тўп тепишади.
Америка жамоасининг янги бош мураббийи Херардо Мартино «Барса» афсоналари бу ерга дам олиш учун келишмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, юлдузли футболчилар ҳам қаттиқ тер тўкиб, ғолиб бўлишни исташмоқда. 34 ёшда бўлган Бускетс каталонияликлар клубидан кетгач, бу ерга яна қайтишини айтганди. Масала қачон ва қандай амплуада эканида. Шуниси аниқки, Серхиони энди Каталонияда футболчи сифатида кўрмаймиз.
Кристофер Нкунку: «РБ Лейпциг» → «Челси» (60 млн евро)
Яна «Челси»даги тотал инқилоб ҳақида. Футболчилар адаштирувчи частотада клубни тарк этишмоқда, аммо клубга келаётганлар ҳам бор. Энг қимма харид — Кристофер Нкунку. Бу трансфер кутилмаган ҳолат бўлмади, чунки томонлар ўтган мавсум ўрталаридаёқ келишувга эришганди. Тўғри, ўша вақтдан буён «Челси»да икки бор мураббий ўзгарди. Энди 25 ёшли француз яримҳимоячиси Маурисио Почеттино қўл остида шуғулланади. Нкунку бунга қадар бирор марта АПЛда ўйнамаган — унинг резюмесида «ПСЖ» ва «РБ Лейпциг» каби клублар номи қайд этилган.
Нкунку «Челси»нинг тушунарсиз чиққан қатор трансферларидан фарқли ўлароқ, жамоани чинакамига кучайтира олади. Германияда Кристофер ҳақиқий юлдуз даражасигача ўсди ва Франция миллий жамоаси аъзосига айланди. У ҳам Қатардаги мундиалга бориши кутилганди, аммо турнир бошланиши арафасида жароҳат олди.
Рубен Невеш: «Вулверҳэмптон» → «Ал-Ҳилол» (55 млн евро)
Яна бир футболчи Саудия Арабистонига йўл олгани — ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Аммо Невешни қўшимча пул ишлаб олишни истайдиган бошқа юлдузлардан яққол ажратиб турадиган бир жиҳат бор. Саудияга келишга рози бўлаётганларнинг аксари 30 ёшдан ошган ва фаолиятидаги охирги шартномаларини тузишмоқда. Рубен эса — ҳали 26 ёшда. Яқинда ҳам Невеш Чемпионлар лигасида ўйнаш истагини билдираётган, у «Барселона» сафига ўтиши кутилаётганди. Аммо бунинг ўрнига португалиялик яримҳимоячи экзотик чемпионатга ўтди.
Саудия Арабистонида Невеш каттагина пул ишлаб олиши тайин. «Вулверҳэмптон» ҳам хафа бўлмади, инглиз клубига трансфер учун 55 млн евро тўланди. Энди Рубен Европанинг эмас Осиёнинг Чемпионлар лигасида ўйнайди.
Жеймс Мэддисон: «Лестер» → «Тоттенҳэм» (46,3 млн евро)
«Лестер» сенсацион равишда АПЛни тарк этганидан кейин, Англия миллий жамоасидан доимий чақирув оладиган Мэддисон Чемпионшипда ўйнамаслиги аниқ эди. Клуб учун яхши янгилик шундаки, музокараларда ютқизиқ позициясида бўлганига қарамай, Жеймснинг сотувидан яхши пул ишлаб олишди. «Тоттенҳэм» футболчи учун қарийб 50 млн еврони аямади ва 26 ёшли Мэддисон билан 2028 йилга қадар шартнома имзолади.
Трансфердан кейин Мэддисон «Тоттенҳэм»нинг янги бош мураббийи Ангелос Постекоглунинг телефон қўнғироқлари муҳим ўрин тутганини таъкидлади. Мураббий футболчини Лондон клуби янги мавсумда мутлақо ўзгача бўлишига ишонтирган. «Лестер» ундан айрилганидан қаттиқ хава бўлмагани аниқ, трансфердан тушган пулларни энди АПЛга қайтиш учун жамоани мустаҳкамлашга йўналтириш мумкин.
Мэддисоннинг трансфери яна шуниси билан қизиқки, Жеймс ёшлигида «Тоттенҳэм»нинг ашаддий рақиби бўлмиш «Арсенал»нинг фанати бўлган. Мухлислар тезда ижтимоий тармоқлардан Мэддисон бўлажак клубини ҳақоратлаган твитларни топишди ва футболчи уларни тезда ўчириб ташлашига тўғри келди. Аммо интернет барчасини ёдда тутади.
Юри Тилеманс: «Лестер» → «Астон Вилла» (эркин агент)
«Лестер» қуйи лигага тушиб кетгач, Тилеманс ҳам Мэддисоннинг ҳолатига тушди. Фарқи шундаки, белгиялик футболчининг шартномаси муддати тугаганди ва шунинг учун иш қўшимча музокаралар кўринишидаги мураккабликларсиз ҳал бўлди.
Бир неча йил олдин Тилеманс янги порлаётган юлдуз сифатида кўриларди ва унга кўплаб топ-клублар қизиқиш билдирганди. Аммо нурсиз мавсумдан кейин (АПЛнинг 31 ўйинида 3 гол ва 2 ассист) футболчига даъвогар жамоалар минимумгача қисқарди. Якунда Юри «Астон Вилла»га насиб қилди. Яримҳимоячининг танловида бош мураббий билан суҳбатлар ҳал қилувчи бўлди: Унаи Эмери футболчида яхши таассурот қолдирган ва у Бирмингем клубига ўтишга розилик берган. Амалда барча ютди, фақат «Лестер»дан ташқари, жамоа бу трансфердан пул ишлай олмади. Тилеманс кучли мутахассис қўли остида юқори даражага қайтиш имконига эга бўлди, «Астон Вилла»эса топ-клублар ундан бекор воз кечганини исботлашга жаҳд қилган футболчини қўлга киритди.
Эдин Жеко: «Интер» → «Фенербаҳче» (эркин агент)
Босниялик ҳужумчи саккиз йилини Италия футболига бағишлади («Рома» ва «Интер» сафида ўйнади), энди эса янги саргузаштлар сари йўл олди. Бир ой муқаддам Жеко ўз фаолиятидаги асосий совриндан бир қадам берида турганди, аммо «Интер» Чемпионлар лигаси финалида «Манчестер Сити»га ютқазди. Клуб Эдинни ҳеч бўлмаса яна бир йилга сақлаб қолмоқчи эди, аммо 37 ёшли футболчи шартномасини узайтиришни истамади ва кетиш керак деган қарорга келди.
Жеко янги манзил сифатида Туркияни танлади. Эдинга ҳам Саудия клублари қизиқиш билдирганди, аммо у Европада қолишни маъқул кўрди ва «Фенербаҳче»га ўтиб, таътилга чиқиб кетди.
Матео Ковачич: «Челси» → «Манчестер Сити» (29,1 млн евро)
«Биз Ковачични анчадан буён кузатиб келамиз ва ҳар сафар унинг ўйинларини кўрганимизда, у бизда яхши таассурот қолдиради», — «Ман Сити» спорт директори Чики Бегиристайн хорватиялик яримҳимоячи трансферини шундай сўзлар билан изоҳлади. Чемпионлар лигаси ғолиби Гундўған кетганидан кейин, майдон маркази учун муносиб футболчини қидирганди ва 29 ёшли Ковачични танлади.
«Ман Сити» Ковачич учун қарийб 30 млн евро тўлади, футболчиларини тарқатишда давом этаётган «Челси» эса Матеони яхшигина пул эвазига рақиб жамоага қўйиб юборди. Энди Ковачичда жиддий режалар бор. У Гвардиола қўли остида дунёнинг энг яхши футболчилари сирасига киришига амин.
Маркус Тюрам: «Боруссия» М → «Интер» (эркин агент)
Миланликлар клуби Туркияга кетган Жеко ўрнини тезда тўлдиришди. Француз футболи афсонаси Лилиан Тюрамнинг ўғли боснияликдан анча ёш: Маркус 25 ёшда, Эдин — 37. Қўшимчасига «Интер» бу келишув учун пул сарфлашига ҳожат бўлмади: «Боруссия» М билан шартномаси якунланган Тюрам эркин агент мақомида келди ва асосий харажат кўтарма пули билан чекланади.
Сўнгги тўрт мавсумни Германияда ўтказган Тюрам 2022 йилда миллий жамоа билан Қатардаги жаҳон чемпионатига борди ва кумуш медал олди. Энди Тюрамни мутлақо янги тажриба кутмоқда, у бу вақтга қадар Италия чемпионатида ўйнамаганди. Унинг биографиясида бунгача фақат француз клублари ва «Боруссия» қайд этилган.
Тимоти Веа: «Лилл» → «Ювентус» М (10,3 млн евро)
Яна бир афсонавий футболчининг ўғли А Серияга ўтди. 23 ёшли Тимоти Веа (унинг отаси — ўша машҳур Жорж Веа) фаолиятида илк бор Италия чемпионатида ўйнайди. Тимоти катта Веадан фарқли ўлароқ АҚШ миллий жамоаси учун тўп суради. 2022 йилда у ҳам Қатардаги мундиалда қатнашди (4 ўйин, 1 гол) ва жамоаси билан 1/8 финалгача етиб борди.
Якунланган мавсумда Веа «Лилл» учун ўйнади (32 ўйин, 2 ассист), энди эса отаси каби ўзини Италияда синаб кўради. Дарвоқе, Тимоти шартнома имзолашдан олдин узоқ йўл босиб ўтди. У Ню-Йоркдан Парижга учди, Франция пойтахтидан Миланга етиб олди, у ердан эса хусусий самолётда Туринга учиб келди.
Гулелмо Викарио: «Эмполи» → «Тоттенҳэм» (20 млн евро)
«Тоттенҳэм» янги дарвозабон сифатида «Брентфорд»дан Давид Райяни олмоқчи эди, аммо футболчининг юқори нархи туфайли бу вариантдан воз кечди. Якунда Лондон клуби Италияда анча арзон вариант топди.
«Тоттенҳэм»нинг айрим фанатлари аллақачон ушбу дарвозабоннинг тажрибасизлигидан норозилик изҳор этишни бошлаган. Аммо Викарио, Уго Лиорисдан фарқли ўлароқ, оёқда яхши ўйнайди ва дарвозадан ўз вақтида чиқади. Қолаверса италиялик француз рақобатчисидан анча ёшроқ. 26 ёшли посбон трансфери учун «Тоттенҳэм» 20 млн евро тўлади — АПЛ учун кам учрайдиган адекват нарх. Викарио янги клуби билан 2028 йилга қадар амалда бўладиган шартномага имзо чеккан.
Доминик Собослаи: «РБ Лейпциг» → «Ливерпул» (70 млн евро)
Беллингем учун курашдан чиққан «Ливерпул» пулни ақл билан сарфлашни танлади ва бунинг ўрнига бир неча футболчи олишга қарор қилди. Ҳозирча режа иш бермоқда: Мак Аллистером ортидан жамоага Собослаи келиб қўшилди. Ушбу футболчи анчадан буён мерсисайдликлар клуби радарида эди, Юрген Клопп эса унга бўлган симпатиясини яширмайди. Доминикнинг ўзи ҳам германиялик мутахассис билан ишлаш истагини билдирди ва «Ливерпул» ҳаракатга тушди. Тўғри, бу келишув Мак Аллистер билан бўлгани каби тежамкор бўлиб чиқмади. «Лейпциг» билан музокаралардан кейин англияликлар 70 млн евро тўлашга рози бўлишди. Немислар клуби эса юқорида эслаб ўтилган Нкунку ва Собослаи сотуви эвазига бюджетини 130 млн еврога тўлдириб олди.
22 ёшида Собослаи — Венгрия миллий жамоаси сардори ва Европанинг истиқболли яримҳимоячиларидан бирига айланган. Доминик ўз амбициялари нақадар юқорилигини «Ливерпул»га келиб «саккизинчи» рақамни олиш билан ҳам тасдиқлади.
Ўтган мавсумда Собослаи яхшигина статистика қайд этган: барча турнирлар доирасидаги 46 ўйинда 10 гол ва 13 голли узатма. Энди унинг қўлида 2028 йилга қадар шартнома ва янги даражада ўзини намоён этиш имконияти бор.
Хоселу: «Эспанол» → «Реал» (ижара)
Ёзда «Реал» сўнгги йиллардаги энг яхши тўпурарини бой берди. Карим Бензема Мадрид клубини тарк этиб, катта пул эвазига Саудия Арабистонига йўл олди. Яхши янгилик: «Реал» француз ўрнига нисбатан ёшроқ ҳужумчини қўлга киритди. Ёмони: гап 33 ёшли Хоселу ҳақида бормоқда. Испаниялик ҳужумчининг кўрсаткичлари ёмон эмас — ўтган мавсумда 17 гол урган (шундан 16 тасини — Ла Лигада) ва тўртта голга узатма берган. Примеранинг кучсиз клубларидан бирининг ҳужумчиси учун ажойиб натижа. Лекин «Мадрид» мухлислари бошқача даражадаг янги футболчилар келишига ўрганиб қолган.
Хоселу учун бу фаолиятидаги асосий имконият бўлиши мумкин. Ушбу форвард аввал ҳам, 2009-2012 йилларда «Реал» сафида бўлган, аммо ўшанда ишлар ўхшамаган. Бу сафар қандай чиқади, янги мавсумда кўриб оламиз.
Сандро Тонали: «Милан» → «Нюкасл» (70 млн евро)
Бу ёзнинг энг шов-шувли ва энг драматик трансферларидан бири. Тоналини Италияда «янги Пирло» деб аташарди: нозик узатмалар, интеллект, тўпни анча ичкаридан олиб чиқиш маҳорати ва ташқи қиёфа. Бу Сандрога ёқарди ва у «Милан»да ўйнашдан мамнун эди, у бу жамоа билан Италия чемпиони бўлишга улгурди ва Чемпионлар лигаси яримфиналига чиқди.
Кейин эса саудиялик бадавлат хўжайинлари билан «Ньюкасл» келди ва катта пул таклиф этди. Спортдаги муваффақиятларига қарамай, молиявий муаммолардан азият чекаётган «Милан» эса рад эта олмади. Кейинроқ маълум бўлишича, клуб қароридан хабар топган Тонали йиғлаган ва ҳеч қаерга кетмаслигини айтган. Аммо Сандро тақдир ҳукмидан қочиб қутула олмади ва энди АПЛда ўйнайди. 23 ёшли яримҳимоячи учун плюс томонлари ҳам бор: у кейинги мавсумда ҳам Чемпионлар лигасида ўйнайди («Милан» ҳам йўлланма олган), ва унинг фаолиятининг катта қисми ҳали олдинда. У Италияга қайтишга улгуради.
Марсело Брозович: «Интер» → «Ан-Наср» (18 млн евро)
Рўйхатда яна Саудия Арабистони ҳақида. Катта маош билан оғдирилган навбатдаги футболчи Брозович бўлди. Хорватиялик яримҳимоячи фаолиятининг саккиз йилини «Интер»га бағишлади ва кўпчилик у қолиши ёки Европанинг кучлироқ жамоасига ўтишини тахмин қилаётганди — «Барселона» томонидан қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар чиққанди. Аммо Марсело бошқача ўйлади ва 30 ёшида яхши пул ишлаб қолишга қарор қилди.
Брозовични маошдан бошқа қизиқтирадиган омил ҳам бор эди. Энди у Криштиану Роналду билан бир жамоада тўп суради ва совринлар учун курашишда давом этади. Якунланган мавсумда «Ан-Наср» Саудия Арабистони чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади, шундай экан жамоада олтин учун ҳали имконият бўлади.
Мавзуга оид
14:08 / 03.11.2024
МЛСдаги омадли мавсум, ЖЧ-2026 масаласи ва футболдан кейинги фаолият – Месси Романога катта интервю берди
14:17 / 06.09.2024
Трансфер ойнаси сарҳисоби: Топ-15 клубларнинг ёзги кампанияси рейтинги
18:33 / 30.08.2024
Европада дедлайн. Сўнгги соатларда кутилаётган трансферлар
18:13 / 28.07.2024