Жаҳон | 15:42 / 08.07.2023
35064
11 дақиқада ўқилади

Биринчиларни бошқарган иккинчи котиб – Ўзбекистон ССРнинг парда ортидаги раҳбари Роман Мельников ким эди?

20 асрнинг 30-йилларида Сталин томонидан мустамлака республикаларни назоратда ушлаш мақсадида Марказий Комитетнинг иккинчи котиби лавозими жорий этилади. Ушбу лавозимдаги шахс марказдан тайинланиб, мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишда муҳим рол ўйнаган. Одатга кўра республикаларга юбориладиган иккинчи котиблар Россия ҳудудида туғилган, рус миллатига мансуб бўлиши шарт эди.

Фото: KUN.UZ

Иккинчи котиблар олдига иккита асосий вазифаси белгилаб берилади: кадрлар сиёсатини юритиш ҳамда республикани байналмилаллаштириш. Мазкур икки вазифани амалга оширишга тўсқинлик қилган республикаларнинг сиёсий раҳбарлари марказ томонидан турли усуллар орқали жазоланган. 

Роман Мельниковнинг Ўзбекистонга келиши

20 асрнинг 50-йилларида энг юқори лавозим – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби сифатида 5 нафар шахс сиёсий раҳбарликни амалга оширган. Бу Совет давлати мавжуд бўлган йилларда энг кўп раҳбар алмашган давр ҳисобланади. Дастлаб, 1950 йил апрел ойида Усмон Юсупов марказга ишга ўтказилди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари ва ундан кейинги тикланиш даврида Ўзбекистонни бошқарган ушбу арбоб халқ орасида катта обрўга эга эди.

1950-1955-йилларда Амин Ниёзов, 1955-1957-йилларда Нуриддин Муҳитдинов, 1957-1959-йилларда Собир Камолов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаган. Ушбу “тахтлар ўйини”га Шароф Рашидов барҳам берди ҳамда республикани энг узоқ вақт – 24 йил давомида бошқарди.

Мазкур сиёсий ўзгаришларга Ўзбекистон ССРнинг ўша вақтлардаги иккинчи котиби, аниқроғи “парда ортидаги раҳбари” Роман Ефимович Мельниковнинг таъсири катта бўлган.  

Москва областининг Уварово районидаги Синичкино қишлоғида туғилган Роман Мельников 41 ёшида, 1949 йилнинг бошида ВКП(б) Марказий Комитетнинг Ўзбекистон ССР бўйича Вакилининг ўринбосари этиб тайинланади. Марказий Осиёнинг энг йирик, муҳим сиёсий нуқтаси бўлган Ўзбекистонга Москва томонидан бириктирилиши унинг нақадар муҳим, ишончли ва партия манфаатларига “содиқ” хизмат қиладиган инсон бўлганидан далолат эди.

Роман Мельников ва Усмон Юсупов

Мельников 1949 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга Марказий Комитетнинг иккинчи котиби сифатида юборилган. Унга Ўзбекистон ССРда амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифа ва миссиялар, жумладан Ўзбекистондаги сиёсий элита фаолиятини қаттиқ назоратга олиш топширилганди.

Роман Мельников Ўзбекистонга келганида республиканинг биринчи сиёсий раҳбари Усмон Юсупов бўлган. У Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимини 1937 йилдан буён эгаллаб келар, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда республикада улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини амалга оширган эди. Усмон Юсупов раҳбарлиги йилларида Ўзбекистон коммунистик партияси аъзолигига янги маҳаллий номзод кадрларни қабул қилиш ишлари жадаллашган. Республикада амалга оширилган кенг кўламли қурилишлар, ободонлаштириш ишларида Усмон Юсуповнинг ташаббуслари катта эди. Буларнинг барчаси ўзбек халқи орасида унинг нуфузини оширганди. Қолаверса, Усмон Юсуповнинг Сталин билан алоқалари яхшилиги Марказий Комитетнинг иккинчи котиби сифатида эндигина иш бошлаган Роман Мельниковга хуш келмайди. Сабаби, Усмон Юсупов каби ўз сўзи ва нуфузига эга бўлган раҳбарнинг мавжуд бўлиши Мельниковнинг эркин фаолият юритиши ҳамда республиканинг ички ишларига бемалол аралашишига халақит берарди. Шу туфайли, Усмон Юсуповнинг сиёсий ҳокимиятдан, қолаверса, бутунлай Ўзбекистондан узоқлаштирилиши энг аввало иккинчи котибнинг хоҳиш ва истакларига мос эди.

1950 йил апрель ойида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг пленуми бўлиб ўтади. Уч кун давом этган танқидий руҳдаги пленумда “энг кўп калтак еган” одам Усмон Юсупов бўлади. Шу тариқа 12 йиллик раҳбарликдан сўнг у Москвага ишга ўтказилади.

Роман Мельников ва Амин Ниёзов

1950 йилнинг апрелидан бошлаб Ўзбекистоннинг биринчи сиёсий раҳбари сифатида Амин Ниёзов иш бошлайди. Янги раҳбар Роман Мельников ва марказнинг измидан чиқмасликка ҳаракат қилади. Айнан шу даврдан бошлаб иккинчи котиб Ўзбекистон ССРдаги барча ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол аралаша бошлайди. Хусусан, 1950 йил 5 ноябрда Москвага, КПСС МКга ёзган хатида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Бюроси номидан мурожаат қилиб, колхозчиларнинг спорт жамияти – “Пахтакор”ни тузишга рухсат сўрайди.  

20 асрнинг 50-йиллари бошларида нафақат сиёсий, балки мафкуравий жабҳада ҳам миллий манфаатларга зид бўлган бир қатор қарорлар қабул қилинади. Амин Ниёзовнинг бу ишларни тўхтатиб қолишга журъати ҳам, сиёсий иродаси ҳам етмайди. Бу каби ишлар орасида энг аянчлиси ўзбекистонлик ёзувчи ва шоирларга нисбатан ўтказилган навбатдаги қатағон сиёсати эди.  

1952 йил 21-22 февралда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг мафкуравий масалаларга бағишланган машъум Х пленуми бўлиб ўтади. Унда Амин Ниёзов республикадаги идеология ишининг аҳволи ва уни яхшилаш тадбирлари тўғрисида маъруза қилади. Маърузада Ўзбекистон зиёлиларидан бир гуруҳи (ёзувчилар, олимлар, шоирлар ва бошқалар) нотўғри равишда миллатчиликда айбланади.

Манбаларда қайд этилишича, мазкур маъруза матни бир неча бор Роман Мельников таҳриридан ўтказилиб, ўзбек зиёлиларини обрўсизлантиришга қаратилган бўҳтон ва уйдирмалар билан “бойитилган”. Бу даврда совет тоталитар мафкураси ўз сиёсий мақсадлари йўлида тарихни сохталаштириш, тарихий воқеликни бузиб кўрсатишга кўп бора ҳаракат қилган. Сиёсий мафкурага “хизмат қилмаган”, унинг измида юрмаган олимлар, ёзувчилар турли босим ва қувғунларга учраган.  

1952 йил августда эса Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг XI пленумида Роман Мельников маҳаллий кадрларнинг рус тилини билмасликлари сиёсий ва маданий савияни ошириш йўлидаги жиддий тўсиқ эканлиги ҳақида гапиради. Партия ташкилотларида рус тилини ўрганган инсонгина маданий ва билимдон ходим бўла олишини таъкидлаб, ўзининг мустамлакачилик ғояларини очиқчасига намойиш этади.

Бу каби ишлар Сталин вафотидан кейин ҳам давом эттирилган. Амин Ниёзов марказ ва Мельниковнинг чизган чизиғидан четга оғишмасликка ҳаракат қилган. Хусусан, 1953 йил 13 июлда бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг V пленумида ҳам Ниёзов жадидлар, иноғомовчилик ҳамда Файзулла Хўжаев фаолиятини қоралайди. Ўзбекистон биринчи сиёсий раҳбарларининг пленум ва съездларда қиладиган маърузалари аввал Роман Мельников томонидан кўриб чиқилгани манбаларда қайд этилган.

Хрушчёв ҳокимиятга келиши билан совет бошқаруви тизимида ўзгаришлар қилишга интилди. Иттифоқ таркибидаги кўпгина республикаларда сиёсий раҳбарият ўзгартирилди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби сифатида садоқат билан хизмат қилаётган Роман Мельников эса ўз фаолиятини Хрушчёв ҳокимияти остида ҳам давом эттирди. Кўп ўтмай Хрушчёв ва Амин Ниёзов муносабатлари ёмонлаша бошлайди. Сабаби, Хрушчёв Ниёзовни Сталин давридаги раҳбарлардан деб ҳисобларди. Қолаверса, унинг иш юритишдаги камчиликлари ҳақида Хрушчёвга маълумотлар етказиб турилганди. Бу ишнинг бошида ҳам Роман Мельников бўлган.

Россиялик тарихчи Ф.Раззоқовнинг ёзишича, 1955 йил декабрь ойида Амин Ниёзовнинг фаолияти Мельников бошчилигида ўтган Ўзбекистон Компартияси бюроси ва секретариатида муҳокама қилинган. Мажлисда Ниёзовнинг иш фаолияти қониқарсиз деб топилган. 

Роман Мельников ва Нуриддин Муҳитдинов

1955 йил 22 декабрда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг пленуми бўлиб ўтади. Уни бошқарган Роман Мельников кун тартибида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котибини тайинлаш вазифаси турганини таъкидлайди. Пленум ушбу лавозимга Нуриддин Муҳитдиновни тайинлайди.

Нуриддин Муҳитдинов қисқа вақт давомида раҳбарлик қилган бўлса-да, марказ олдига республика манфаатларидан келиб чиққан ҳолда аниқ талаблар қўя бошлайди. Айнан унинг ташаббуслари билан 20 асрнинг 30-йилларида қатағонга учраган давлат раҳбарлари А.Икромов, Ф.Хўжаев номини оқлаш масаласи кўтарилади.

Россия Федерацияси архивларида сақланаётган мутлақо махфий тамғаси остидаги ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, А.Икромов ҳамда Абдулла Қодирий оқланишида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ташаббуси катта бўлган.

1956 йил 11-13 октябрь кунлари Ўзбекистон зиёлиларининг биринчи съездини ўтказиш режалаштирилади. Унда Нуриддин Муҳитдинов қатағон қурбонларини оқлаш масаласида маъруза қилиши керак эди. Иккинчи котиб маъруза матнидан оқланган шахсларнинг исми шарифи ва оқлаш жараёнининг бориши ҳақидаги жумлаларни ўчириб ташлашни таклиф қилади. Бироқ ўз сўзида қатъий турган Муҳитдинов маърузасида номи оқланган шахсларнинг исмини бирма-бир санаб ўтади.

Нуриддин Муҳитдинов маҳаллий кадрларни бошқарувга жалб қилиш, ўзбек тилининг нуфузини ошириш ва бошқа шу каби миллий масалаларда ҳам кўплаб ишларни амалга оширади. Унинг бу хатти-ҳаракатлари Роман Мельниковнинг ҳаловатини бузган эди. Шу сабаб, у ва унинг тарафдорлари Муҳитдиновни республика бошқарувидан узоқлаштириш пайига тушишади. Хрушчёв томонидан энг истиқболли кадрлардан бири сифатида эътироф этилган Нуриддин Муҳитдинов 1957 йил декабрда КПСС МК Президиуми аъзолигига киритилади. Бу совет бошқаруви тизимидаги энг нуфузли лавозимлардан бири эди. Шу тариқа у Ўзбекистондан узоқлаштирилади.

Роман Мельников ва Собир Камолов

1957 йилнинг 28 декабрида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг VI Пленуми бўлиб ўтди. Унда асосий масала янги раҳбарни тайинлаш эди. Пленумда Муҳиддиновнинг ўрнига Собир Камолов сайланади. 

Собир Камолов Ўзбекистоннинг биринчи сиёсий раҳбари сифатида жуда кам муддат раҳбарлик қилади. Аммо унинг даврида республикада ижобий томонга силжишлар кузатилган: Ўзбекистонда кимё саноатини ривожлантириш, саноатда новаторларнинг ғояларини кенг татбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор берилади. Қолаверса, Ўзбекистон 1958 йилда давлатга 3 046 500 тонна пахта топширади. Ушбу кўрсаткич 1957 йилга нисбатан 210 100 тоннага кўп эди. Умуман олганда республиканинг бошқа соҳалардаги натижалари ҳам яхшилана бошлайди. Лекин Собир Камолов ва Роман Мельников ўртасидаги муносабатларда зиддият юзага келади. 

1959 йил 14 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг пленумида Собир Камоловни ишдан олиш масаласи кўтарилган. Унда биринчи секретарнинг фаолиятидаги қатор камчиликлар танқид қилинган. Улар орасида Камолов ва Мельников ўртасидаги кескин муносабатлар ҳақида ҳам сўз борган.

Камолов партия ва ҳукумат тизимидаги кўп йиллик фаолияти натижасида Роман Мельниковнинг кирдикорларидан яхши хабардор эди. Россия давлат ижтимоий ва сиёсий тарих архивида сақланаётган ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, Собир Камолов иккинчи котиб Роман Мельниковнинг бир қанча кўрсатмаларини бажармаган. Ўзаро зиддиятларда марказнинг “кўз-у қулоғи” бўлган Мельников ғалаба қозонади ва Собир Камолов биринчи котибликдан бўшатилиб, Фарғона вилоят ижроия қўмитасига раҳбар қилиб жўнатилади. 

Мельниковнинг кетиши

Собир Камолов ўрнига тайинланган Шароф Рашидов Ўзбекистонда 20 асрнинг 50-йилларида кечган раҳбарлар алмашинувига чек қўйди ҳамда 1959 йилдан то 1983 йилга қадар раҳбарлик қилди. Шароф Рашидов раҳбарлигининг илк йилида Москва Роман Мельниковни Ўзбекистондан чақириб олди ва уни КПСС МКга ишга ўтказди. Мельников КПСС МКда турли лавозимларда ишлаган ҳамда 1982 йилда нафақага чиқарилган.

Шоҳжаҳон Рашидов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
 

Мавзуга оид