Жамият | 11:22 / 10.07.2023
21220
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда сел келиши оқибатида аҳоли пунктларини боғловчи тоғли довон йўли ёпилиб қолди

Жорий йил 7 июль куни соат 14:20 атрофида Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани тоғли ҳудудида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши сабабли сел оқимлари келиши ҳодисаси кузатилган. 

Фото: ФВБ ахборот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, оқибатда Сариосиё туманининг Хўжаасмин ва Чош аҳоли яшаш пунктларини боғловчи тоғли довон автомобиль йўлига катта ҳарсанг тошлар ва лойқалар тушиб, довон йўли ёпилиб қолган. 

Қайд этилишича, мазкур ёпилиб қолган довон йўлида 3 та енгил «УАЗ» русумли автомобиль ва 8 нафар фуқаро ҳаракатсиз қолиб кетган.

Ҳодиса жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлими ходимлари етиб бориб, туман ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими ва Хондиза кон бойитиш бошқармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида махсус техникалар ёрдамида довон автомобиль йўли катта ҳарсанг тош ва лойқалардан тозаланган. Автомобиль қатнови йўлга қўйилиб, 8 нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, дейилади расмий хабарда.

Фото: ФВБ ахборот хизмати
Фото: ФВБ ахборот хизмати
Фото: ФВБ ахборот хизмати
Фото: ФВБ ахборот хизмати

Мавзуга оид