Жаҳон | 07:21 / 11.07.2023
17786
6 дақиқада ўқилади

Эрдўған Швециянинг НАТОга қўшилишига розилик берди

Вилнюсда ўтаётган НАТО саммитига йўл олган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада туриб Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлмас экан, Швециянинг НАТО аъзоси бўлишига розилик билдирмаслигини таъкидлаган. Бироқ, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия Швециянинг алянс аъзоси бўлишига ниҳоят розилик билдирганини таъкидлаган.

НАТО саммитига йўл олар экан, Истанбулдаги Отатурк аэропортида қилган чиқишида Эрдўған Турция доим алянснинг «очиқ эшиклар» сиёсатини қўллаб-қувватлаши, Швециянинг НАТОга аъзолик масаласи ушбу мамлакатнинг терроризм кўринишларига қарши курашишига боғлиқлигини таъкидлаган.

«[НАТО] саммитида яна иттифоқдош давлатларни яна Туркияга санкциялар ва чекловлар жорий этиш позициясидан воз кечишга чақираман», — дея унинг сўзларини келтирмоқда «Анадўлу» агентлиги

Эрдўған НАТО саммитига йўл олиш олдидан Отатурк аэропортида чиқиш қилди. Фото: CNN

Сўзи бошида шундай деб турган Эрдўған кутилмаганда Швециянинг НАТОга аъзолигини Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига боғлаган

Туркия етакчисининг сўзларига кўра, аввалига Европа Иттифоқи «Туркияга эшикларини очиши керак», шундан сўнггина Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини тасдиқлайди.

Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши борасидаги музокаралар 2005 йилда — Эрдўғаннинг биринчи муддатида бошланган эди. Шундан сўнг расмий Анқара ва Брюссел ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб, йилларки музлатиб қўйилган. Вилнюсда ўтадиган НАТО саммитига жўнаб кетиш олдидан Эрдўған кутилмаганда бу масалага қайтган.

Эрдўған НАТО майдонларида Европа кенгаши президенти Шарл Мишел билан ҳам учрашишга улгурди. Фото: Daily Sabah

«Мен Туркияни Европа Иттифоқи эшиклари олдида 50 йилдан буён сарғайишга мажбур қилаётган давлатларга юзланмоқчиман. Аввал Туркиянинг Европа Иттифоқи томон йўлини очинг, шундан сўнг биз худди Финландияга рухсат берганимиз каби, Швециянинг ҳам йўлини очамиз», — деган Эрдўған.

Бу чиқишлардан сўнг НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркиянинг ЕИ аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлаши, лекин бу анча вақтни оладиган алоҳида масала эканини таъкидлаган. Швеция эса аллақачон НАТОга аъзо бўлиш учун барча шартларни бажарган.

Столтенберг Швециянинг алянсга аъзо бўлиш масаласи Вилнюсда ҳал бўлишидан умид қилаётганини билдирган.

НАТО бош котиби Столтенберг Швециянинг алянсга аъзо бўлиш масаласи Вилнюсда ҳал бўлишидан умид қилаётганини билдирган. Фото: Associated Press

Эрдўған Украинадаги уруш тез орада якунига етишига ишонаётганини таъкидлаб, АҚШнинг F-16 ҳарбий учоқларини етказиб беришни пайсалга солаётганини айтиб ўтган.

«Биз тез орада якунланадиган ҳарбий можаро адолатли ва мустаҳкам тинчлик билан якунланиши ва Украинанинг НАТО аъзо бўлиши жараёнини соддалаштиришга ёрдам беришига ишонамиз.

F-16 учоқлари масаласида америкаликлар бу масалани АҚШ Конгресси ҳал қилиши керак, дейишмоқда. Парламент бизда ҳам бор. Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш масаласида парламентимизнинг ҳам розилиги керак.

F-16 учоқларини харид қилиш масаласи Швециядан бўлакча мавзу. Мен бу ҳақда Байденга айтганман. Уларда биз F-35 учун тўлаб қўйган пуллар турибди. Лекин ҳалигача учоқларни олмадик», — деган Эрдўған.

Вилнюс шаҳрига етиб келган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған санкциялар борасида чиқиш қилган. Таъкидлаш жоизки, саммит кун тартибидан Украинадаги уруш, шунингдек, алянс дуч келаётган таҳдидлар муҳокамаси ўрин олган.

Саммит доирасида Туркия етакчисининг бир қатор давлатлар раҳбарлари, жумладан, АҚШ президенти Жо Байден билан икки томонлама учрашувлари режалаштирилган.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам НАТО саммитида қатнашиш учун Вилнюс шаҳрига етиб келди. Фото: Associated Press

Туркия етакчиси, Вилнюсда жумладан, шундай деган:

«Мадридда ўтган аввалги саммитда алянснинг мудофаа режаларини янгилаб, уни мана шу саммитда тасдиқлашни келишиб олган эдик.

Мен Туркияга санкциялар ва чекловлар жорий этаётган иттифоқдош давлатларни бу адолатсизликдан тезда воз кечишга чақираман.

Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёнинг кетиши уч томонлама келишувда акс этган масалаларнинг бажарилишига боғлиқ», — деган Эрдўған.

Мана шундай оташин чиқишлардан сўнг Вилнюсдан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Эрдўған Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш учун берган аризасига тўсқинлик қилмасликка рози бўлган.

Эрдўған Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасига тўсқинлик қилмасликка рози бўлган. Фото: Daily Sabah

НАТО бош котиби Йенс Столтенбернинг сўзларига кўра, ўзи ва Швеция бош вазири Улф Кристерссон билан бўлиб ўтган уч томонлама учрашувда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «Швециянинг НАТО аъзоси бўлиб киришини ратификация қилиш тўғрисидаги баённомани парламентга имкон қадар тезроқ етказиш, депутатлар уни маъқуллашлари учун парламент билан ҳамкорлик қилиш»га розилик берган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Швеция бош вазири Улф Кристерссон Вилнюсда уч томонлама музокара ўтказишди. Фото: agenzianova.com

«Мен Туркиянинг ЕИ аъзоси бўлиш борасидаги амбицияларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, лекин бир вақтнинг ўзида биз Мадридда нималарга келишганимизни ёддан чиқармаслик муҳим. Швеция алянс аъзо бўлиш учун амалга ошириши лозим бўлган шартларнинг конкрет рўйхати тузилган эди», — деган Столтенберг, Швеция барча зарур талабларни бажарганига урғу берар экан.

АҚШ президенти Эрдўғаннинг Швеция аризасини қўллаш тўғрисидаги қарорини олқишлаган.

«Мен бош вазир Кристерссон ва Швецияни НАТО бўйича 32-иттифоқдошимиз сифатида қутлаш имкониятини интизорлик билан кутмоқдаман», — дейилади Оқ уй расмий сайтида эълон қилинган баёнотда. Байден шунингдек, Йенс Столтенбергга «букилмас етакчилиги» учун ташаккур билдирган.

Туркия парламенти Швеция аризасини кузги сессиясида маъқуллаши кутилмоқда.

Мавзуга оид