Спорт | 14:46 / 11.07.2023
17790
3 дақиқада ўқилади

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш. Ўзбекистонлик ёшлар жаҳон чемпионатидан медаллар билан қайтишди 

Италиянинг Ауронзо шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилди. 

Унда ўзбекистонлик спортчилар 6та медални қўлга киритишди. Яккалик баҳсларида Владлен Денисов (2та) ва Арина Танатмишева кумуш, Шоҳсанам Шерзодова бронза медаль соҳибига айланишди. Жуфтликда эса Владлен Денисов ва Хонзода Эркинова кумуш, Шоҳсанам Шерзодова ва Рустамжон Холмамадов бронза медалга сазовор бўлишди. 

Совриндорлар Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Кутиб олиш жараёнидан сўнг совриндорларни суҳбатга тортдик. 

Жуфтликда кумуш медални қўлга киритган Хонзода Эркинова илк медалини қўлга киритганидан хурсанд: «Бу кунларни кутгандик. Жуда кўп тайёрлангандик. Кейинги мусобақалардан, хусусан, сентябр ойида ўтказиладиган Осиё ўйинларидан олтин медаллар билан қайтишга ҳаракат қиламиз.

2019 йилдан буён ёшлар ўртасида кўплаб мусобақаларда қатнашганман. Бу — ўсмирлар тоифасида илк медалим».

Яккалик ва жуфтликда жами 3та кумуш медалга сазовор бўлган Владлен Денисов олтин медаль учун бироз омад етишмаганини айтди: «Молдова, Испания, Германиядан қийин рақиблар бор эди. 1-ўрин учун ҳаракат қилдик, имконият бор эди, бироз омад етишмади.

Энди Хитойда ўтадиган Осиё ўйинларига тайёрланамиз ва медаллар учун бор кучимизни берамиз». 

Яккалик ва жуфтликда бронза медалларини қўлга киритган Шоҳсанам Шерзодова қуйидаги фикрларни билдирди: «Албатта, ўзига яраша қийинчиликлар бўлди. Аввало, мураббийимизга раҳмат. Жуфтликда 500 метр масофада Венгрия ва Украинадан кейин 3-ўринни эгалладик.

Бу — иккинчи жаҳон чемпионатим. 2022 йил Венгрия ўтказилган жаҳон чемпионатида 9-ўринни эгаллаганман». 

Арина Танатмишева олдиндаги Осиё ўйинларида ҳам ғалабани кўзлаганини яширмади: «200, 500, 1000 метрга масофаларда қатнашдим. 1000 метрда кумуш медални қўлга киритдим. 

Жаҳон чемпионатида кучсиз рақиб бўлмайди. Ўтган йили 8-ўринни олгандим, бу сафар иккинчи бўлдим. Чемпиондан 3 сонияга ортда қолдим. Осиё ўйинларида ҳам, албатта, медаллар учун курашамиз». 

Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев, 
Тасвирчи — Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид