Жаҳон | 10:52 / 11.07.2023
24556
10 дақиқада ўқилади

Ғарб Украинани токайгача қўллаб-қувватлайди: НАТО саммитидан кўп нарса кутмаётган Киев

Бугун Вилнюсда НАТО саммити очилади. Ундаги асосий масала Украинадаги уруш бўлиши табиий. Бироқ, Володимир Зеленский саммитда иштирок этишга иккиланаётганди.

Брюссел. 2023 йил 7 июл. НАТО бош қароргоҳи олдида Украинани тезлаштирилган тартибда алянсга аъзо қилишни қўллаб уюштирилган пикет. Фото: IMAGO / Philip Reynaers

Шу кунларда оммавий ахборот воситаларида АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уилям Бёрнснинг Киевга хуфиёна ташрифи, у ерда Украина президенти Володимир Зеленский иккиси Россия билан сулҳ келишувини муҳокама қилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақдаги ахборотни 30 июн куни The Washington Post нашри чоп этди, шундан сўнг уни айрим украин нашрлари кўчириб эълон қилган.

АҚШ нашридаги мақоланинг моҳияти шундан иборатки, Украина Донбасснинг қандайдир қисми, Шимолий Қора денгиз бўйи ва Азов денгизи соҳилларини қайтариб олиб, Россиянинг оккупация остидаги Қрим билан «қуруқликдаги йўлаги»ни узиб, шундан сўнг музокаралар учун тайёр бўлади.

Бёрнснинг Киевга ташрифи ва Зеленский билан музокаралари ҳақидаги хабар ошкор бўлиши Украина президентини жаҳллантирди ва у ОАВда бундай хабарлар пайдо бўлганидан «таажжубда» эканини таъкидлади. CNN телекомпаниясига берган интервюсида у шундай деди: «Менинг МРБ раҳбари билан алоқаларим доимо парда ортида бўлиши керак».

Зеленскийнинг жаҳлини чиқарган нарса Бёрнснинг ташрифи ошкор бўлганигина эмас, музокараларнинг Украина жамоатчилиги учун ошкор этилиши лозим бўлмаган деталлари ҳам сиздирилгани бўлди.

Киевнинг расмий позициясига кўра, уруш Украинанинг 1991 йилги қонуний эътироф этилган чегараларига чиқиш билан якунланиши керак. Шу сабабли Зеленский яна бир бор таъкидлади: «Токи Қрим россияликларнинг оккупацияси остида қолар экан, бу фақат бир нарсани билдиради: уруш ҳали тугамаганини».

Бироқ, кўриниб турибдики, Украина Қримни ўз ҳарбий салоҳияти Россиянинг ҳарбий салоҳиятига тенг бўлсагина оккупациядан халос этишга қодир бўлади, деб ёзади журналист Александр Желенин.

Ҳа, бугун Россия қурол-яроғ ва ўқ-дори ишлаб чиқаришда катта муаммоларга дуч келмоқда. Буюк Британия қуролли кучлари қўмондони адмирал Тони Радакин Financial Times нашрига берган интервюсида «Россия ўз армиясининг жанговар қудратининг ярмини йўқотгани»ни таъкидлаган: «2022 йилда Россия 10 млн артиллерия снаряди ишлатган, бироқ энг яхши ҳолатда уларнинг ўрнини тўлдириш учун йилига 1 млн снаряд ишлаб чиқариши мумкин. Россия 2500 та танкидан айрилган, энг яхши ҳолатда йилига 200 та танк ишлаб чиқара олади».

Эҳтимол, адмирал ҳақдир, балки вазият шундайдир. Лекин шу ҳолатда ҳам Украина Россиядан бир қатор асосий, биринчи навбатда ҳужумкор қурол-яроғлар борасида ортда қолмоқда. Бу қурол-яроғларсиз, биринчи навбатда ҳарбий самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларисиз, у албатта узоқ вақт уруш олиб бориши мумкин, лекин 2022 йилнинг 24 февралигача назорати остида бўлган ҳудудларни ҳам қайтариб олишга қодир бўлмайди. Қрим ва Шарқий Донбассни-ку, қўятуринг.

Уруш бошланганидан бир ярим йил ўтиб, Америка истеблишменти вакиллари узоқ сукут ва тўғридан тўғри рад этишлардан сўнг Украинага 1970-йиллар охирида ишлаб чиқарила бошлаган тўртинчи авлоддаги F-16 қирувчи самолётлари берилишини ваъда қилишди. Украиналик учувчиларни тайёрлаш июн ойида бошланишига ҳам келишилди. Бироқ, бу муддатга ҳам риоя қилинмади. Тайёрлашни ўз зиммасига олган Европа давлати (дастлабки маълумотларга кўра, бу ўнлаб F-16 самолётларини бешинчи авлоддаги кўринмас F-35 самолётларига алмаштираётган Дания) кечикишни техник сабаблар билан тушунтирган. Гўёки, ниманингдир ҳисобини ўз вақтида олишмаган.

LBC радиосига берган интервюсида НАТОнинг ҳарбий қўмитаси раҳбари адмирал Роб Бауэр ҳам шунга ўхшаш гапни айтган. Унинг сўзларига кўра, «пилотларни ўқитиш, техникаларга ўргатиш, самолётларнинг сафда бўлишини таъминловчи моддий-техника таъминотини ташкиллаштиришни қарши ҳужум тугагунига қадар амалга ошириб бўлмайди».

Украинлар сабаблар сиёсий эмас, чиндан техник эканидан умид қилишмоқда. Украина ҳарбийлари эса Бёрнсни кузгача Қрим чегараларига чиқишларига ишонтиришган. Лекин осмондан қўллов бўлмагани шароитида миналар билан тўлдириб ташланган очиқ маконда олға илгарилаш, рақибнинг эшелонланган мудофаасини қадамба-қадам ёриб ўтиш Украина катта йўқотишларга дучор бўлишига олиб келади.

Афсуски, иккинчи вариантни ҳам инобатдан соқит қилмаслик керак. Қирувчи самолётларнинг Украинага ўз вақтида етказилмаётгани сабаби техник эмас, сиёсий бўлиши ҳам мумкин. Сиёсат деганлари «бир жойга жамланган иқтисодиёт»ни билдиришини унутмаслик керак.

Киевнинг НАТО бўйича айрим асосий иттифоқчилари, энг аввало асосий ҳомий — Вашингтон вакилларининг баёнотлари шундай ўйлашга ундайди.

Масалан, АҚШ президенти Жо Байден 16 июн куни НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг аъзолик бўйича режа деб аталувчи узоқ йўлни четлаб ўтиб, Украинага НАТОга соддалаштирилган йўл билан аъзо бўлишни тақдим этиш ғоясини қўллаб-қувватламаслигини айтиб ўтди. Эртаси куниёқ Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини енгиллаштиришга розилиги борасидаги журналист саволига жавоб берар экан, Байден шундай деди: «Йўқ. Бунинг учун Украина зарур стандартларга жавоб бериши керак. Шу сабабли буни осонгина амалга ошира олмаймиз».

НАТО бўйича иттифоқчилар орасида Украинани алянсга қабул қилиш борасидаги иккиланишлар Зеленскийни шу қадар хафа қилдики, 3 июл куни (Бёрнснинг Киевга ташрифидан бир неча кун ўтиб) у Вилнюсда ўтадиган «тарихий» саммитга борсамми-бормасамми дея омма олдида айтиб юборди. «НАТОнинг айрим давлатлари Россиядан шу қадар қўрқишадики, улар Украинани блокда кўришга ҳам тайёр эмас. Агар бизни у ерда кўришни хоҳлашмаса, Вилнюсда бу борада бирор ишора беришмаса, Украинанинг бу саммитда қиладиган иши йўқ, деб ҳисоблайман», деган Украина етакчиси.

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ҳам бу борада скептик кайфиятда. «Мен оддий бир сабаб билан НАТО саммитини юқори баҳолай олмайман: бизнинг жамиятимизнинг кутилмалари қаноатлантирилмайди. Биламан, қандайдир сўзлар айтилади, лекин ундан ортиқ эмас. Мен гап нималар ҳақида боришини биламан, нутқларнинг қораламаларини кўрдим», — деган у.

Украина иттифоқчиларининг иккиланишлари тушунарди. Украинага қарши Россия очган уруш, боз устига, бундай кенг миқёсдаги уруш — қимматбаҳо иш. Бироқ украинлар Ғарб томонидан лендлиз учун тўланган юзлаб миллиард доллардан ҳам ортиқ нарсани тўлов қилишди ва қилишмоқда — ўн минглаб инсонлар жонини.

Агар ғарблик иттифоқчилар ўз бизнеси ва Москванинг йўриғидан юрадиган бўлса, яъни Украинага ёрдамни камайтириб, уни Кремл билан музокара олиб боришга мажбурлайдиган бўлишса, «пайдо бўлган реалликлардан келиб чиқиб» бу нима билан тугашини тасаввур этиш қийин эмас.

Биринчидан, бир оздан сўнг шундай ҳужум таҳдиди остида Россия атрофидаги кичик давлатлар — Гуржистон, Арманистон ва Беларус қолади, нефт ва газга бой Туркманистон ва Қозоғистон ҳам қурбон бўлиши эҳтимолли. Токи Путин ҳокимият тепасида экан, у тўхтамайди. Қандайдир абстракт амбициялари туфайли эмас, асло. Шунчаки у яшаб қолиши, ҳокимиятини сақлаб қолиши учун уруш керак. У ҳокимиятини фақат электоратига қўрқмас ва муваффақиятли эканлигини исботлаб турсагина сақлай олади.

Бундан ташқари, Украинадаги уруш тугаганидан кейин ҳам Россиядаги иқтисодий аҳвол фақат ёмонлашишда давом этади. Кремл репарациялар тўлашга тайёр эканига шама қилди (Кремлнинг расмий пропагандачиси Маргарита Симонян оғзи билан), Европа билан нефт ва газ савдосини аввалги ҳажмларда тиклаш амалда имконсиз. Буларнинг барчаси аҳоли норозилиги ва ички муаммоларни фақат навбатдаги уруш билан ҳал қилиш мумкинлигини билдиради.

Иккинчидан, Украинани Ғарб томонидан сулҳ имзолашга мажбурлаш шунақанги Пандора қутисини очиб юборадики, буни ҳозир тасаввур этиш ҳам қийин. Бир қатор демократик бўлмаган ва кичик бўлмаган давлатлар «шундай қилиш мумкин экан», деган хулосага келади. Яъни қўпол куч билан ўз қўшнилари ўртасидаги ҳудудий баҳсларни ҳал қилиб, мамлакат ичида ўз позицияларини мустаҳкамлашга киришишади. Хитойнинг Японияга ҳудудий даъволари борлигини эслаш кифоя. Нафақат Японияга нисбатан. Ҳиндистон ва Покистон, Аргентина ва Буюк Британия ва бошқа бир қатор давлатлар ўртасида ҳудудий баҳслар бор. Уларнинг бир қисми ядровий қуролга эга барқудрат давлатлар.

Буларни тўғри англаш бошқача ниятларда ёки қўрққанидан Кремл йўриғига юриб, Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечмоқчи бўлганларни яна бир қур ўз ҳаракатларини ўйлаб кўришларига умид қилишгина қолмоқда. Чунки бундай белгилар секин-аста бўй кўрсатмоқда.

Нима бўлганда ҳам НАТО бош котиби Йенс Столтенберг «президент Зеленский билан Украинадаги сўнгги воқеалар борасида ва НАТО саммитига тайёргарлик кўриш тадбирлари ҳақида жуда яхши суҳбат қургани, Вилнюсда иттифоқчилар узоқ муддатли истиқболда қўллаб-қувватлашни кучайтириш, Украинани НАТОга яқинлаштириш бўйича сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида қарорлар қабул қилиши» ҳақида таъкидлаб ўтган.

Зеленский эса ABС нашрига берган интервюсида Вилнюсга «шунчаки айланиб келиш учун» боришни истамаётгани, саммитда Украина алянсга таклиф олиши, НАТО аъзосига айлангунча бўлган муддатда хавфсизлик кафолатларига эга бўлишини кутаётганини айтиб ўтган. 

Мавзуга оид