АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар берди. Бу нимаси билан хавфли?
АҚШ президенти Жо Байден узоқ иккиланишдан кейин Украинага кассетали ўқ-дорилар юборилишига розилик берди. «Бу жуда оғир қарор бўлди, аммо украиналикларнинг снаряди тугамоқда», деди Байден. Улар тинч аҳоли учун хавф туғдириши мумкин. Бу фактни Оқ уйда ҳам рад этишмаяпти.
АҚШ мудофаа вазирлиги расмийси, Бирлашган штабнинг операциялар бўйича директори, генерал-лейтенант Дуглас Симс 13 июл куни Вашингтон Украинага кассетали ўқ-дориларни етказиб берганини маълум қилди.
Украина ҚК «Таврия» гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский ҳам шу куни CNN нашрига берган изоҳида украин қўшинлари ўқ-дориларни қабул қилиб олганини тасдиқлади, аммо улардан ҳали фойдаланилмаганини айтди.
«Биз уларни эндигина қўлга киритдик, биз уларни ҳали жангда қўлламадик, аммо улар жанг майдонидаги вазиятни кескин ўзгартириши мумкин. <…> Рақиб ҳам биз бу ўқ-дориларни қўлга киритиш орқали устунликка эга бўлишимизни тушунмоқда. Рақиб бу ўқ-дорилар қўлланиши мумкин бўлган позициялардан чекинмоқда», — деган у.
«Жуда қийин қарор бўлди»
АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар юборишга рози бўлгани ҳақида олдинроқ қатор нашрлар ёзганди. Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг сўзларига кўра, қарор қабул қилиш осон бўлмаган, аммо ҳамма бир овоздан бу энг тўғри йўл деган тўхтамга келган. Байденнинг барча маслаҳатчилари бир овоздан Украинага бундай ўқ-дорилар юборилиши кераклигини маслаҳат берган. Америкаликлар Украинани тўлиқ артиллерия снарядлари билан таъминлаш имконсизлиги сабабли ҳам шундай қарорга келган.
«Кассетали ўқ-дорилар портламай қоладиган снарядлар сабаб тинч аҳоли учун хавф туғдириши мумкинлигини тушуниб турибмиз. Айнан шу сабаб биз бу қарорни имкон қадар кечиктириб келаётгандик.
Аммо бир нарсани унутмаслик керак, Россия Украина позицияларини ёриб ўтиб, янада кўпроқ ҳудудларни босиб олиши ҳам украин халқи учун хатар ҳисобланади. Бу нарсалар артиллерия снарядлари етишмовчилиги сабаб юзага келишига эса йўл қўйиб бўлмайди», деган Салливан.
AFP нашрининг ёзишича, АҚШ Украинага бундай снарядларни ўз армияси захираларидан олиб юборади. Украина томони Россия 2022 йил декабр ойидан буён жанг майдонида кассетали ўқ-дорилардан фойдаланаётгани сабаб АҚШдан худди шундай снарядларни юборишни сўраб келади.
Аввалига Байден администрацияси бундай снарядларни Украинага юборишни кескин рад этган, бунга сабаб сифатида улардан фойдаланиш халқаро конвенция билан тақиқланганини келтирганди. Аммо бундай конвенцияни Россия ҳам, АҚШ ҳам имзоламаган. АҚШ бошқа иттифоқчилари Франция, Британия ва Германия кассетали ўқ-дориларни тақиқловчи конвенцияни имзолагани сабаб уларни Украинага юборишга иккиланиб турганди.
«Бу мен томонимдан қабул қилинган жуда қийин қарор бўлди. Айтганча, масалани иттифоқчилар билан ҳам муҳокама қилдик. Украинларнинг ўқ-дорилари тугамоқда, буни ҳам унутмаслик керак», деди Байден бу борада.
New York Times нашрининг ёзишича, Конгрессдаги демократлар Украинага кассетали ўқ-дорилар юборилишини қоралаган. Уларнинг фикрича, бундай снарядлар айниқса болалар учун хавфли ҳисобланади. Бир неча демократ ердан туриб ердаги нишонга отиладиган снарядлар жанглар тугагач ҳам портлаб, тинч аҳолига зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Бу қандай снаряд ўзи?
Кассетали ўқ-дори бу – артиллерия снаряди ва авиабомба бўлиб, унинг ичида бир нечта кичик ўқ-дорилар бўлади. Уларнинг бир қисми отилган вақтда портламай қолади ва жанг тугаганидан кейин, ҳатто бир неча йилдан кейин ҳам портлаши мумкин. Жейк Салливаннинг сўзларига кўра, АҚШ Украинага юбораётган кассетали ўқ-дорилар ичидаги 2,5 фоиз кичик ўқ-дорилар портламайди холос. Таққослаш учун, Россиянинг худди шундай турдаги снарядларида 40 фоизгача кичик снарядлар отилган вақтда портламайди.
Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга янги ҳарбий пакет учун миннатдорлик билдирди.
«АҚШ жуда керакли ҳарбий ёрдамни ўз вақтида юбормоқда. Украинани душман устидан, демократияни диктатура устидан ғалабага яқинлаштирадиган қатъиятли қадам учун АҚШ халқи ва президент Байдендан миннатдорман. Украина ҳарбий салоҳиятининг оширилиши ерларимизни қайтариб олишга ёрдам бериб, бизни тинчликка яқинлаштиради», деди Украина етакчиси НАТО саммити якунида.
АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар юбориши маълум бўлгач, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ўз Telegram-каналида Оқ уй собиқ матбуот котиби Жен Псакининг 2022 йил 28 февралда ёзиб олинган видеосини эълон қилди. Видеода Псаки «Кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш – ҳарбий жиноят» деб айтган.
Аслида ўша видео кесиб олинган брифингда Псаки эҳтиёткорлик билан гапирган ва кассетали ўқ-дорилар тинч аҳолига қарши ишлатилгани тасдиқланса, бу шубҳасиз ҳарбий жиноят бўлиши, АҚШ бу борада ўз баҳосини беришда халқаро жамоатчилик фикрига асосланишини айтган. Захарова эълон қилган видеодаги Псакига берилган саволда ҳам кассетали ўқ-дорилардан босқиннинг илк кунларида айнан Россия фойдаланаётгани ҳақида муносабат сўралганди. Байден администрацияси ҳам бу фактга бир неча бор эътибор қаратди.
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антоновнинг айтишича, бундай снарядлар Россиянинг Украинада олиб бораётган «махсус ҳарбий амалиёти»ни (Россияда урушни шундай аташади) тўхтата олмайди. «Вашингтоннинг Киевга фалокатли қурол беришдаги шафқатсизлиги ва безбетлиги ҳайратланарли. Байден администрацияси экспертлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва қонунчиларнинг бундай ҳаракатнинг гуманизмга қаршилиги ҳақида чиқишларига мутлақо бефарқ бўлди. Энди айнан АҚШ сабаб узоқ йиллар тинч аҳоли вакиллари субснарядлар портаб кетиши эҳтимоли кўринишидаги хатар билан яшашга мажбур», деди Россия элчиси.
Кассетали ўқ-дориларни ишлатиш ва уларни сақлаш тўғрисида 2008 йилда тузилган конвенция 123 та давлат, хусусан, НАТОнинг аксар давлатлари томонидан қабул қилинган. АҚШ, Россия ва Украина бу келишувга қўшилишни рад этган, аммо АҚШда ўша йилнинг ўзида 1 фоиздан кўпроқ қисми портламай қоладиган кассетали ўқ-дориларни ишлаб чиқариш, фойдаланиш ва юборишни тақиқловчи қонун қабул қилинади.
Ҳал қилувчи омил
Washington Post'нинг ёзишича, бундай снарядларнинг «портламаслик частотаси», яъни катта снаряд ичидаги кичик субснарядлар портламай қолиш фоизи унинг асосий фактори ҳисобланади. Пентагон томонидан 20 йил аввал эълон қилинган ҳужжатларда бундай снарядларнинг «портламаслик частотаси» 6 фоизни ташкил этиши айтилади. Яъни катта ўқ-дори ичидаги 72 та кичик ўқ-доридан 4 таси 4 та футбол майдонига тенг майдонга сочилиб кетиб, портламайди.
Жума куни Пентагонда Украина навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети доирасида қўшимча артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар, хусусан «қўшнишонли мукаммаллаштирилган ўқ-дорилар» ҳам юборилиши эълон қилинди. АҚШда кассетали снарядларни шундай аташади. Америкалик генарал Пэт Райдернинг айтишича, бундай снарядларни зирҳли техникаларни ёриб ўтувчи ўқлар ёки парчаланувчи ўқ-дорилар билан тўлдириш мумкин. Улар ҳужум қилаётган томон учун самарали ҳисобланади ва асосий вазифаси душман томоннинг кўпроқ аскарларини ўлдиришдан иборат.
Washington Post билан суҳбатлашган ҳарбий экспертларнинг фикрича, баёнотларда бундай снарядлар «портламаслик частотаси» жуда паст экани айтилаётгани улар нореал шароитда синовдан ўтказилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Жанг майдонида эса уларнинг қанчаси портламай қолиши аниқ эмас. WP нашрига кўра, америкалик артиллериячилар бундай ўқ-дориларнинг қанчаси портламаслиги у ишлатилган ҳудуд ва снаряд тушиш бурчагига ҳам боғлиқлигини айтган.
«Қандай ҳаракатланиши номаълум расво қурол»
BBC’нинг хавфсизлик масаласидаги мухбири Фрэнк Гарднернинг айтишича, кассетали ўқ-дориларни юбориш Вашингтоннинг урушдаги руҳий устунлигига салбий таъсир қилади. Уруш бошидан буён Россияни кўплаб ҳарбий жиноятларда айблаб келишмоқда. Хусусан, жанг майдонида кассетали снарядлардан фойдаланишда. Бу қарордан кейин эса АҚШни иккиюзламачиликда айблашлари мумкин.
Гарднернинг фикрича, кассетали ўқ-дорилар қандай ҳаракатланиши номаълум бўлган расво қурол ҳисобланади. Шу сабаб ундан фойдаланиш дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган. Бу қарори сабаб АҚШ ва иттифоқчилари ўртасида тушунмовчилик келиб чиқиши мумкин. НАТО ичидаги ҳар қандай парчаланиш эса Путин хоҳлайдиган нарса ҳисобланади.
Укриананинг ваъдалари
Украина ҳукумати кассетали ўқ-дорилардан максимал даражада эҳтиёткорлик билан фойдаланишини айтиб келади.
«Россия биздан 3-4 баравар кўп артиллерия снаряди ишлатмоқда. Кассетали снарядлар самаралироқ, улар орадаги катта фарқни билдирмасликка хизмат қилади. Россия бизга қарши бундай ўқ-дорилардан фойдаланаётган экан, биз ҳам улардан фойдаланишга тўлиқ ҳақлимиз», деб Украина мудофаа вазири Олексий Резниковнинг сўзларини келтирган Washington Post.
Резников Украина бу снарядларни шаҳарлар озод қилинганидан кейин тинч аҳолига зарар етказмаслиги учун фақат очиқ майдонлардаги жангларда фойдаланишини айтмоқда. Украиналик депутат Александр Устинов Украина жанг майдонларини барибир миналардан тозалаши, шундай экан, Вашингтон кассетали снарядларни ҳам бериши кераклигини айтганди.
Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари қарши
Уруш бошидан буён халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Россияни кассетали ўқ-дорилардан доимий тарзда, хусусан, одамлар яшайдиган районларда ҳам фойдаланишда айблаб келади. Баъзи ҳуқуқ ташкилотлари Украинани ҳам уруш давомида кассетали снарядлардан фойдаланишда айблаган. Гап совет давридан қолган эски снарядлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Шунингдек, тасдиқланмаган маълумотларга кўра Украинага Туркиядан бундай турдаги янги снарядлар юборилган бўлиши ҳам мумкин.
Ўтган ҳафтада Human Rights Watch украиналик тинч аҳоли вакиллари асосан Россия, шунингдек, Украина томони фойдаланган кассетали ўқ-дорилардан зарар кўраётгани ҳақида янги ҳисобот эълон қилди. Унда Россия ва Украина кассетали ўқ-дорилардан фойдаланмасликка, АҚШ эса уларни Украинага юбормасликка чақирилган. Украина президент девони вакили Михайло Подоляк бу ҳисоботни танқид қилди.
Иттифоқчилар ҳам қарши
АҚШ томонидан Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб берилиши шу вақтгача кам кузатиладиган ҳолатга сабаб бўлди – АҚШ ва иттифоқчиларининг фикри бир жойдан чиқмай қолди. Литвадаги НАТО саммити олдидан Британия, Канада, Янги Зеландия ва Испания бундай қурол Укрианага юборилишидан хавотирда эканини билдирди.
Янги Зеландия бош вазири Крис Ҳипкинс бундай ўқ-дорини «қаерга ҳаракатланиши номаълум» деб атади ва у нафақат уруш вақтида, балки ундан кейин ҳам тинч аҳолига зарар етказиши мумкинлигини айтди. Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес ҳам мамлакат Украинага бундай қурол юбормаслик керак деб ҳисоблашини айтди. «Украина ўзини ҳимоя қилиши керак, лекин бундай ўқ-дорилар ёрдамида эмас», деди Роблес хоним.
Канада томони эса портламай қолган снарядлар бир неча йил ўтиб портлаши оқибатида болалар жабрланиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Расмий Оттава кассетали ўқ-дориларни тақиқловчи конвенциядаги мажбуриятларига жиддий ёндашишини билдирди.
Германия эса ўзи бундай ўқдори юбормаса-да, АҚШнинг бу борада позициясини тушунишини маълум қилди. «Америкалик дўстларимиз бундай қарорни масъулиятини ҳис қилган ҳолда қабул қилганига ишонамиз», дейилади расмий Берлин баёнотида.
Мавзуга оид
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00 / 11.11.2024
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024