Ўзбекистон | 20:02 / 15.07.2023
20935
5 дақиқада ўқилади

Бош прокурор тергов, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишда йўл қўйилаётган хатоларни танқид қилган

Бироқ Бош прокуратура матбуот хизмати Ниғматилла Йўлдошев айнан қандай камчиликларни назарда тутганини очиқламаган.

Ниғматилла Йўлдошев Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

15 июль куни видеоселектор режимида ўтказилган Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига эътибор қаратди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

“Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато-камчиликларни кескин танқид остига олди”, дейилади идора матбуот хизмати хабарида.

Бироқ Бош прокурор айнан қандай камчиликларни танқид қилгани, танқидга учраган масъулларга қандай чора кўрилиши, бундан кейин ушбу йўналишда нима ўзгаришлар бўлиши жамоатчиликка очиқланмаган. Расмий релизда бу ҳақда лом-мим дейилмаган.

Бундан ташқари, ҳайъат йиғилишида судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати

“Бу борада янги тузилган Ихтисослашган прокурорлар корпуси ҳамда мураккаб ишлар бўйича қонуний ечим топишга кўмаклашувчи Маслаҳат кенгашлари фаолияти таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар белгиланди”, дейилади расмий хабарда.

Ўта силлиқ ва қуруқ расмий релизда яна Бош прокурор суд ишига асоссиз аралашув деганда қайси ҳолатларни назарда тутгани-ю, ноқонуний суд қарорлари деганда нимани тушуниш кераклиги мавҳумлича қолган. Ҳолбуки авваллари танқидлар аниқ мисоллар орқали изоҳланар ва ўқувчи гап нима ҳақида кетаётганини осонгина англаб олиши мумкин эди.

Кези келганда, Бош прокуратура матбуот хизмати кейинги пайтда ўқувчига айтарли ҳеч қандай маълумот бермайдиган баёнотлар беришнинг ҳадисини олганини, илгаригидан фарқли ўлароқ ёпилиб олганини таъкидлаш ўринли назаримизда.

Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурор этиб тайинланган илк пайтларда ҳайъат йиғилишларида шов-шувли жиноятлар ва рақамлар очиқланган, жамоатчилик бу очиқликни Бош прокуратурага муносиб номзод тайинлангани билан изоҳлаганди.

Эътибор қилинг, 2 йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилгани, 1591та тиббий муассасанинг 82 фоизида молиявий қонунбузарликлар аниқлангани, шифокорлар беморларга дори-дармон буюриш, текширувларга юборишни «бизнес»га айлантириб юборгани, 277 мингта ҳолатда гипс қилиш учун тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилгани, «Ўзмедимпекс» корхонаси дори воситаларини қиммат сотиб олиб, бюджетга 9,3 млн доллар ва 4 млрд сўм зарар етказгани ҳақидаги баёнотлар ҳали эсимиздан чиққани йўқ.

Бош прокуратура матбуот хизмати

Ёхуд Ўзбекистонда сўнгги икки йилда 5 нафар ректор, 5 нафар проректор, 15 нафар декан жиноят содир этгани, 58 нафар олий таълим ходими ўқишга киритиш масаласи бўйича жиноий жавобгарликка тортилгани, 4 маротаба судланган фуқаро Олий таълим вазирлигида масъул лавозимда ишлагани, прокуратура тизимидаги 180 нафарга яқин раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилгани ёки интизомий жавобгарликка тортилгани, қурилишга ажратилган 75 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани, 2019 йилда «коррупцияга мойил» деб топилган 100 нафар прокуратура ходими ишдан бўшатилгани, 2 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида етказилган зарар 2 триллион сўмдан ошгани ҳақидаги ҳисоботларни унутиб бўлармиди?!

Тўғри, буларнинг аксария Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида очиқланган маълумотлар. Бироқ Бош прокуратуранинг ҳайъат йиғилишлари ҳам бундан кам ўтмайди, агар идора раҳбарияти ва матбуот хизмати президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир йиғилишда таъкидлаётганидек, очиқлик ва шаффофлик сиёсатига хайрихоҳ бўлишса, бу ишлар тўтаб қолмаган бўларди, бизнингча. Ҳайъат йиғилишларини қўя турайлик, кейинги пайтда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг йиғилишлари тафсилотлари ҳам олдингидек жамоатчиликка очиқланмаяпти.

Аслида Бош прокуратура фаолиятида очиқлик ва шаффофлик унутиб қўйилаётгани ҳақидаги мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Насиб этса бу ҳақда навбатдаги мақолаларимизда сўз юритамиз.

Мавзуга оид