Жаҳон | 13:34 / 15.07.2023
31107
10 дақиқада ўқилади

Тақдир ғаройиботлари: самолётнинг олд ойнасидан чиқиб кетган учувчи қандай тирик қолганди?

1990 йилда Британиядан Испанияга учаётган самолётнинг олд ойнаси узилиб кетади. Учувчилар кабинасига кирган кучли шамол экипаж командирини ташқарига тортиб кетади. Учувчи самолётдан чиқиб кетар экан оёғи штурвалга илинади, танаси фюзелажга ёпишиб қолади. Шу пайтда сониялар ичида борт кузатувчи унинг оёғидан тутиб қолади. Самолётни қўндиришганида учувчи тирик қолган, бироқ танасининг аксарият қисмини совуқ урганди

Авиация тарихида жуда кўп турли ҳодисалар юз берган. Уларнинг айримлари фожиа билан тугаб, одамлар ҳалок бўлган. Бошқаларида эса йўқотишлар бўлмай, барчаси яхшилик билан тугаган.

1990 йилда Британиядан Испанияга парвоз қилган BAC 1-11 самолёти билан содир бўлган ҳодиса ҳам қайғули якун топиши, самолёт учувчиларсиз қолиб ҳалокатга учраши ва ундаги барча ўлиб кетиши мумкин эди.

Бироқ барчаси яхшилик билан тугайди ва экипаж командири ҳамда борт муҳандиси танасининг бир қисмини совуқ урганини ҳисобга олмаса, бошқа йўқотишлар бўлмайди.

Самолёт

BAC 1-11 реактив самолёти ўрта масофаларга учишга мўлжалланган бўлиб, уни Британиянинг British Aircraft Corporation компанияси 1960-йиллар бошида ишлаб чиқара бошлаган.

Самолётнинг дастлабки синов парвози 1963 йилда муваффақиятли ўтказилган. 1965 йилдан бошлаб унда йўловчи ташишни бошлашган.

BAC 1-11 самолётларидан жами 244 дона ишлаб чиқарилган бўлиб, ундан асосан Британиянинг British Airways ва АҚШнинг American Airlines авиакомпаниялари фойдаланган.

Самолёт 80-90 нафар атрофида йўловчи ўрни бўлган ва уларга асосан олти нафар экипаж аъзоси хизмат кўрсатган.

BAC 1-11 самолётлари Rolls Royce компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита двигател билан ҳаракатланган. Унинг максимал тезлиги соатига 871 километр бўлиб, самолёт 10 670 метр баландликкача кўтарила олган.

Британиядан Испанияга парвоз қилган BAC 1-11 1971 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, у ҳодиса содир бўлган кунгача 37 724 соат парвоз қилган эди.

2019 йилда British Airways BAC 1-11 самолётларидан фойдаланишни тўхтатган. Бироқ дунёнинг жуда кўп давлатларида ундан фойдаланишда давом этишмоқда.

BAC 1-11  самолёти / Фото: commons.wikimedia.org

Ҳодиса

1990 йил 10 июн куни Британиянинг British Airways авиакомпаниясига қарашли BAC 1-11 самолёти Бирмингемдан Испаниянинг Малага шаҳрига қараб парвоз қилади. Ўша куни унинг бортида 81 нафар йўловчи, 6 нафар экипаж аъзолари бор эди.

Самолёт Бирмингем аэропортидан соат 7:20 да ҳавога кўтарилади. Орадан 13 дақиқа ўтгач самолёт Оксфордшир графлигида жойлашган Дидкот шаҳри тепасида 5273 метр баландликда уча бошлайди.

Экипаж командири Тим Ланкастер ва иккинчи учувчи Аластар Атчинсон хавфсизлик камарини тақиб бемалол бўлишади. Борт кузатувчилари эса йўловчиларга овқат тарқата бошлашади.

Шу пайтда самолёт кабинасининг чап томонидаги олд ойна фюзеляждан ажралиб чиқиб кетади. Учувчилар кабинасига кирган кучли шамол хавфсизлик камарини тақиб ўтирган экипаж командирини креслосидан юлиб олади ва ташқарига тортади.

Шу пайтда учувчининг оёғи штурвалга илиниб қолади. Ана шу ҳолат учувчининг самолётдан учиб чиқиб кетишига тўсқинлик қилади ва уни муқаррар ўлимдан сақлаб қолади.

Кучли шамол Тим Ланкастерни фюзелажнинг том қисмига, учувчилар кабинаси тепасига юзи тепага қараган ҳолда ёпиштириб қўяди. Ўша пайтда учувчилар кабинасида бўлган борт кузатувчиси Найжел Огден дарҳол учувчининг оёқларига ёпишади.

Фото: natgeotv.com

У кучли совуқ шамол эсаётганига қарамасдан экипаж командирининг оёқларини қўйиб юбормайди.

«Мен кучли шовқин эшитдим ва дарҳол учувчилар томонга қарадим. Самолётнинг чап томонидаги ойнаси йўқ, экипаж командири Тим Ланкастернинг фақат оёқлари кўриниб турарди. Дарҳол унинг оёқларига ёпишдим», деган эди кейинчалик Найжел Огден.

Вазият жуда таҳликали эди. Экипаж командирининг оёғи Найжелнинг қўлидан чиқиб кетиши ёки уларнинг ҳар иккаласини ҳам тортиб кетиши мумкин эди. Шамол ҳатто иккинчи учувчининг самолётни бошқаришига халал бериши мумкин эди.

Бундай ҳолатда самолёт ҳалокатга учраб ундаги барча одамлар ҳалок бўлиши тайин эди. Вазият қалтислигини англаб турган борт кузатувчиси Найжел матонат билан экипаж командирининг оёғини маҳкам ушлаб туради.

Бироқ ўша пайтда самолётга кираётган кучли совуқ шамол унга урилар, Найжел бундай ҳолатга узоқ дош бера олмаслиги аниқ эди. Шу сабабли икки нафар борт кузатувчилари дарҳол унга ёрдамга етиб келишади. Бошқалари эса йўловчиларни тинчлантириб, барча хавфсизлик камарларини тақиб олиши лозимлигини айта бошлашади.

«Мен Тимни ушлаб турар эканман, кучли шамол унга қўшилиб мени ҳам тортиб кета бошлади. Шу пайтда борт кузатувчиларидан бири дарҳол камаримдан маҳкам ушлаб мени тутиб қолди. Шунда ҳам Тимни узоқ вақт ушлаб тура олмасдим. Борт кузатувчиси унинг тўпиғидан креслога боғлаб қўйди. Шу пайтда учувчилар кабинаси эшиги олдида турган борт кузатувчиларидан бири «Уни қўйиб юборишимиз керак» деди. «Мен ҳеч қачон бундай қилмайман. Бундай қилсам унинг оила аъзоларининг кўзига қандай қарайман?» деб жавоб бердим», дея эслаганди ҳодисани Найжал Огден.

Ҳодиса аввалида кучли шамол экипаж командирини тортиб кетар экан, шу пайтда алоқа ускунасига зарар етади. Оқибатда учувчилар ва диспетчерлар ўртасидаги алоқа узилиб қолади.

Бу пайтда самолёт учаётган баландликда ҳаво ҳарорати қарийб 20 даража совуқ бўлиб, кучли шамолда фюзелаж тепасига ёпишиб қолган экипаж командирининг тирик қолиши даргумон эди.

У фюзелажга ёпишиб қолган заҳоти устидаги кийимларини шамол юлқиб тортиб кетган, эгнида фақат шими қолган эди. Бундай шароитда у совуқ ҳавога узоқ дош бера олмасди. Шу сабабли экипаж командирини ушлаб турган борт кузатувчилари уни ҳалок бўлди деб ўйлай бошлашади.

Фото: wiadomosci.gazeta.pl

Иккинчи учувчи ҳодиса содир бўлган пайтдаёқ ўзини йўқотиб қўймайди ва дарҳол бошқарувни қўлга олади. Сўнг автопилотни ёқиб, авариявий қўнишни амалга ошириш учун самолётни ортга қайтариб пастлай бошлайди.

Иккинчи учувчи диспетчерлар билан боғлана олмагач дарҳол огоҳлантириш сигнали юборади ва Лондондаги Гатвик аэропортига қўнишга рухсат сўрайди. Унга самолёт учаётган жойга энг яқин бўлган Саутгемптон шаҳри аэропортига қўнишга рухсат беришади.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб самолёт Саутгемптон аэропортига муваффақиятли қўнади. Дарҳол йўловчиларни эвакуация қилиш ишлари бошланади. Энг аввал экипаж командирини шифохона олиб кетишади.

Жони қаттиқ учувчи

Оғир вазиятга тушиб қолганига қарамасдан экипаж командири тирик эди. Уни дарҳол шифохонага етказиб боришади. Текшириб кўрилганда учувчи танасининг кўп қисмини совуқ ургани ойдинлашади.

Бундан ташқари, унинг ўнг қўли, чап қўлидаги бир нечта бармоғи синган, танасининг бир нечта қисми жароҳатланган эди.

Экипаж командири бир неча ой даволанади ва ҳодисадан олти ой ўтиб яна ўз ишига қайтади ва самолётларни бошқариб парвоз қила бошлайди. Бир неча йилдан сўнг Тим Ланкастер 55 ёшга тўлганда авиакомпания уни нафақага чиқаради.

Шифохонада даволанаётган экипаж командири ҳамкасблари билан Фото: www.alamy.com

Экипаж командирини оёғидан ушлаб турган борт кузатувчиси Найжел Огденни текшириб кўришганда унинг елкаси чиқиб кетгани, юзи, қулоқлари ва кўзини совуқ ургани ойдинлашади.

Умумий ҳисобда кабина ойнаси чиқиб кетгандан самолёт ортга қайтиб қўнгунча 22 дақиқа вақт ўтган ва Тим Ланкастер шунча вақт қарийб 20 даража совуқда, соатига 700-800 километр тезликда учаётган самолёт фюзалежга ёпишган ҳолда ўтказади. Бундай ҳолатда унинг тирик қолиши мўъжиза эди.

Ҳодиса юзасидан текширув

BAC 1-11-528FL самолёти билан содир бўлган салбий ҳодиса юзасидан Британия авиация ҳодисаларини тафтиш қилиш бўлими томонидан суриштирув олиб борилади.

Суриштирув давомида самолётга 27 соат олдин янги олд ойна қўйилгани, Бирмингем-Малага қатнови янги ойна қўйилгандан кейинги илк парвоз бўлгани аниқланади.

Учувчилар кабинасидаги ойнанинг ўрни текшириб кўрилганда уни фюзелажга ўрнатишда ишлатилган 90 та болтдан 84 таси белгилангандан кичик ўлчамда бўлгани маълум бўлади. Энг қизиғи эски олд ойна ҳам ўша болтлар билан қотирилгани ва самолёт шу тарзда 4 йил парвоз қилгани ойдинлашади.

Ҳодисани тафтиш қилган бўлимнинг якуний хулосасида ҳодисага British Airways авиакомпаниясининг Бирмингем аэропортидаги техник хизмат кўрсатиш базаси бошлиғи айбдор экани кўрсатилади. Янги олд ойна унинг бўлими томонидан ўрнатилган эди.

База бошлиғи парвоздан олдин самолётни кўрикдан ўтказишда ўз ишига совуққонлик билан қараган деб топилади. Жумладан, парвоздан олдин янги олд ойна қўйилган пайтда база бошлиғи уни қотириш учун кичик размерли болтлар ишлатилаётганига эътиборсизлик қилган.

Кўп ўтмай иккинчи учувчи Аластар Атчисон, борт кузатувчилари Найжел Огден ва унга ёрдам берган Сюзан Гиббинс мукофотланади. 1992 йилда Аластар Атчисон халқаро учувчилар уюшмасининг махсус мукофоти билан тақдирланади.

AMERICAN AIRLINES фойдаланган BAC 1-11 самолёти. Бу самолётларда иккита двигател қанотларга эмас, унинг дум қисмига ўрнатилган. Фото: www.surclaro.com

Шу ҳодисадан сўнг British Airways авиакомпанияси BAC 1-11 самолётларидан фойдаланишни бутунлай тўхтатади. Компания бу турдаги самолётларнинг барчасини сотиб юборади.

Кейинчалик мазкур воқеа ҳақида ҳужжатли филмлар ишланади. Британиялик таниқли ёзувчи Стэенли Стюарт эса «Фавқулодда ҳолат: самолёт кабинасидаги нохуш ҳодиса» асарини ёзиб чоп эттиради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид