“Ўзбекистонда IELTS'га тил билиш даражасини эмас, билимни баҳолаш сифатида қараляпти” — экспертлар «IELTS'мания» ҳақида
“IELTS'сиз ўқишга киролмайман, ишга жойлашолмайман, сертификатсиз ойлигим кам бўлади ёки ошмайди” — инглиз тилини ўрганаётган кўпчилик ёшларда шундай ўй-фикр ҳукмрон. Бу ўзи ижобий ҳолатми? Ёки бунинг салбий жиҳатлари борми? Kun.uz мавзу юзасидан соҳа мутахассислари билан суҳбат ташкил этди.
Бугун инглизчани ўрганаётган ёшлардан бу тилни ўзлаштиришдан мақсадини сўрасангиз, уларнинг аксарияти IELTS олишим керак, деб жавоб беришади. Бу сертификат ёшларнинг ҳаётида ўзи қанчалик аҳамиятга эга? Kun.uz мавзу атрофида кичик сўровнома ўтказди.
Ёшлар нега IELTS'дан юқори балл олишга ҳаракат қилади?
Kun.uz сўровномасида қатнашган тил ўрганувчилар IELTS сертификати уларга ўқиш ва яхши жойга ишга кириш учун кераклигини билдирди, уларнинг кўпчилиги 7 ва ундан юқори балл олишни исташини айтди. Улар IELTS'дан оладиган баллари олдларига қўйган мақсадларига эришишга қанчалик боғлиқлиги ҳақидаги саволимизга қуйидагича жавоб беришди.
— Агар мен паст балл оладиган бўлсам, ўқитувчи бўла олмайман бу соҳада. Ўқитувчи бўлиш учун яхшигина натижа керак. Ўқувчи ҳам, масалан, ўзим ҳам хоҳламайман паст балл олган ўқитувчида ўқишни.
— Баъзи чет эл университетлари юқори балли IELTS сертификатларини талаб қилади. Яхши олийгоҳга топширишим учун муҳим аҳамиятга эга.
— Қанчалик юқори балл олсам, мақсадларимга шунчалик тезроқ эриша оламан деб ўйлайман.
— Юқори балл олсангиз, яхшироқ жойда ишлаш имкони бўлади.
— Катта рол ўйнайди. Масалан, Вестминстер университетига грантга киришим учун 7 баллдан юқори бўлиши керак. Айнан шунинг учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Респондентлар орасида IELTS — оддий бир сертификат” эканини, инглиз тилини эса шунчаки ўзи учун ўқишини айтганлар ҳам бўлди.
“IELTS баллига қараб грант белгилашнинг ўзи хато”
Ўзбекистондаги тажрибали IELTS инструкторларидан бири Бекзод Мираҳмедов (IELTS’дан 9 баллга эга) фақат баллга катта эътибор қаратишни нотўғри деб ҳисоблайди.
“Ўзи IELTS баллари у даражада аҳамиятли бўлиши керакмас. Яъни 5,5 га ҳам, 8 га ҳам бир хил қаралиши керак. Америка, Англияда шундай. Чунки талаб даражасидан ўтди, бўлди. Сўралган нарса бажарилди. Корея, Япония каби давлатларда балл муҳим ҳисобланади, грантлар ҳам шунга боғлаб қўйилган. Билмадим, балки уларда бошқа мезон йўқдир. Масалан, ўзим ўқиган Вестминстер университетида шундай. IELTS'дан қанчалик юқори балл олса, грант ютиш эҳтимоли шунчалик ошади. Шу учун болалар ўз йўналиши бўйича нимадир ўрганиш ўрнига IELTS'дан юқори балл олишга вақт сарфлаб қўйяпти. Менимча, IELTS баллига қараб грант бериш нотўғри нарса. Маҳаллий ОТМларимизда 5,5га ҳам 8 баллгаям бир хил имтиёз беришади, тўғри йўл бу.
Яна бир нарса бор. Мақсад ва орзу бошқа-бошқа нарсалар ўқувчиларда. Ўзи 8-8,5 балл хоҳлайман дейди, лекин ўзига кераклиги 6-6,5 бўлиши мумкин. Қайсидир таниши юқори олгани учун ота-онаси унгаям шу талабни қўяди. Бир томондан яхши, бекор юргандан фойдали иш билан шуғулланади, лекин мақсадларни тўғри қўйиш керак”, дейди у.
Яна бир IELTS инструктори Ҳусниддин Усмоналиевнинг фикрича, йилдан йилга юқори балл олишга қизиқаётган ёшлар сафи ортяпти.
“Ўзбекистонда IELTS энди оммалаша бошлаган пайтда 5,5 даража олиш ҳам катта гап эди. Эслайман, лицейдаги курсдошим 5,5 даража олганда, уйида базм қилиб берганди. Ҳозир эса жуда осонлашиб кетди бу даражани олиш. Чунки борган сари бизда ҳам тил ўрганувчиларнинг инглиз тилини билиш даражаси ошяпти. IELTS'да юқори балл сифатида 7 ва ундан баланди кўрилади. Лекин осонмас бу даражани олиш. Камида 1-1,5 йил ўқиш керак бўлади”, дейди Ҳусниддин Усмоналиев.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси, жамиятшунос Завқиддин Гадоев ёшлардаги тушуниб-тушунмай балл изидан қувишини беҳуда вақт йўқотиш деб ҳисоблайди.
“Талабалар орасида айримларни IELTS'дан пастроқ балл олганда, хафа бўлиб юрганини кўраман. Мен 7 олмоқчийдим, 6 олдим, дейди. Яна тайёрланиб 7 оламан, бу нарса келажагимга керак, дейди. Лекин айнан нима учун кераклигини аниқ айтолмайди. Ҳали келажаги ҳақида мавҳум тасаввури бор, лекин IELTS орқали келажаги ёрқин бўлишига ишонади улар. Бекорга IELTS'нинг муддати 2 йил эмас. Шу 2 йилда қаергадир ўқишга киради ё ишга. Қолгани ўзига боғлиқ бўлади”, дейди жамиятшунос.
Ўзбекистонда IELTS'га “муккасидан кетиш” қачондан бошланди?
Ўзбекистонда тил ўрганувчиларнинг асосий гуруҳига ҳаётининг қайсидир босқичига ўтиш учун IELTS сертификати керак. Шунинг учун уларга инглиз тилини ўрганишдан ҳам кўра сертификатни олиш кўпроқ муҳим. Агар сохта сертификат билан ишни ҳал қилиш имкони бўлганда, катта эҳтимол, инглиз тилини ўрганмасдан “сертификат” олувчилар сафи ортиб кетарди.
Бекзод Мираҳмедов:
— 2007-2008 йиллардан фаолиятимни бошлаган бўлсам, у пайтлар бу даражада қизиқиш йўқ эди. 2014-2015 йилларда Ўзбекистонда IELTS «мания»си даври бошланди десак бўлади. Лекин асосан 2017-2018 йилларга келиб яққол ўртага чиқди IELTS'га муккасидан кетиш. Шу йиллардан кейин давлат даражасидаги қарорларда ҳам IELTS'га эътиборни кўриш мумкин бўлди.
Завқиддин Гадоев:
— Айни шу йилларда олий таълимга ўқишга киришда ҳам тил билиш сертификати талаб қилина бошланди. Бу орқали ўқув марказларида IELTS ўқитиш кучайди. Бундан ташқари, Европа ва Америкага ўқишга топширадиганларга ҳам бу сертификат кераклиги. Чет эл олийгоҳларида бу сертификат шунчаки тил билиш, дарсларга қатнаша олиш даражасини билиш учун керак. Бизда эса билимни баҳолаш сифатида қабул қилиняпти. Қизиқиш сабабларидан яна бири – миграция. Айниқса, ақллилар миграциясида тил билиш даражаси муҳим, албатта.
Ҳусниддин Усмоналиев:
— Ҳозирги кунда бутун дунёда IELTS'га бўлган қизиқиш ортиб боряпти. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам. Асосан ривожланиб бораётган мамлакатлар: Таиланд, Филиппин, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Вьетнам каби давлатларда эътибор кучли. IELTS'га ҳужжат топшириш бўйича етакчи давлатлар 10 талигида Ўзбекистон йўқ ҳозирча. Лекин яқин йилларда кириш эҳтимоли бор. Чунки ҳар йили Ўзбекистонда талаб ошиб боряпти.
“IELTS сертификатисиз мақсадларимга эришишим қийин”
Kun.uz сўровномасида қатнашган ёшларнинг кўпчилиги IELTS сертификатисиз ҳам мақсадларингизга эришишга ишонасизми – деган саволга ишончсизлик ва иккиланиш билан жавоб беришди.
— Йўқ, IELTS олиш керак деб биламан.
— Сертификатсиз ҳам эришса бўлади, фақат кўпроқ пул керак.
— Йўқ, IELTS керак бўлади. Инглиз тилини билишни кўрсатиб туради ҳужжатларда. Сертификатсиз тил билиш даражасини билишолмайди.
— Бўлади, лекин бироз қийинроқ бўлади. Сертификат билан осонроқ.
— Ишонаман, лекин қийин бўлади сал.
Бекзод Мираҳмедов:
— Ростдан ҳам кўп нарса сертификатга боғлаб қўйиляпти. Ўқитувчиларга устама беришда ҳам қўлланяпти. Кенг қамровли, барча мамлакатларга ўтадиган сертификат бўлгани учун ёшларда ҳам IELTS'га қизиқиш катта. Бир томондан IELTS'га эришиш одамда ўзига ишонч уйғотади. Бизда одамларга эргашиш деган нарсаям бор, яъни ҳамма оляпти, менам олай, деган тушунча бўлади. Ўзим учун олиб қўйдим дейди кўпчилик. Асосан, ёшлар ўртасида оммалашган бу.
Ҳар бир касбга IELTS талаб қилиняпти. Давлат чиқараётган қарорлар ҳам ҳисса қўшяпти бу жараёнга. Ўзи IELTS тести икки мақсадда топширилиши керак: олийгоҳларга ўқишга кириш учун ва миграция қилиш сабабли. Миграция учун махсус IELTS турини бизда топширишмайди, 1 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Бу деганики, бизда 99 фоиз одам ўқиш учун мўлжалланган IELTS топширяпти. Лекин мақсадлари бошқа бўлиши мумкин. Бир тарафдан инглиз тилини билиш яхши, лекин бу сабаблар IELTS'нинг «илоҳий»лашиб кетишига олиб келяпти. Бунда ўқув марказларининг ҳам таъсири бўлиши мумкин, лекин давлатнинг ўзи инглиз тилини билиш даражасини аниқлашни IELTS бериб қўйяпти тўлиқ. Бунга сабаб тестлар орасида энг оптималлашгани IELTS тести экани бўлса керак. Мен учун ҳам шундай.
Ҳусниддин Усмоналиев:
— IELTS'нинг оммалашишига ўқув марказларининг таъсири катта эмас. Шунчаки талабга яраша таклиф ошяпти. Бу ерда ўқув марказлари бир восита холос. Демакки, талаб ошиб боряпти IELTS'га.
Завқиддин Гадоев:
— Бу ижобий тенденция. Чунки чет тилини билиш инсонга кўп эшикларни очади. Бундай кадр кейинги билимларни олишга тайёр бўлади. Бутун дунёдаги маълумотлар базасининг 80 фоизидан ошиғи инглиз тилида. Мутахассисларимиз бирламчи маълумотларга тўғридан тўғри чиқиши керак. Биз Ўзбекистон шароитида маълумотларни рус тили орқали оламиз, бу эса ҳақиқийлигини йўқотади маълум даражада. Шу сабабли ҳам урғу бериляпти инглиз тилига.
Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Масалан, талабаларга биринчи дарсга кирганимда улардан мақсадини сўраб кўраман. Бизда педагогикага йўналтирилган талабалар тайёрланади асосан. Лекин жуда озчилик ўзини педагогика билан боғлайди. Аксарият ўғил болалар чет элда ўқиш, ишлаш ёки умуман, яхши пул топиш учун чет тилини ўрганаётганини айтади.
Талабаларга ўзи танлаган соҳа бўйича билимларнинг паст даражада берилиши, бу билан жамиятда ўз ўрнини кўра олмаслиги ёшларни чет тилига боғлаб қўйяпти. Улар ўз фаровонлигини чет элда ёки Ўзбекистондаги четга боғлиқ бўлган бирор жойда деб билишади.
“Инглиз тилида эркин сўзлашувчи авлод шаклланса, IELTS аҳамиятини йўқотади”
Бугунги кунда ишга қабул қилишда ҳам кадрнинг хорижий тилни билиши кўп нарсани ҳал қиляпти. Ўз соҳасини яхши билмаса-да шунчаки тил билишнинг ўзи катта маошли жойларни банд қилишга ва унга ишонч билдирилишига асос бўлаётгани ҳам сир эмас.
Бекзод Мираҳмедов:
— Ривожланаётган давлатмиз. Маълумотлар олишимизда инглиз тили жуда муҳим ҳозир. Ўзбекистон олдиндан инглиз тили ривожланган давлат эмас. Ҳозир ёшларда эътибор кучайган. Лекин етарли эмас. Иш жойларда инглиз тилини сўраш, айтганимдек, бир томондан яхши. Чунки ўз устида ишлашга имконияти кўпроқ бўлади.
Ҳозир инглиз тилида бемалол гаплаша оладиган авлод етишяпти. Кўпчилик билиб бошлаган вақтда IELTS'га ҳам эътибор камаяди. Худди ҳозир диплом борми-йўқми, иш билсин, дегандек, IELTS бўлиши шартмас, тилни билсин, дейдиган бўлади. Текширувчиларнинг савияси ҳам шунга бориши керак. Яъни ишга қабул қилаётганда, сертификат сўраб эмас, айнан ўзи билолса даражасини.
Завқиддин Гадоев:
— Тил билган мутахассис ўз соҳасида маълум бир миқдорда устун бўлиши мумкин. Лекин бу вақтинчалик жараён. Тил шунчаки восита эканини эсдан чиқармаслик керак. Кейинги 5-10 йилдан кейин тил билувчи мутахассис сифатида ишсиз қоласиз, деб айтаман талабаларга. Чунки келажакда инглиз тилини билиш оддий ҳол бўлиб қолади. Шунинг учун мутахассисликни юқори даражада ўрганиш керак, мутахассисликка эса чет тили орқали кириб бориш яхши.
“Болалар инглиз тилини ўрганиши керак, IELTS'ни эмас”
Бизнинг мақсадимиз тил ўрганиш бўлиши керакми ёки сертификат изидан қувиш? Мақсадларда чалғимаслик учун бу жараёнга қандай ёндашиш керак?
Ҳусниддин Усмоналиев:
— IELTS'сиз ўқишга киролмайман, ишга жойлашолмайман ёки ойлигим ошмайди каби босимлар билан ўқийди кўпчилик ўқувчилар. Одам ўзи учун, мароқ билан инглиз тилини ўқиса, қийналмайди IELTS олишга.
Бекзод Мираҳмедов:
— Яқинда 4-синф бола IELTS олди. Мен бу даражада берилиб кетишга қаршиман. IELTS ёши катталарга мўлжалланган, ёш болалар бунда катта стрессда бўлади. Кўп ўқитувчилар мақтанади ёш ўқувчиси IELTS олгани билан. Бу ўз мақсади йўлида болани қурбон қилиш.
Бизда IELTS'га тайёрланишни бошлаган одам умумий инглиз тилини ўрганишни тўхтатади. Кўпчилик IELTS инглиз тилининг юқори нуқтаси деб ўйлайди. Кейин тил билиш даражаси қотиб қолади. Ёш болалар инглиз тилини ўрганиши керак, IELTS'ни эмас.
IELTS сертификатига жуда катта эътибор бериш керакмас. Бир нарсанинг ортидан кўп қувавермаса, ўшанда эришилади ўзи. IELTS'нинг асоси инглиз тили, шунинг учун олдин инглиз тилини ўрганиш керак. Тилни эса секин, ўзини мажбурламасдан, йиллар давомида ўрганиш лозим. Ўшанда мукаммал кўринишга ҳам етиб келади.
Завқиддин Гадоев:
— Ўзбекистонда меҳнат қилаётган хитойликларни кўп кузатаман. Бир вақтнинг ўзида бир нечта тилни билади, жуда яхши эмас, ўз фикрини тушунтиришга етарли даражада. Аммо ўз соҳасининг зўр мутахассиси. Биздаям худди шундай бўлиши керак. Яъни тил ўз соҳасини ривожлантириш учун хизмат қилиши керак кишига. Ёшлар тушунтириш керакки, тилни маълум даражада ўрганиб, қолганига ўз соҳаси бўйича чуқур билимларга интилиш керак. Қарайлик, чет элга чиққан ёшларнинг тил билгани нима қиляпти, тил билан ўз соҳасини яхши билгани нима қиляпти? Фақат тил билгани официантлик қилаётган бўлиши мумкин, лекин соҳасини яхши билгани яхши жойларда ишлаяпти.
Мақсуда Абдуқаюмова, журналист
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳматов
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
13:27 / 14.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг IELTS'даги натижалари сезиларли яхшиланди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024