Жаҳон | 16:28 / 17.07.2023
45476
3 дақиқада ўқилади

Тинч океанида уч ой сузиб юрган денгизчи қутқарилди

Австралиялик ва унинг ити апрел ойидан буён океанда қолиб кетганди.

Фото: 9news

Тинч океанида қарийб уч ой мобайнида хом балиқ еб ва ёмғир сувини ичиб жон сақлаган австралиялик денгизчи Тим Шэддок ўзини яхши ҳис қилмоқда. 12 июл куни 51 ёшли австралиялик ва унинг Белла лақабли ити Мексика соҳиллари яқинида балиқ овловчи траулер томонидан қутқарилди.

Сиднейда яшовчи Шэддок денгизда саёҳат қилишни хуш кўради. Апрел ойида у Мексикадан Француз Полинезиясига қадар 6 минг километрдан ортиқ масофани сузиб ўтишга қарор қилади.

Унинг кичик кемаси Мексиканинг Ла-Пас портидан йўлга чиққанди, аммо бир неча ҳафта ўтиб бўрон туфайли кема электроникаси ва радиоалоқа тизими ишдан чиқади, шундан кейин катер океан сувларида эркин суза бошлайди.

Ҳозирча австралияликни қидириш ишлари қандай кечгани, бу иш қандай кўламда бўлгани ва нима учун икки ой давомида натижа бўлмагани маълум эмас; хабар қилишларича, фақат 12 июл кунига келиб қайиқни вертолёт пайқаб қолган, шундан кейин у жойлашган нуқтага тунец балиғини овлашга мўлжалланган траулер етиб борган.

«Мен денгизда жуда оғир синовдан ўтдим. Энди дам олишим ва яхши овқатланишим керак. Узоқ вақтдан буён тўйиб овқатланмаяпман», – деган Тим Шэддок дам олиш кунлари денгизчи қутқарилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган Австралиянинг 9 News телеканали журналистларига.

Шэддок соғлигида муаммо йўқлигини айтган. Унинг итининг ҳолати ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Денгизчининг айтишича, балиқ овловчи тўри омон қолишда қўл келган, унинг ёрдамида балиқ овлаб, ити билан бирга хом балиқ еб яшаган. Улар ёмғир сувини ичишган. Австралиялик ўз кемаси соябони остида қуёшдан сақланган.

Шэддок ва ити Белла маълум вақтни Мексика шифохонасида шифокорлар назорати остида ўтказиши кутилмоқда.

Шэддок ва унинг итига ёрдамга етиб келган Maria Delia траулери экипажи аъзолари уларнинг қутқарилишини ҳақиқий мўъжиза деб ҳисоблашади.

Денгизчиларнинг сўзларига кўра, Тинч океанининг шимолий қисмидаги сувлар австралияликда бўлганидек кичик қайиқлар учун ўта хавфли саналади.

Австралиялик профессор, океанда қолиб кетган одамларни қутқариш соҳасига ихтисослашган Майк Типтон 9 News учун интервюда Шэддок билан боғлиқ вазият – пичанзордан игна қидириш ҳақидаги маталнинг типик иллюстрацияси эканини айтади.

«Қайиқ нақадар кичиклиги ва Тинч океани нақадар бепоён эканини ёдда тутмоқ лозим. Уни топиш эҳтимоли жудаям кичик эди», – дейди у.

Мавзуга оид