Ўзбекистон | 19:56 / 18.07.2023
45119
5 дақиқада ўқилади

«Алдолмади, тили калимага келмай қолди» — Зойир Мирзаев Ҳидоятовни танқид қилди

Вилоят раҳбари аҳолида уй-жойни тўғридан тўғри сотиб олиш мумкинлигига ишонч йўқолганини таъкидлаб, бунда Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятов ва бошқа сектор раҳбарларини айблади.

Фото: Видеодан кадр

17 июл куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раислигида кун тартибидаги муҳим масалалар ижросига қаратилган навбатдаги ҳокимлик соати ўтказилди. Унда ҳоким вилоят ҳудудида уйлар қурилиши билан боғлиқ вазиятни танқид қилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати намойиш этган видеолавҳада ҳоким Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларида «Янги Ўзбекистон» турар жой комплекси қурилиши лойиҳаси бўйича жами 3088 та квартирадан иборат 59 та кўп қаватли уйлар қурилиши кўзда тутилгани, бироқ лойиҳалар белгиланган муддатдан кечикаётгани, уйларни сотиш жараёни шаффоф эмаслигини айтиб ўтган.

Унинг қайд этишича, Чирчиқ шаҳрининг Ифтихор маҳалласида бешта пудратчи ташкилот томонидан 20 уйнинг қурилиш бажарилган.

«Бу 49 фоиз [ишлар бажарилган]. Мен бориб уйларни кўрдим... маймунхона бўлиб ётибди, Чирчиқнинг бош қурилиш марказимас. Ҳоким ҳам бормаган, сектор [раҳбарлари] ҳам бормаган, ҳеч ким бормаган», — деган Зойир Мирзаев.

Вилоят ҳокими видеоалоқа орқали Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятов билан боғланмоқчи бўлган, аммо у келмагани маълум бўлган, унинг ўрнига ўринбосари жавоб қайтарган, вилоят ҳокими эса дарҳол унинг сўзини бўлиб, Чирчиқ шаҳри ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарини ишдан олишга топшириқ берган.

«Қани ҳоким, келмадими? Сен гапирма. Ҳокиминг келса гапирасан, келмаса, ўчириб таша… Шаҳар-паҳарингни пишириб е. Ноинсоф ҳамманг», — деган Мирзаев.

Шундан кейин у ўзининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Шукурулла Маҳмудовга юзланган.

«Сиз ҳам бормасангиз, Ҳидоятов деган каттакон бўйнига олмаса... Оёғи ердан узилган, ҳаммасининг оёғи ердан узилган. Тўрт сектор раҳбарлари, прокурорга берган топшириқларим ҳали эсимда. Нимага қурувчилар ўйин қилади?» — деган у.

Вилоят ҳокими прокурорларга мурожаат қила туриб, уйларни сотиш жараёни ҳам шаффоф эмаслигини таъкидлади. Ўз навбатида одамларда уйни воситачисиз, тўғридан тўғри сотиб олишга ишонч йўқолаётгани, бундай ишларга қарши ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратни кучайтириши зарурлигига урғу қаратди.

«Чирчиқ шаҳрида уйларни сотишда коррупцион схема ишлайди. «Откат» оляпти, «шапка» оляпти, иккита одам бошқаряпти. Сизлар буни очгиларинг келмаяпти, вилоятдан туриб очиб беришимизни кутяпсизлар. Одамларда Чирчиқда тўғридан тўғри уйни сотиб олиш мумкин, деган ишонч йўқолган.

Қурилиш ташкилотига мана бу домни битказдингми, деган сўров йўқ. Жаноб ҳоким мени мана шу 85-90 фоизи тайёр деб, бир уйга олиб кирди. 50 фоиз ҳам тайёр эмас экан. Бешинчи қаватга чиққанидан кейин, ўзи ҳам умрида биринчи марта чиқди бешинчи қаватга жаноб Ҳидоятов, эплолмади, алдолмади, айтган гапи ўтмади, тили калимага келмай қолди», — деган Зойир Мирзаев.

Вилоят раҳбари аҳолини уй-жой билан таъминлашга масъул бўлган раҳбарларни «ноинсоф» деб атаган. «Ҳаммаларинг халқни уй-жой билан таъминлашга масъулсизлар-ку? Чирчиқда яна бошқа нима қиляпсан? Бошқа қандай ишлар бор? Ҳаммаси давлат берган пул ҳисобига бўляпти. Бирортангда ташаббус йўқ, бирортангда янгилик йўқ, бирортангда бир ҳомийни жалб қилиш йўқ… Ҳаммаси пулли. Гул эктирдик, одам юбораман, агар гуллар қуриган бўлса, ўша раҳбарга жиноят иши очтираман. Ҳар битта гул учун жавоб бериши керак.

Вилоятдан (раҳбарлигидан) келиб нима қилди? Иккита уйни назорат қила олмаса? Садқайи амал кет. Икки оёғи ердан узилган. Умуман норозиман Чирчиқдаги тўртта сектор раҳбарларидан, мутлақо норозиман. Ҳаммасиники ла-ла-ла-ла, бало ҳам йўқ. Ўша ерда ётиши керак тўртта сектор, жаноб Маҳмудов. Билганини қилиб, коррупцион схема ишлаяпти. Сиз борасиз, машинадан тушмай қайтиб келасиз. 

Мен пиёда юриб, бирорта дом қолмади, ҳаммасининг биринчи, иккинчи қаватларига кириб чиқдим. Бу олифталарнинг тили оғзидан чиқиб, галстук бўлиб қолди. Юролмайди буларнинг ҳаммаси, хомсемиз бўлиб қолган. Тамом бўлган ҳаммаси, ҳаммаси олифта. Ҳаммаси кондиционер тагида ўтирган», — деган ҳоким Чирчиқ шаҳри раҳбарлари ҳақида.

Мажлисда, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ҳолати кўриб чиқилган. Зойир Мирзаев бу масаланинг ташкилий, молиявий жиҳатларига тўхталган. Жумладан, маҳсулотни мактаб ва тиббиёт муассасалари омборларига келтириш, қиш мавсумига тайёргарлик кўриш муҳим масала экани қайд этилган, бу борада сусткашликка йўл қўяётган раҳбарлар огоҳлантирилган.

Мавзуга оид