«Россия билан урушни хоҳламаймиз» - ЖАР президенти Путинни ҳибсга олиш имконсизлигини айтди
Рамафоса «Путинни ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш учун қонуний асослар йўқ», деб қасам ичди.
Йоҳаннесбург Олий суди Жанубий Африка (ЖАР) президенти Сирил Рамафосанинг Россия президенти Владимир Путин ҳақида қасамёд остида берган махфий баёнотини ошкор қилиш ҳақида буйруқ чиқарди.
Унда ЖАР етакчиси Халқаро жиноят суди ордерига биноан Путинни ҳибсга олиш имконсиз эканини, акс ҳолда Россия бу ҳаракатни уруш эълон қилиниши каби қабул қилишини айтган.
«Россия билан урушга киришиш бизнинг Конституциямизга тўғри келмайди. Мен республиканинг миллий суверенитети, тинчлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун конституциявий мажбуриятга эгаман», деди Рамафоса.
Унинг сўзларига кўра, «ҳозирда президент Путинни ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш учун ҳеч қандай қонуний асослар йўқ».
«Вазирлар маҳкамаси BRICS саммити Жанубий Африканинг халқаро ва ҳуқуқий мажбуриятларига риоя қиладиган тарзда ўтказилишини белгилаб олди», дейилади Рамафоса баёнотида.
Жанубий Африка прокурорлари Путин мамлакат ҳудудида пайдо бўлса, ордерга мувофиқ ҳибсга олинишини эълон қилиш кераклиги ҳақида таклиф беришган эди. Рамафоса буни «фундаментал хато» деб атади.
«Ҳукумат ўз мажбуриятларини билади. Бу ҳақда оммавий равишда эълон қилишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайди. Жанубий Африка ордерга қандай амал қилишини махфий тарзда кўриб чиқишга мажбур», деди у.
Рамафоса Путиннинг Жанубий Африкага келиши масаласи аниқ эмаслигини тан олди.
«Унинг келиши ҳақида якуний қарор йўқ», деди президент.
2023 йил март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни украиналик болаларни депортация қилишда иштирок этгани учун ҳибсга олиш ҳақида ордер берган эди. Бу ордер Рим статутида иштирок этувчи 123 та давлатни Россия раҳбари ўз ҳудудида пайдо бўлса, ҳибсга олишга мажбур қилади. Улар орасида Жанубий Африка ҳам бор.
Жанубий Африка бу йил офлайн режимда ўтказиладиган BRICS саммитига мезбонлик қилиши керак. Унда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка етакчилари иштирок этиши режалаштирилган. Путин саммитга таклиф олган, аммо унинг иштироки қандай бўлиши ҳақида якуний қарор йўқ.
Путинни ҳибсга олмаслик учун Жанубий Африка бир неча ой давомида ХЖС ордерини бажаришдан қочиш йўлларини қидирмоқда. У саммитни бошқа давлатга «кўчириш», уни онлайн тарзда ўтказиш ва иштирокчиларга дипломатик иммунитет беришни масаласини ҳам кўриб чиққан.
ХЖС Путин Жанубий Африкага борса, маҳаллий ҳукумат «тўғри йўл тутишига» ишонишини маълум қилган.
Мавзуга оид
12:57
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55
WP: Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024