Ўзбекистон | 10:49 / 20.07.2023
8939
2 дақиқада ўқилади

Туркия Навоийда мармар қазиб олиш ва арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширмоқчи

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация амалий сафар билан Туркияга борди.

Фото: Dunyo

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, сафарнинг биринчи кунида делегация аъзолари Sarıkoç Holding компанияси раҳбарияти музокаралар ўтказди.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, жорий йил якунига қадар Навоийда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумини ўтказиш масаласи келишиб олинди. Sarıkoç Holding компанияси томонидан Конимех туманида донадор фосфорит қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда текстил ва тўқимачилик саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Вилоят делегацияси вакиллари ташриф доирасида Orbak Metal Industry, Lidya Granit Mermer, KNDF Group, TIW Company сингари йирик турк компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар олиб боришди.

Orbak Metal Industry компанияси томонидан Навоий шаҳрида водород пероксиди ишлаб чиқариш, Lidya Granit Mermer компанияси томонидан вилоятда мармар ва гранит қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш, KNDF Group компанияси томонидан туризм соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда TIW Company компанияси билан қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш лойиҳалари юзасидан келишувларга эришилди.

Вилоят делегацияси вакиллари, шунингдек Истанбул саноат ва эркин савдо зонаси (Desbash)да бўлиб, инвесторлар учун яратилган шароитлар, инфратузилмага эга ер майдонлари, бинолар, ёпиқ майдонлар, умумий ва шахсий омборлар, офислар ва очиқ акциядорлик майдонлари билан танишди.

Мавзуга оид