Шаҳарсозлар: “Шаҳар марказида йўл ўтказгич қуриш тўғри эмас”
Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилиши мумкин. Урбанистлар бундай қарор замонавий шаҳарсозлик, иқтисодий ва экологик жиҳатларга кўра нотўғри қарор бўлишини таъкидлади. Жамоатчилик фаоллари кўприк қуриш лойиҳасини бекор қилишга чақирмоқда.
20 июл куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бир нечта кўчаларда бўлиб, инфратузилма лойиҳалари билан танишди. Хусусан, давлат раҳбари “Пахтакор” метро бекати атрофидаги пиёдалар ва автомобиллар учун шароитларни кўздан кечира туриб, мутасаддиларга Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш зарурлигини айтди.
“Келгусида ҳаракат янада кўпайишини инобатга олиб, Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш, пиёдалар йўлакларини қулайлаштириш кераклигини айтди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
“Тирбандлик йўқолмайди, шунчаки кейинги чорраҳага кўчади”
Пиёдалар учун ҳануз хавфли ва ноқулай бўлиб турган Тошкентда яна бир йўл ўтказгичнинг қурилишини кўплаб жамоатчилик вакиллари қўллаб-қувватламаяпти. Шаҳарсоз Искандар Солиевнинг Kun.uz мухбирига айтишича, бу лойиҳанинг амалга ошиши турли оқибатларга сабаб бўлади.
“Шаҳаршунослар, яъни урбанистлар бу борада доим ўзларининг қарши фикрларини илгари суришади ва шаҳар ичида йўл ўтказгичларни қуришни доим қоралашади. Бунинг турли сабаблари бор.
Шаҳар марказида, умуман шаҳар ичида бундай йўл ўтказгичларини қуриш, мантиқий жиҳатидан ҳам, (бизнинг вазиятда Навоий кўчасида қурилиши айтилаётган йўл ўтказгичи энг мантиқсизларидан), иқтисодий жиҳатдан ҳам, экологик жиҳатдан ҳам ва одамийлик томонидан ҳам нотўғри қарор деб биламан”, – дейди урбанист.
Солиевнинг фикрича, бу йўл ўтказгичнинг қурилиши ҳудуд иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида салбий ўзгаришларга олиб келади:
1. Бу ҳудудда ривожланган тижорат жойлари унумдорлиги сўнади.
2. Қурилиш ҳудуд атрофидаги тарихий биноларнинг кўринишини бузади. Асосийси, йўл ўтказгич катта ҳудудни эгаллайди, агар жойдан келиб чиқсак, бу жойда айнан бурчакдаги тарихий бинолар йўқолиб кетиши эҳтимоли ҳам бор.
3. Яшил зона, дарахтлар ҳам зарар кўриши табиий.
4. Пиёдалар ҳаракатини янада қийинлаштиради, ўтказма атрофи пиёдалар учун узун йўлдан ўтиш квестига айланади.
5. Кўприк ва унинг атрофи автомобиллар билан тўла ўлик ҳудудга айланади.
“Бу ҳолатда тирбандлик кейинги чорраҳага кўчиши мумкин, холос. Бизга бу борада кўпроқ ғарб амалиёти керак. Агар бошқа давлатлардаги ёки ўзимиздаги қурилиб бўлган ўтказгичларга қаралса ва ўрганилса, ўрганилганлари ўқилса, биламизки, тирбандлик йўқолмаган. У фақат кейинги чорраҳага кўчган бўлади.
Умуман, тирбандликнинг энг керакли ечими – автомобилларга қарши курашиш. Шаҳар марказида автомобиллар ҳаракатини кескин қисқартириш зарур. Биз автомобил йўли билан кўчанинг фарқига боришимиз керак. Йўл – бу транспорт учун, кўча эса барча учун. Биламизки, шаҳарда транспортдан ташқари яна бошқа қатламлар ҳам мавжуд.
Бу ҳудудда автомобиллар гегемониясига чек қўйиш керак, ушбу кўчада автомобиллар қаторини қисқартириб ёки фақат жамоат транспорти учун йўл очиб, қолган ҳудудни велосипед ва пиёдалар учун катта майдонга айлантирса бўлади. Сабаби яқинда очилиши режалаштирилаётган савдо маркази ўзи билан бирга катта муаммоларни олиб келади, атрофни автомобилларга тўлдиради, шундай манзара бўлмасидан ўзгаришларни амалга ошириш зарур.
Бу марказ қуриб битказилаётган экан, энди бузишмаса керак. Шунинг учун ҳудуд атрофида катта миқдорда одам тўплана оладиган даражада майдон барпо қилиш лозим. Бунинг учун жойлар автомобиллардан холи бўлиши ёки ҳаракат кескин пасайтирилиб, умумий ҳудудга айлантирилиши керак. Умумий деб бу – пиёдалар ҳамда велосипедлар ҳаракати асосий бўлган ҳудудларга айтилади. Бундай ҳудудларга жамоат транспорти кира олади, маҳаллий аҳоли, сўнгра (баъзи давлатларда қилинади бундай амалиёт) таксиларга ҳам йўл очилади. Лекин тезлик 20 км/с дан паст бўлади”, – дейди мутахассис.
“Шаҳарлар инсонлар учун қурилиши керак”
Яна бир шаҳарсоз, халқаро тоифали эксперт Темур Аҳмедов барча қурилишларда бош режа қилиниши кераклигини, шундагина муаммолар юзага келмаслигини айтмоқда.
“Шаҳар ичида бундай қурилиш қилиш ноқулай. Боиси, бу ҳудудда пойтахтнинг эски бинолари, дарахтлари ҳам бор. У ерларнинг ҳаммаси собиқ совет давридан бери, камида 100 йил олдинги даврлардан бери бор. Демак, у жойлар тарихий ерлар ҳисобланади. Шу сабабли бу ҳудудда катта ўзгаришлар қилиш нотўғри деб ўйлайман.
Ўзи шаҳарнинг ичида йўлларни кенгайтириб, кўприклар қуриш мақсад қилиниши керак эмас. Мақсад одамларга қулайлик яратиб, ҳар хил йўллар билан манзилига етиб бориш механизмини ишлаб чиқиш, бу жараёнда автомобилга боғланишни камайтириш лозим. Дарахтлар сабаб соя қилинган бўлса, ариқда сув бўлса, умуман микроиқлим яратилган бўлса, одамлар борадиган жойига яёв ҳам бораверади. Ёки ҳаво яхши бўлса, велосипед, самокатларда, ундан кейин жамоат транспортида ёки таксида етиб олиши мумкин. Мана шуларнинг энг сўнггидагина шахсий автомобилга эҳтиёж туғилиши керак.
Шаҳарнинг ўзи инсон учун қурилиши керак. Одамларга қулай қилиниши уларнинг дўконга, ресторан, кафега бориши учун ҳам имконият яратади. Бу билан уларнинг яхши дам олиши учун ҳам шароит яратилади, кейинги иш кунларида самарали ишлашига ёрдам беради. Ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ.
Катта кўчаларда кўприклар қурилиши ўша ерда яшаётган аҳолига катта ноқулайлик туғдиради. Яъни бир томондан бошқа томонга ўтиш анча қийин бўлади. Масалан, Новза метроси ёки шу каби бошқа ерусти пиёдалар кўпригидан ўтиш қийинчилик туғдиради. Мен ўзим "шаҳар социологияси"ни ўқиганман. Шунда катта кўчалар, трасса, кўприклар аҳолини "бўлиш"га хизмат қилиши ҳақида гап кетади. Бир томондан бошқа аҳоли, бошқа томонида эса қолгани яшайди, орада алоқалар узилиши мумкин. Йўлнинг бошқа тарафида турган дўкондан иккинчи томондаги истеъмолчилар фойдаланмайди, бу савдога ҳам таъсир кўрсатади. Аслида шаҳарда одамлар йўлда пиёда кетаётганида ҳам дўконларга кириш имконияти қилинади. Агар фақат автомобил орқали тўғридан тўғри бориш мумкин бўлса, кичкина дўкон, кичкина ресторанларда савдо "ўлади". Бу эса шаҳар иқтисодиётига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.
Бундай катта лойиҳа доирасида дарахтлар кесилиши, тарихий бинолар бузилмаса ҳам, кейинчалик қўшимча "траффик" қўшилса, вибрациялар бўлиб, уларга зарар етиши мумкин. Автомобиллар оқими ошгач ҳавонинг ифлосланиши ҳам ортади. Мана шундай ҳолатлар юзага келгач, ҳудуддаги эски биноларни сақлаб қолиш катта харажатга тушиши ёки кейинроқ бузилиши мумкин.
Айни вақт янги Тошкентнинг бош режаси тузиб чиқилмоқда. Шуни тайёрлашда ўша-ўша фикрларни эски Тошкентга ҳам ишлатавериш керак. Сингапурдан чақирилган компаниялар ишлаб боришмоқда, мана шу мутахассисларнинг фикри асосида ишланилиши керак. Шунда шаҳар ичида бунақа йўл ўтказгичлари керак эмаслиги маълум бўлади.
Ўзи аслида барча қурилишларда бош режа қилинса, бунақанги муаммолар юзага келмайди. Аввалдан бошидан қандай бўлиши, савдо маркази қанча одамга қурилаётгани, улар қандай етиб бориши – буларнинг ҳаммаси олдиндан ўрганилиб, ҳисобланиши, бош режага ёзилиши керак. Қурилишни битиргач бўлгандан кейин бу ерда нима қиламиз, деб юрмаслик лозим”, – дейди Темур Аҳмедов.
Жамоатчилик реакцияси
Навоий кўчасида йўл ўтказгич қурилиши юзасидан бошқа жамоатчилик фаоллари ҳам ўз эътирозини билдирмоқда.
Gazeta.uz нашри бу қарорни “баҳсли” деб атаб, йўл ўтказгич лойиҳасини амалга оширишдан олдин, кенг жамоатчилик муҳокамасини ўтказишга чақирди. Нашр ўсиб бораётган автомобиллар оқими билан йўл ўтказгичлар ва светофорсиз йўллар қуриш орқали курашиш эскирган ёндашув эканини қайд этди. Бундай фикрнинг хатолиги жаҳон тажрибасида ҳам, маҳаллий тажрибада ҳам ўз исботини топган.
“Шаҳар ичида қурилаётган барча йўл ўтказгичлар кейинги чорраҳаларда транспорт оқимининг кескин ошишига ва тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда”, – дея шу йил бошида Тошкент шаҳар ҳокимлиги эълон қилган президент қарори лойиҳасидан иқтибос келтирган нашр. Шаҳар транспорт инфратузилмаси бўйича бунга қадар қабул қилинган ҳужжатлардан прогрессивлиги ва замонавий таклифларни ўз ичига олгани билан ажралиб турган бу лойиҳа бир неча ой давомида ишлаб чиқилган, унда Тошкент ҳалқа автомобил йўли ичида йўл ўтказгичлар қуришни тақиқлаш ва бошқа таклифлар ўрин олганди. Лекин ҳужжат айни пайтга қадар қабул қилинмади.
“Барча ривожланган давлатларда шаҳарлар марказида транспорт оқими чекланяпти – кўпайтирилаётгани йўқ”, – дея қайд этган Gazeta.uz.
Davletov.uz Telegram-канали асосчиси, журналист Қобил Хидиров бу борада энг янги мисоллардан бирини келтирди.
“Мисрнинг Александрия шаҳрида денгиз соҳили бўйлаб автомобиллар тирбандлиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳукумат кўп полосали йўл, йўл ўтказгич ва бошқа йўл иншоотларини қуришга қарор қилади. Сокин макон бўлиши керак бўлган соҳил бўйи одамлар учун ноқулай ҳудудга айланди, тирбандлик муаммоси ҳам ҳал бўлмайди.
Шаҳарни машиналар эҳтиёжи ва манфаати учун ўзгартиришга уриниш алалоқибат шаҳарни ноқулай қилади, одамлар ҳаётини оғирлаштиради, экология ёмонлашади. Кўприк ва йўл ўтказгичлар жойлашган ҳудудни "ўлик зона"га айлантиради. Шаҳарнинг меъморий қиёфаси бузилади.
Тошкент шаҳри Навоий ва Абай кўчалари кесишмасида ҳам йўл ўтказгич қуриш ғояси ҳам юқоридаги мисол нуқтайи назаридан яна бир карра ўйлаб кўрилса нур устига нур бўлар эди”, – дея қайд этди блогер.
Иқтисодчи Отабек Бакиров шаҳар ичида йўл ўтказгич қурилишидан бу борадаги давлат буюртмасига эга чиқадиганлар манфаатдор экани, йўл ўтказгич улардан бошқа ҳамманинг ҳаётини қийинлаштириши ва қимматлаштиришини таъкидлаб, лойиҳани тўхтатишга чақирди.
Тарихчи Элдар Асанов йўлларнинг кенгайиши машина оқимининг кўпайишига сабаб бўлиши жаҳон урбанистикасида ўз тасдиғини топганини қайд этди. “Шу боис замонавий шаҳарсозлик машина ҳаракатини чеклашга, йўлларни торайтиришга, пиёда ҳаракатни ва жамоат транспортини ривожлантиришга қаратилади. Умуман, бугун шаҳар машиналар йўли эмас, одамлар муҳити сифатида кўрилади”, деди у.
“Пик Скартариса” канали муаллифи шаҳар марказида йўл ўтказгич қурилиши фақат шаҳардаги муҳит нуқтайи назаридан эмас, иқтисодий жиҳатдан ҳам зарар эканини айтди. “Иш ўринлари, бюджетга солиқлар ва қулай шаҳар ўрнига қизиб турган ер пайдо бўлади”, – дея қайд этди у.
Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов Gazeta.uz'нинг бу борадаги мақоласига муносабат билдирган.
“Шаҳарда тирбандлик масаласи долзарб муаммо бўлиб турибди. Йилдан йилга вазият оғирлашяпти. Агар бундай лойиҳа бўладиган бўлса ҳам, уни ишлаб чиқишга энг яхши мутахассислар жалб этилади ва, табиийки, жамоатчилик фикри инобатга олинади. Ҳозир эса бирор-бир хулоса чиқариш ёки тахминлар билдиришга эрта”, – деган президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда йўл-транспорт бошқарувини рақамлаштириш ҳисобига “хавфсиз ва равон йўл” тамойили жорий этилиши, бунда илғор хорижий тажриба асосида тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 12 та йўл ўтказгич қурилиши маълум қилинган.
Бу кўприклар қаерларда қурилиши маълум эмас. Аввалроқ йўл ўтказгичлардан бири 2024-2025 йилларда, Бунёдкор шоҳкўчаси ва 2-Қатортол кўчаси кесишган чорраҳада (пойтахт божхона бошқармаси олдида) қурилиши маълум бўлганди.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024