Жаҳон | 11:45 / 22.07.2023
7483
2 дақиқада ўқилади

Байден МРБ бошлиғи Бернсга маъмурияти таркибига киришни таклиф қилди 

АҚШ президенти МРБ директорига ўз маъмурияти таркибига киришни таклиф қилди. Жо Байден Уилям Бернснинг Украина урушига, АҚШнинг Хитой билан қарама-қаршилигига ва янги технологик муаммоларга «ҳушёр» ёндашувини қайд этди.

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

АҚШ президенти Жо Байден Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернсни ўз маъмурияти таркибига таклиф қилди, деб хабар бермоқда 21 июль, жума куни Reuters. The Washington Post газетасининг қайд этишича, бу кўпроқ рамзий ишора ва Марказий разведка бошқармаси бошлиғи муҳим янги ваколатларга эга бўлмайди. Шунга қарамай, Байден Бернснинг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича энг яқин маслаҳатчиларидан бири сифатидаги муҳим ролини таъкидлайди. 

АҚШ президенти ўз қарорини изоҳлаб, Бернснинг ушбу соҳалардаги асосий муаммоларга «ҳушёр ва узоқ муддатли ёндашувини» таъкидлади. Байден буларни Украина уруши, АҚШнинг Хитой билан рақобати ва янги технологиялар келтириб чиқарадиган хавфлар деб атаган. 

Энди Бернс вице-президент Камала Харрис, вазирлар, бош прокурор ва ўзининг бевосита хўжайини, Миллий разведка директори Эврил Хейнс билан бирга Байденнинг вазирлар маҳкамаси йиғилишларида қатнашиши мумкин бўлади. 

Уилям Бернс Марказий разведка бошқармасига раҳбарлик қилаётган биринчи профессионал дипломатдир. Янги мартабада у бир неча бор Россия ва Украина раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. 2021 йил ноябрь ойи бошида Бернс Москвага учиб борди, у ерда, ОАВ маълумотларига кўра, у Кремлни Украинага ҳужум содир бўлган тақдирда оқибатлар ҳақида огоҳлантирган. Бир йил ўтиб, 2022 йилнинг ноябрида у Анқарада Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин билан учрашди ва бу сафар Москвани ядро қуролидан фойдаланиш хавфи тўғрисида огоҳлантирди. 

Шунингдек, 2022 йилнинг ноябрида, кейин эса 2023 йилнинг январида Уилям Бернс Киевга борди ва у ерда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди ҳамда унга Россия тайёрлаётган бўлажак ҳарбий амалиётлар ҳақида маълумот берди. 

Мавзуга оид