Жаҳон | 11:27 / 22.07.2023
19544
10 дақиқада ўқилади

Матонатли экофаол: дарахтни кесилишдан асраш учун унинг тепасида 2 йил яшаган қиз ҳақида ҳикоя

1997 йилда Калифорния штатидаги ўрмонда ёғоч тайёрлайдиган компания дарахтларни кеса бошлайди. Бу ишга дарҳол экофаоллар қарши чиқишади. Шунда 23 ёшли қиз жамоатчилик ва ОАВнинг эътиборини тортиш учун улкан саквоя дарахти тепасига қурилган уйчага чиқиб яшай бошлайди. Бу тадбир бир ҳафтага мўлжалланган эди, бироқ қиз дарахт устида 2 йил қолиб кетади ва мақсадига эришади.

Фото: corbisimages

Бугун экологик вазият шу даражага келдики, битта дарахтнинг кесилиши ҳам мусибат бўлиши керак. Бироқ бундай бўлмаяпти ва инсоният дарахтларни аёвсиз тарзда кесишда давом этяпти.

БМТ ҳисоб-китобларида келтирилишича, дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб гектар дарахтзорлар йўқ қилинмоқда. Жумладан, 1990 йилдан ҳозиргача Ер юзида 420 миллион гектар ўрмонзор йўқ қилинган.

Ҳар йили 15 миллиард дона дарахт кесилмоқда ва ҳар йили бу кўрсаткич ошиб бормоқда. Бугун дунёнинг турли давлатларида яшаётган экофаоллар ҳар бир дарахт жуда қадрли эканини айтиб, уларнинг ёппасига кесилаётганига ўз эътирозларини билдиришади. Бироқ ҳозирча ундай эътирозларнинг нафи бўлмаяпти.

Бугун дунё океанини ва атроф-муҳитни пластик муаммоси қамраб олган. Ҳар йили миллионлаб жонзотлар пластик идишлар ёки буюмлар сабабли ҳалок бўляпти. Шу сабабли дунёдаги пластик идишларни кўп ишлатадиган йирик компанияларга қоғоз қадоқлардан фойдаланишга чақирувлар бўляпти.

Бироқ бошқа томондан қоғоз қадоқларга ўтиш бошқа муаммоларни келтириб чиқиши мумкин. Яъни агар дунёдаги пластикдан фойдаланаётган компаниялар ундан воз кечиб қоғоз қадоқларга ўтса Ер юзида дарахт кесиш (қоғознинг асосий қисми дарахтлардан олинади) баттар авж олади. Оқибатда ўрмонлар ҳажми қисқариши янада тезлашади ва ҳолат янада аянчли тус олиши мумкин.

Россияда кесилган ўрмон ўрни / Фото: krasyabloko.ru

Аслида дарахтларни қайта экиб тикласа бўлади. Бу учун кесилган дарахтлар ўрнига янги кўчатлар экилиши керак. Бироқ ёғоч саноати билан шуғулланувчи айрим компаниялар бундай қилишмайди ва кесилган дарахтлар ўрни яйдоқ далага айланиб қолади.

Ёки кесилган ўрмонлар ўрнига экилган дарахтларнинг катта бўлиши учун узоқ йиллар керак бўлади. Агар дарахтларнинг ўсувчанлигига эътибор берилса масалан, қарағай 20 йилда, эман эса 50 йилда катта дарахтга айланади.

Бошқа томондан эса Ер юзида аҳоли сони муттасил ўсиб келяпти. Бундай ҳолатда одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи ҳам долзарб муаммо бўлади. Шу сабабли аксарият жойларда дарахтлар кесилиб, ўрнида деҳқончилик қилиш учун ерлар очилмоқда.

20-асрнинг иккинчи ярми ва 21-асрда экологик вазият инқирозга юз тутар экан, дунёнинг турли давлатларида экофаоллар сони кўпайди. Уларнинг аксарияти табиат учун жон куйдириб, унинг кушандаларига қарши чиқмоқда. Америкалик Жулия Хилл ҳам ана шундай экофаоллардан бири ҳисобланади.

Бошида экофаол бўлмаган бу қиз биргина дарахтни ҳимоя қилиш ортидан актив экофаолга айланади. У Америкадаги баландлиги 55 метр бўлган саквоя дарахтини кесилиб кетишдан асраш учун икки йил унинг устида яшайди.

Жулия Хилл яшаган дарахт

Жулия Хилл

Жулия Хилл 1974 йилда АҚШнинг Миссури штатидаги Маунт-Вернон шаҳрида туғилган. Жулиянинг отаси воиз бўлган ва турли штатлар бўйлаб айланиб юрган. Шу сабабли Жулия, унинг икки нафар акаси ва ота-онаси асосан автофургонда яшашган.

Жулиянинг отаси оиласи билан фургонда бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб юрар экан, дам олиш учун табиат қўйнида тўхташар, болаларнинг вақти асосан далада ўтарди. Қизда табиатга меҳр ана шу вақтда бошланганди.

Кейинроқ Жулиянинг оиласи Арканзас штатидаги Жонсборо шаҳрида муқим яшаб қолади. Қиз шу шаҳардаги мактабда ўқийди ва уни битиради.

1996 йилда Жулия 22 ёшда эканида автоҳалокатга учрайди. Қиз ва унинг дугонаси кетаётган машинага маст ҳайдовчи бошқарувидаги машина келиб урилади.

Тўқнашув жуда кучли бўлгани сабабли Жулия оғир жароҳат олади. Қарийб бир йил давом этган муолажадан сўнг у шифо топади ва оёққа туриб кетади.

Шундан сўнг қизнинг ҳаётга бўлган қарашлари ўзгаради. У одамларнинг атроф-муҳитга беписанд муносабати ортидан иқлим ўзгараётганини, оқибатда, табиат, одамлар ва ҳайвонот дунёси жиддий муаммоларга йўлиқаётганини тушуниб етади.

1997 йил қиз шифохонадан чиққандан сўнг Калифорнияга отланади. Экофаоллар томонидан Стаффорд шаҳарчаси яқинидаги ўрмон ҳудудида дарахтларнинг кесилишига қарши тадбирлар ўтказилиши белгиланганди.

Жулия Хилл дарахт тепасида / Фото: alamy.com

Ўша пайтда ёғоч тайёрловчи компаниялардан бири Стаффорд яқинидаги ўрмонни сотиб олган ва дарахтларни аёвсиз тарзда кесаётган эди. Нобуд қилинаётган дарахтлар орасида дунёдаги энг йирик дарахтлардан бири деб ҳисобланадиган саквоя дарахтлари ҳам бўлган.

Мазкур дарахтнинг яна бир номи «Мамонт дарахти». (Мамонт бир пайтлар йўқолиб кетган йирик филсимон ҳайвоннинг номи.)

Стаффорддаги дарахт кесиш ишлари бир томондан табиатга жиддий зарар етказаётган, иккинчи томондан ер кўчиб у ерда яшаётган одамларга зарар келтирган эди.

Бу ҳудуддаги дарахтларнинг кесилишига қарши бўлган экофаоллар бу ерда турли тадбирларни ўтказиб келар, бироқ уларнинг нафи бўлмаётганди.

Ўша пайтда Жулия ҳали экофаоллар сафига қўшилмаган, шунчаки табиатни севгани учун бундай тадбирларда қатнашиб турарди. Қиз Калифорнияга етиб боргач экофаоллар ташкил этган тадбирда қатнашади.

Сўнг экофаоллар ёғоч тайёрловчи компания кесмоқчи бўлган 55 метрлик баҳайбат саквояни асраб қолиш учун унинг тепасига 3 квадрат метрли мўъжаз уйча ўрнатишади.

Уйчада бир кишининг яшаши учун барча шароитлар қилинган, кичик ошхона, ювиниш хонаси ва ётоқхона бор эди. Уйчага қуёш панеллари ўрнатилганди. Экофаоллардан бири шу уйчага чиқиб ҳафта-ўн кун яшаши керак эди. Шунда саквояни сақлаб қолишнинг иложи бўларди.

Шунда Жулия дарахтда яшамоқчилигини айтади ва тепасига чиқиб олади. Белгиланган муддат тугагандан сўнг ҳам қиз дарахтни асраб қолиш мақсадида ундан тушишни хоҳламайди.

Жулия Хилл дарахт тепасида

Экофаоллар дарахтларни асраб қолиш учун унинг тепасига чиқиб яшашни илк бор 1985 йилда Орегона штатида қўллашган ва иш берган эди. Ўшандан кейин АҚШда табиат ҳимоячилари дарахт кесувчиларга қарши шу чорани тез-тез қўллаб туришади. 1997 йилда Калифорнияда ҳам шу ишни қилишади.

Жулия дарахт тепасида яшар экан, улкан саквояни кесмоқчи бўлаётган ёғоч тайёрловчи компания ходимлари қиз пастга тушмаса дарахтни кеса олишмасди. Буни яхши билган қиз дарахт тепасида яшай бошлайди.

Калифорния нисбатан иссиқ жой ва у ерда қиш ҳам илиқ ўтади. Қиз дарахт тепасида яшар экан, совқотмаса ҳам ёмғир, шамол, дўл, чақмоқли кунларни ўтказади ва оғир вазиятда ҳам унинг устидан тушмайди. Унга озиқ-овқат ва бошқа керакли нарсаларни экофаоллар етказиб туришади.

Жулияга дарахт тепасида яшаш осон бўлмайди. Табиат инжиқликларидан ташқари, манфаатдор кучлар билан тўқнашув хавфи ҳам бор эди. Қиз ёғоч тайёрловчи фирма ходимлари, полициячилар, ҳарбийларнинг дўқ-пўписаларига чидашга мажбур эди.

Жулия Хилл яшаган дарахт

Ўша пайтда қизни пастга тушира олишса компанияга зарар етказишда айблаб ҳатто қамашлари ҳам мумкин эди. Қизнинг дарахтдан тушишини талаб қилиб саквоя тепасида полиция вертолётлари учади.

Ҳатто уни дарахтдан тушириш учун ҳарбийлар ҳам келишади. Компания ходимлари доимий босим ўтказишади. Бироқ Жулия барчасига бардош беради ва дарахтдан тушмайди.

Қиз дарахтга чиқиб олган илк кечада ой тўлган эди. У шунда дарахтга «Ой дарахти» деб ном беради. Умумий ҳисобда қиз дарахт тепасида 1997 йил 10 декабрдан 1999 йил 18 декабргача 738 кун яшайди.

Қизнинг узоқ вақтдан буён дарахт тепасида яшаб келаётгани АҚШдаги кўплаб телеканаллар ва ОАВ эътиборини тортади. Шундан сўнг Жулия ва Ой дарахти ҳақида лавҳалар берилади, хабарлар чиқади.

Ниҳоят 1999 йилда Pacific Lumber Company компанияси вакиллари ён беришади. Улар расмий равишда қиз ўтирган саквоя ва шу атрофдаги барча дарахтларни кесмасдан асраб қолишга ваъда беришади. Шундан сўнг қиз дарахтдан тушади.

2000 йилда бир гуруҳ шахслар Ой дарахтини мотоарра билан кесиб кетишади. Ўшанда дарахт танасининг ярмигача кесилганди. Экофаоллар дарҳол металл мосламалар топиб келиб, дарахтни ўша билан мустаҳкамлаб қўйишади. Шу тариқа, Жулия яшагандан сўнг бутун Америка бўйлаб машҳур бўлган дарахтни асраб қолишади.

Жулия Хилл яшаган дарахтни бир йил ўтгач кесиб шикастлашади. Уни экофаоллар асраб қолишади. / Фото: cathedralgrove.eu

Икки йил умрини дарахт тепасида ўтказган Жулия Хилл шу иши ортидан машҳур экофаолга айланади. Кейинчалик у турли ҳудудларда бўлиб, турли тадбирларда қатнашади, табиатни асраш бўйича маърузалар ўқийди (йилига 250 тагача).

2000 йилда Жулия ҳақида «Капалак» номли ҳужжатли филм намойиш этилади. (Қизнинг болаликдаги лақаби «Капалак» бўлган). Филмда қизнинг дарахт тепасида ўтказган икки йиллик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Шунингдек, у табиатни асраш бўйича кўплаб китоблар ёзиб чоп эттирган. Бир қанча фондлар ташкил этган. Жулия ҳозир 49 ёшда ва у ҳанузгача экофаол сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Жулия Хилл дарахт тепасида / Фото: corbisimages.com
Жулия Хилл дарахт тепасида
Жулия Хилл дарахт тепасида шундай ҳолатда яшаган

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид