Ўзбекистон | 14:03 / 24.07.2023
30598
4 дақиқада ўқилади

Донецк областидаги РФ қўшинлари сафида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор — Украина ҚК бош штаби

Украина қуролли кучлари бош штабининг кунлик сводкасида илк бор урушга жалб этилган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берилди. Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар қурилиш ишларида қатнашиш учун Украинага келишган, аммо Мариуполда уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва рус қўшинлари сафига сафарбар этилган.

Фото: Getty Images

Донецк областининг вақтинча оккупация қилинган Ҳорливка шаҳридаги Россия армияси бўлинмаларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги аниқланди. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош штабининг кунлик ҳисоботида келтирилган.

«Мазкур шахслар Мариуполга қурилиш ишлари учун келган. Етиб келгач, уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, кўнгиллилар сифатида босқинчи кучлар сафига сафарбар қилинган», — дейилган хабарда.

Ҳорливка Мариупол шаҳридан 115 км шимолда, Донецк шаҳридан Бахмутга олиб борувчи йўл бўйида, фронт чизиғида жойлашган.

Бироз аввалроқ, Россиянинг Волгоград шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини «махсус ҳарбий амалиёт»га чақириш бошлангани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Маҳаллий аҳоли вакиллари жамоат транспорти салонларида шундай чақириқлар акс этган плакатларга гувоҳ бўлишган.

«Бу автобусларда хорижликлар юришади. Бу реклама улар учун. Рекламани биз жойлаштирдик ва ўзбек тилидан бошлашга қарор қилдик. Келгусида биз бу ташвиқотни бошқа тилларда ҳам олиб борамиз: тожик, қозоқ ва ҳоказо. Бундай эълонларни автобуслардан бошқа жойларда ҳам жойлаштириш ҳақида ҳозирча буйруқ бўлмади», – деган саралаш пункти ходими маҳаллий нашрлардан бирига берган изоҳида.

Фото: Илья Воробушкин

Март ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи, Россияда қамоқ муддатини ўтаган фуқаро Украинада ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. У Украинага қурилиш ишлари учун жўнатилган ва у турган жойга снаряд келиб тушгани маълум бўлганди.

ДХХ май ойи охирида ҳам Россия қамоқхонасидан Украинадаги урушга сафарбар қилинган Ўзбекистон фуқароси вафот этгани ҳақида хабар берганди. Марҳумнинг онаси таъкидлашича, у илгари ҳеч қачон қўлига қурол олмаган. «Она, мен уларга одамларни ўлдирмаслигимни, у ерга бормаслигимни айтдим, лекин улар барибир мени мажбурлашди», — деган у ўғли билан охирги суҳбати ҳақида.

Июн ойида BBC Рус хизмати Россия қамоқхоналаридаги Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг Украинадаги урушга ёлланиши мавзусидаги суриштирувни эълон қилганди. Сайт маълумотларига кўра, қамоқхоналарда ёлланганларнинг 93 нафари урушда ҳалок бўлган, шундан 34 нафари ўзбекистонликлардир.

Маълумот учун, ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид