Олмалиқда ўқувчи қизларни уриб юбориб, улардан бирининг ўлимига сабабчи бўлган Дамас ҳайдовчиси 6 йилга қамалди
Шунингдек, қоидабузар 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди 24 июль куни май ойида 2 нафар ўқувчи қизни уриб юборган Дамас ҳайдовчисига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Zametka.uz нашри хабар берган.
15 май куни эрталаб 19 яшар ҳайдовчи пиёдалар учун ажратилган махсус йўлакдан йўлни кесиб ўтаётган 14 ёшли 2 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборганди. ЙТҲга Дамас ҳайдовчисининг светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиши сабаб бўлганди.
Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ЙТҲда жабрланган қизларнинг бири 23 май куни вафот этган. Дамас уриб юборган бошқа бир ўқувчи қизнинг аҳволи ҳаёт учун хавфли бўлмаган даражада жароҳат олгани учун тирик қолган. Ишни назоратга олган Бош прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.
Суд-тиббиёт экспертизаси давомида қизларнинг бирида бош суяги ёпиқ жароҳати, бош миянинг 1-2 даражали чайқалиши, тери ости гематомалари, ўнг тизза бўғими соҳасида йиртилган жароҳатлар борлиги аниқланган. Бундай жароҳатлар ўртача жароҳатлар деб таснифланади.
Иккинчи жабрланувчида эса бош суяги очиқ жароҳати, бош суяги асоси синиши, мияга қон қуйилиши, қорин бўшлиғи шикастланиши, тос суяги ўнг томонининг синиши, бош мия шиши, бутун тана бўйлаб кўкариш ва гематомалар аниқланган. Бундай жароҳатлар оғир жароҳатлар деб таснифланади, бунинг натижасида мактаб ўқувчиси ЙТҲдан тўққиз кун ўтиб шифохонада вафот этган.
“Суд-автотехника экспертизаси хулосасига кўра, Дамас ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларига, хусусан, светофорнинг тақиқловчи чироғи, йўл белгилари ва чизиқларига риоя қилган ҳолда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имкониятга эга бўлган”, — деб ёзади нашр.
Судда айбланувчи айбини тан олган. Унинг айби жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакиллари кўрсатмалари, айбланувчининг иқрори, видеоматериаллар ҳамда суд-тиббиёт ва суд-автотехника экспертизалари хулосалари билан тасдиқланган.
Суд Дамас ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузган ва бунинг натижасида бир инсоннинг ўлимига, иккинчисининг жароҳатланишига олиб келган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган деб топган.
Суд қоидабузар ҳайдовчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бундан ташқари, судланувчи 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони манзил-колонияда ўташи белгиланди.
Мавзуга оид
08:12
Тошкентда учта автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
13:20 / 17.12.2024
Россиядаги ЙТҲда 5 нафар ўзбекистонлик вафот этди
21:02 / 12.12.2024