Танқиддан сўнг: Сурхондарёда туманлар орасида тикланган ЙПХ постлари олиб ташланди
Сурхондарё вилоятида туманлар орасида муваққат ЙПХ постлари пайдо бўлгани, улар асосан ёз фаслининг тунги соатларида хавфсизлик мақсадида фаолият кўрсатаётгани ҳақида маълум қилинганди.
Kun.uz мухбири вилоят бўйлаб ЙПХ постларининг камида еттитаси ўрнатилганига шахсан ўзи гувоҳ бўлган. Нашр муштарийларининг маълум қилишича, ҳозирда муваққат постдаги бетон тўсиқлар ва тақиқловчи белгилар олиб ташланган.
Ўқувчилар юқорида тасвирланган Денов туманидаги Хайробод аҳоли пунктида ўрнатилган постдан фотосурат ҳам жўнатган.
Журналист Қобил Хидиров ўзининг Davletov.uz Телеграм каналида туманлар ўртасидаги назорат постларининг тугатилиши президентнинг сиёсий қарори бўлганига урғу берган эди.
«Бу эскича ишлашга, одамларни кучишлатарлар бўлар-бўлмасга қийнашига, бир давлат ичида халқнинг эмин-эркин ҳаракатланишига тўсиқларни бартараф этишга қаратилган сиёсий ирода эди. Ҳатто бу янгиланган конституция руҳига ҳам зиддир», — деб ёзган Davletov.uz.
Европада ҳатто давлатлар ўртасида чегараларни ҳеч қанақа тўсиқсиз кесиб ўтиш мумкин бўлган бир шароитда Сурхондарёда назорат пунктларини ҳаётга қайтараётгани президентнинг сиёсий қарорига қарши қадам ташлаши, деб баҳоланиши керак деб таъкидлаганди журналист.
«На ғалла, на пахта бунга асос бўла олади. Минбарларда айтилаётганидек пахта, ғалла аллақачон ҳокимиятлар қарамоғидан чиқарилган. Кун иссиқлиги, авариялар кўпайгани ҳақидаги важлар ҳам асоссиз, ўзбошимча ва феодалча ёндашувдан бошқа нарса эмас», — дея хулоса қилган Davletov.uz.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 майдаги «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сонли қарори билан тугатиладиган ва фаолиятни давом эттирадиган йўл-патрул хизматининг стационар постлари ва патрул пост хизмати постлари рўйхати тасдиқланган эди.