«Бундан буён ҳокимлар ҳам, вазирлар ҳам янги қурилган объектларни кўрсатиш билан қутулмайди» — Мирзиёев
Қўқон шаҳридаги йиғилишда аҳоли сайловолди дастурларида кўтарилган ҳар бир ташаббус бўйича аниқ натижаларни бугундан кутаётгани таъкидланди.
Қўқон шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳам қатнашмоқда.
Вилоятда бўлиб ўтган сайловолди учрашувида Фарғона аҳолиси турмуш шароитларини янада яхшилаш, вилоят иқтисодиётига фаол инвестициялар жалб қилиб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича катта марралар олингани таъкидланган.
«Олдимизда ҳали етти йил бор, бу ишларни эртага ёки кейинги йилдан бошлаймиз», деган вазир, ҳоким ёки сектор раҳбарлари қаттиқ адашади.
Чунки, одамларимиз, хусусан Фарғона аҳли сайловолди дастурларида кўтарилган ҳар бир ташаббус бўйича биздан аниқ натижаларни бугундан кутяпти.
Бундан буён ҳудудларга борганимда ҳокимлар ҳам, вазирлар ҳам янги қурилган объектларни кўрсатиш билан қутулмайди.
Энди ҳудудларни ривожлантириш бўйича муаммоларни очиқ-ойдин гаплашамиз. Бу борада сўров қаттиқ бўлади, масалани ичига кирмаган раҳбарлар шу жойнинг ўзида ишдан олинади», - деди президент.
Президент тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди.
Мисол учун, Фарғона шаҳрида ўтган йилнинг олти ойида бор-йўғи 25 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилда ушбу рақам атиги 12 миллион долларни ташкил қилмоқда.
Марғилон шаҳрида, Ўзбекистон, Боғдод, Тошлоқ туманларида жалб қилинган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмайди.
«Давлат ажратган ҳар бир сўмга ҳокимларнинг ўзи ҳам камида шунча миқдорда инвестиция жалб қилиши бўйича топшириқ берганман.
Бу борада, сўнгги уч йилда Фарғонага йўналтирилган ҳар бир миллион доллар давлат инвестициясига 2,7 миллион доллар хорижий инвестиция тўғри келган.
Лекин, Фарғона шаҳри ва Олтиариқда давлат ажратган ҳар бир миллион долларга нисбатан 200 минг доллар кам, Бувайда туманида эса 300 минг доллар кам инвестиция жалб қилинган.
Бу туман ва шаҳар ҳокимлари қандай қилиб бош кўтариб юрибди? Ҳар бирига инвестиция бўйича ўринбосар, 3-4 тадан алоҳида штатлар берилган бўлса!» - дея давлат раҳбари мутасаддиларни танқид қилди.
Йиғилишда бир пайтлар Фарғона саноат ўсиши бўйича пешқадамлардан бири бўлган бўлса, ўтган олти ойда вилоятда саноат ҳажми 4,2 фоизга ўсиб, республикада 12-ўринга тушиб қолгани таъкидланди.
Саноат салоҳияти ҳамма туманда ҳам бирдек ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, биринчи ярим йилликда саноат ҳажми Тошлоқда 17, Қўқонда 3 фоизга, Олтиариқда 1,3 фоизга ва Қувада 1,2 фоизга камайган.
Вилоятда аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ҳам аҳвол яхши эмас. Жорий йилда вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 та уй-жойдан бугунги кунгача 42 таси фойдаланишга топширилган, холос.
Мебелчиликда вилоятда ўтган олти ой давомида 250 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса-да, Олтиариқ, Риштон, Данғара, Фурқат, Ёзёвон ва Фарғона туманларидаги жами мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10 миллиард сўмга ҳам етмайди.
Шу билан бирга, вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар аҳволи ҳам қониқарли эмас.
Мавзуга оид
20:19
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
17:54 / 17.12.2024
Фарғона вилоятида Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан шуғулланганлар қўлга олинди
18:11 / 12.12.2024