Иқтисодиёт | 23:02 / 27.07.2023
27308
3 дақиқада ўқилади

Мамаризо Нурмуродов олтин захиралари кетма-кет 3 ой камайгани бўйича изоҳ берди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов олтин сотишдан тушган маблағ бюджет харажатларини қоплаш учун йўналтирилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, захиралар пасайишига олтин нархининг тушиши ва импорт ошиши сабаб бўлган.

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари охирги 3 ойда 1,7 млрд долларга камайган.

27 июл куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири расмий захираларнинг камайиши Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси воситасида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлиши эҳтимолига ойдинлик киритишни сўради. МБ раиси Мамаризо Нурмуродов бундай эмаслигини айтди.

“Биз олтинни жаҳон бозори нархида, олтин бизга қабул қилинган кундаги курсда сотиб оламиз. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига олтиндан маблағлар ўтказиш биз томондан амалга оширилмайди. Яъни олтинни сотувчи Навоий кон металлургия комбинати ёки Олмалиқ кон металлургия комбинати белгиланган тартибда ўзидаги солиқларни тўлайди. Алоҳида жамғармага ажратиш бўйича норматив ҳужжат йўқ, сизга расмий равишда айтаман. Олтинни сотган 2 та комбинатимиз 100 фоиз олтин қийматини биздан олади”, – деди Нурмуродов.

Унинг қўшимча қилишича, 3 ой давомида захираларнинг камайишига ойнинг охирги кунида олтин нархининг ўзгариши сабаб бўлган.

“Чунки валюта захираларимизнинг 65-68 фоизи олтинда. Яъни нарх кўтарилса, захиралар кўпаяди, тушса, тушади.

Захиралар камайишига яна бир сабаб – бу йилги импортимизда 17 фоизли ўсиш. Бу маълум жиҳатдан бюджетдан газ импорти бўйича ҳақ тўлашга қаратилган пуллардир. Булар ўз таъсирини кўрсатади”, – деди Нурмуродов.

Марказий банк раиси монетар органнинг олтин сотиш ва сотиб олиш сиёсатини тушунтирди.

“Биз олтинни арзон нархда сотиб олмаймиз. Бир ой давомида Лондон биржасида ҳар кунлик нархни ҳисоблаб борамиз, ўртача ойлик нарх қанча бўлса, ўша кун, олиб келиб топширилган кундаги курс билан сотиб оламиз. Олтинни сотиш масаласига келсак, биз ўзимизнинг талабимиздан келиб чиқиб олтин нархи юқори бўлганда сотишга ҳаракат қиламиз. Маълум жиҳатдан, Марказий банк даромад олиши керак.

Олтин сотишда позициямиз нейтрал. Биз буни инфляцион таргетлашда энг асосий принциплардан бири сифатида белгилаганмиз. Биз йил давомида сотиб олган олтинимизни бозор нархида валютасини бозорга чиқаришимиз керак”, – деди у.

Нурмуродов 2023 йилда Ўзбекистон 107 тонна олтин ишлаб чиқариши кутилаётганини маълум қилди.

“Олтинни сотиб олиб, унга тенг эквивалентдаги валютани бозорга чиқаришимиз керак. Биз олтинни сотиб олиб, чиқарган пулимизга валюта чиқармайдиган бўлсак, пул бозорида пул массаси кўпайиб, талаб инфляциясининг кўпайишига имкон яратган бўламиз”, – дея тушунтирди Марказий банк раҳбари.

Мавзуга оид