Ўзбекистон | 19:40 / 27.07.2023
8912
2 дақиқада ўқилади

«Тошкентдаги чанг инсон саломатлиги учун зарарли эмаслиги аниқланди» – «Ўзгидромет» раиси ўринбосари 

Тошкентдаги чанг бўронлари қаердан кириб келаётгани ва унинг таркиби бўйича масъуллардан изоҳ сўралди.

27 июл куни Экология вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир давомида Kun.uz мухбири Тошкент шаҳри ҳавоси ифлос шаҳарлар рўйхатида доимий етакчилардан бўлиб келаётгани ва чанг манбаси ҳақида масъуллардан изоҳ сўради. Саволга «Ўзгидромет» хизмати агентлиги директори ўринбосари Феруз Сафаров жавоб берди.

“Тошкентда ҳаво ифлосланиши бўйича Гидрометеорология хизматининг 14 та кузатув пунктлари мавжуд. Шулардан иккитаси жаҳон талаблари асосида автоматлаштирилган ва уларнинг маълумоти реал вақт давомида узатиб бориляпти.

Бизда Тошкентда ҳаво сифати даражаси 50 йилдан буён ўрганиб келинмоқда. Чанг бўронлари бу аввало саноатнинг ривожланиши, қурилишларнинг ривожланиши, автомобилларнинг кўпайиши оқибати. Буларни бартараф этиш бўйича президентимиз фармони билан ҳудудларнинг саноатлашганидан келиб чиқиб, кичик автоматик датчиклар ўрнатилмоқда.

Бу фармонда атмосфера ҳавосига ташланаётган ташланмаларнинг манбайини аниқлаш ва уларга қарши кураш масалалари ҳам ўрин олган.

Эътибор берсангиз, бизда ҳавонинг ифлосланиш даражаси доимо юқори эмас. Сиз олаётган маълумотлар ваколатли давлат органлари маълумотидан олинмаган. Буни биз бир неча марта айтиб келяпмиз. Биз ҳозир АҚШ элчихонаси маълумотларини ўзимизнинг маълумотлар билан бирлаштириб, солиштириб кўряпмиз. Уларда чиқаётган маълумотлар ўртача, инсон саломатлигига жиддий таъсир қиладиган кўрсаткич эмас”, –  деди Феруз Сафаров.

Мавзуга оид