Жамият | 21:11 / 27.07.2023
24651
16 дақиқада ўқилади

Тўйларда бахшиларнинг чаккасига пул қистириш одати қаердан келиб чиққан? – “Заковат”нинг ёзги мавсум навбатдаги ўйинидан репортаж

Нега авваллари чизиқли шимлар харидоргир бўлган? Актрисалар Энн Ҳэтуэй ва Сандра Баллок қайси турдаги роллари учун сочларини калта қилиб кестиришган? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг тўртинчи ўйинида қизлар жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси;

Муаззам Шоумарова - араб тили ўқитувчиси;

Нодира Турғунова - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистранти (жамоа сардори);

Мадина Мирзараҳматова - филолог;

Нодира Раҳмонова - Ўзбекистон Миллий университети магистранти;

Назокат Абдусайитова - педагог.

Нодира Турғунова жамоаси 2023 йилнинг ёзги мавсум тўртинчи ўйинида иштирок этади.

Мавсумнинг аввалги жамоалари қаторида бу жамоа олдида ҳам мушкул вазифа турибди – финалга чиқиш учун 6:0 ёки 6:1 ҳисобида ғалаба қозониш керак.

1-раунд саволи Биринчи жаҳон урушида Британияда биродарлик батальонлари тарқатиб юборилгани ҳақида бўлди. Муҳокама давомида жамоа тўғри жавобга яқинлаша олмади ва ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

2-раундда Энн Ҳэтуэй ва Сандра Баллок каби актрисалар бир турдаги ролларни ижро этишда нега сочларини калталатиб олгани ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу саволда жамоанинг фаол аъзоси Мадина Мирзараҳматова муддатидан олдин жавоб беришга қарор қилди ва жамоасига дастлабки очкони келтирди. Ҳисоб – 1:1.

Жамоа аъзоси Мадина Мирзараҳматова 

3-раунд саволи тўйларда қўшиқ куйлаган бахшиларнинг чаккасига пул қистириш одати қаердан келиб чиққани ҳақида бўлди. Қизлар ушбу саволга тўғри жавоб топа олди ва ҳисобда олдинга ўтиб олди – 1:2.

Жамоа аъзоси Назокат Абдусайитова 

Навбатдаги раунд саволи рус шоири Михаил Светлов бир картинанинг қуёш чиқиши ёки қуёш ботиши ҳақида хотини билан баҳс юритгани ҳақида бўлди. Ушбу саволга тўғри жавоб топилмади ва ҳисоб тенглашди – 2:2.

5-раундда қайси турдаги қизлар қуёшга ўхшатилиши ҳақидаги савол ўйналди. Бу саволга қизлар осонлик билан жавоб топишди ва яна ҳисобда олдинга ўтиб олишди – 3:2.

Кейинги раунд саволи машҳур хаттот Шайх Усмон Тоҳа ҳақида бўлди. Хаттот бир куни Қуръоннинг бир саҳифасини ёзиб бўлиб, намоз ўқиш учун кетиб, ўрнига қайтиб келганда саҳифада нималарни кўргани сўралган саволда жамоа йўналишни тўғри олган бўлса-да, афсуски, бироз нотўғри жавоб берди. Ҳисоб – 3:3.

7-раундда қадимда ҳинд аскарлари камар тагидан боғлаб юрган ранг-баранг белбоғлардан кейинчалик инглизлар нимада фойдалангани ҳақида қизиқарли савол ўйналди. Бироз кутилмаган саволнинг жавобига қизлар етиб бора олмади ва ҳисоб 3:4 кўринишига келди.

Жамоа аъзоси Нодира Раҳмонова 

Кейинги раундда бир кашта турининг сурати кўрсатилиб, XIX аср ўрталаридан яратила бошланган бу кашталар тасвири нимадан олингани ҳақида савол ўйналди. Бу саволда ҳам билимдонлар ожиз қолди. Ҳисоб – 3:5.

Жамоа сардори Нодира Турғунова 

9-раундга келиб, ҳисоб қалтис кўриниш олди. Энди биргина нотўғри жавоб жамоанинг мағлубиятига ва финалдан қуруқ қолишига сабаб бўлиши мумкин.

9-раундда “Қутлуғ қон” романида Мирзакаримбойнинг ишкомли боғлари эни ҳам тепаси ҳам кенг ва баланд қилиб қурилгани тасвирланади, нима сабабдан баланд ва кенг қилиб қурилган, деган саволга жамоа клуб ёрдами орқали тўғри жавоб бера олди ва ҳисобни қисқартирди. Ҳисоб – 4:5.

Жамоа аъзоси Муаззам Шоумарова

10-раундда илгари чизиқли шимлар нега харидоргир бўлгани ҳақида савол ўйналди. Бу саволда жамоа қийинчиликсиз тўғри жавобга етиб борди ва ҳисобни 5:5 кўринишига келтириб, ва-банк раундидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Кутилганидек, жамоа ва-банк раундини танлади ва ўйин столида жамоанинг энг фаол билимдони Мадина Мирзараҳматовани қолдирди.

Сўнгги раундда ёзувчи Юрий Нагибин нима нарсага ҳеч бир воқеани режалаштирмайдиган, баъзан бетартиб, баъзан бемаъни ва ҳатто беҳаё мусаввир дея таъриф бергани ҳақидаги савол ўйналди. Афсуски, Мадина Мирзараҳматова бу саволга тўғри жавоб топа олмади ва жамоага 0:6 ҳисобидаги мағлубият ёзилди.

Шундай қилиб, бу жамоа ҳам мавсум финали учун курашдан чиқди. Финалга номзодлардан олдинда фақат Жобир Аҳмедов жамоаси қолди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллиф: Алберт Холмуродов, Нуробод тумани, Самарқанд вилояти

Бошловчи: Биринчи жаҳон урушида Британияда биродарлик баталёнлари мавжуд бўлган. Бир нечта жангдан кейин бу батальонлар негадир тарқатиб юборилган.

Диққат савол: Бу баталёнга кимлар тўпланган ва у нега тарқатиб юборилган?

Жавобни Мадина Мирзарахматова беради: Фикримизча, биламиз турли мустамлакалардан аскарлар уруш майдонларига келишган. Турли хил миллатдаги инсонлар бир-бирига меҳри тушиб қолмаслиги учун, яқин бўлиб қолмаслиги учун кейинчалик тарқатиб юборишган.

Тўғри жавоб: Биродарлик баталёнларига озгина тўхталиш керак эди. Баталёнлар тузилган армияга, урушга олиб бориш учун. Бундай баталёнлар битта қишлоқдан, битта шаҳардан бўлган. Битта шаҳарликлар борганда жангда қатнашиб бир нечтаси ўлиб кетган. Агар бу баталён қирилиб кетса, шаҳарда бирорта эркак қолмайди деб шу ишни қилишган.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Алберт Холмуродов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллиф: Саидазам Хўжаев, Олмазор тумани, Тошкент

Бошловчи: Голливуд актрисалари Энн Ҳэтуэй ва Сандра Баллок каби актрисалар. Улар ролларини филмларда маҳорат билан ўйнашган. Бу ролга танлаб олинган актрисалардан съёмка вақтида сочларни калта қилиб олишлари талаб этилган.

Диққат савол: Улар қайси соҳада ишлайдиган аёлларнинг ролини ўйнашган ва соч нега калталанган?

Жамоа вақтдан олдин жавоб беради.

Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: Адашмаётган бўлсам, бу актрисалар космонавтлар ролини ўйнашган. Гравитация қонунлари сочларга қандай таъсир қилишини олимлар ҳалиям чуқур ўрганишолмаган. Сочларнинг ҳаракатланиши уларга халақит берган ва монтаж усталари бунда қийналишган.

Тўғри жавоб: Улар тўғри айтдингиз, космонавтлар ролини ўйнашган. Съёмка вақтида космик кема ичида сунъий вазнсизлик ҳосил қилинган вақтида сочлар ўйнаб юқорига қараб кўтарилиб кетаверган. Режиссёрлар улардан сочларини калталашни шунинг учун сўрашган.

Ҳисоб: 1 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Шоҳжаҳон Шодиев, Пастдарғон тумани, Самарқанд вилояти

Бошловчи: Туркистон ҳудудида бир неча юз йиллар аввал ҳудудларда тўйларда бахшилар қўшиқ куйлашган. Айнан бахшиларнинг хонандаларнинг чаккасига пул қистириш шу пайтларда бошланган.

Диққат савол: Ўйлаб кўрганмисиз, нима сабабдан бу одат пайдо бўлган?

Жавобни Назокат Абдусайитова беради: Бизнинг фикримизча, бахшилар ҳам қўшиқ айтиб, ҳам соз чалиб ижро қилишади. Соз чалганда икки қўллари банд бўлади, биламиз чопонларда чўнтак бўлмайди, шунинг учун чаккага қистириш бошланган.

Тўғри жавоб: "Самарқандлик бахшилар" ҳақидаги рисоладан олинган бу савол. Бахшилар 200-300, 500йиллар илгариям ўша туяга миниб, тўйма-тўй қўшиқлар айтиб юришган. Саволнинг мантиқий жавоби шундай, ўша пайтларда хонанда-бахшилар тўнда ва яктакда бўлишган, уларда эса чўнтаклар бўлмаган. Илгари қўшиқчилар пул олишмаган. Келишув деган нарса бўлмаган, ҳимматларига яраша пулни ўртада чаккаларига қистириб кетишган.

Ҳисоб: 2 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи: Ҳулкарой Мамажонова, Тўрақўрғон тумани, Наманган вилояти

Бошловчи: Рус шоири Михаил Светлов турмуш ўртоғи билан музейга бориб бир сурат қаршисида туришганда хотини айтади: Мана бу суратни қара, қуёш чиқаётган пайтни тўлақонли тасвирлабди. Шунда шоир, - Ие нима деяпсан, бу суратда қуёшнинг ботиши тасвирланганку, дейди. Қаердан билдинг, деган саволга у қуйидагича жавоб берган.

Диққат савол: 1 дақиқадан кейин нима деб жавоб берганини айтинг.

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Биламиз, музейда ҳам ижодий одамлар ишлайди. Ва улар суратни мазмунидан келиб чиқиб, хонанинг кун чиқар эмас, кун ботар тарафига қўйишган. Шоир шунга эътибор берган ҳолатда рафиқасига жавоб берган.

Тўғри жавоб: У шундай жавоб берган: - Ижод аҳли туни билан ижод қиладими, соат 3-4 гача ишлайдими, у ҳеч қачон саҳарда қуёш чиқишини чизолмайди. У пайтда рассом уйқуда бўлади. Бу қуёш ботаётган пайти деган жавобни берган.

Ҳисоб: 2 - 2

Савол муаллифи Ҳулкарой Мамажонова 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи: Зарина Ражабова, Иштихон тумани, Самарқанд вилояти

Бошловчи: Бир дақиқадан сўнг биз сизга бир қизнинг суратини кўрсатамиз. У каби қизларни қуёшга нисбат беришади.

Диққат савол: 1 дақиқадан кейин қандай қизни кўрсатамиз?

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Фикримча, сепкилли қизларни қуёшга нисбат қилиш мумкин.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб: 3 - 2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи: Адҳам Қўзибоев, Нуробод тумани, Самарқанд вилояти

Бошловчи: Ислом оламида танилган Қуръон хаттоти Шайх Усмон Тоҳа бир куни Қуръоннинг бир саҳифасини ёзиб бўлади, пешин намозини ўқиш учун чиқиб кетади. Қайтиб келадики, не кўз билан кўрсинки, қоғоз ёнида уларни кўради.

Диққат савол: У нимадан ҳайрон бўлади ёки нималарни кўради?

Жавобни Мадина Мирзарахматова беради: Бизнинг фикримизча, ёзилган саҳифада Намл сураси ёзилган бўлган. Қайтиб келганида шу суранинг ёнида чумолиларни кўриб, худди шу ёзган нарсалари чумолилар билан бир хил бўлганидан ҳайратланган бўлиши мумкин.

Тўғри жавоб: У намоз ўқиб бўлгунча, келиб ёзувни қараса, ёзувлар қолмаган. Битта қўймай еб қўйилган, чунки уларни асаларилар талаб кетган эди. Чунки илгари сиёҳларга асал қўшиб ёзилган.

Ҳисоб: 3 - 3

Савол муаллифи Адҳам Қўзибоев 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи: Саидакбар Мақсудов

Бошловчи: Диққат, экранга қаранг.

Ҳиндистон қуролли кучлари аскарлари инглизлар келгунча, камар тагидан ранг-баранг белбоғ тақиб юришган. Бугун ҳам ҳинд аскари формасида бу ранг-барангликни кўриш мумкин.

Диққат савол: Ҳинд аскарларидаги бу белбоғдан кейинчалик инглизлар қаерда фойдаланишган?

Жамоа қўшимча вақтдан фойдаланади.

Жавобни Майсара Очилова беради: Инглизлар келгандан кейин ҳам бу ранг-баранглик сақланиб қолган дейилди, фикримизча, бу ранглар ҳарбойларнинг пагонларида сақланиб қолган

Тўғри жавоб: Ҳинд аскарларидан қолган бу удум смокинг остидан матоли белбоғ тақиб юриш одати. Бу ҳинд аскарларидан мерос қолган.

Ҳисоб: 3 - 4

Савол муаллифи Саидакбар Мақсудов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи: Жамшид Авазович, Паст Дарғом тумани, Самарқанд вилояти

Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.

XIX аср ўрталарига келиб каштачилар бир янгиликни ўз полосларида ярата бошлашди, тика бошлашди. Кейинчалик у миллий кашталаримизнинг бири бўлиб қолди.

Диққат савол: Экрандаги суратдан келиб чиқиб бу тасвирлар нимадан олинганини айтинг.

Жавобни Нодира Турғунова беради: Сўзана тикувчилар бу янги элементларни ойнинг кўринишларидан олишган.

Тўғри жавоб: Бу каштанинг номи "Оташ арава" деб номланади. У поезд ғилдиракларидан илҳомланиб шу кашталар тикилган.

Ҳисоб: 3 - 5

Савол муаллифи Жамшид Авазов 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи: Суннат Алиқулов, Зомин тумани, Жиззах вилояти

Бошловчи: "Қутлуғ қон" асарида Мирзакаримбойнинг ишкомли боғларини таърифлаганда, боғнинг эни ҳам, баландлиги ҳам, тепаси ҳам баланд қилиб қурилганлиги айтилади. Бу ҳосил кўп бўлиши учун эмас, асосий мақсад кенг баланд қилиб қурилишига бошқа сабаб бор.

Диққат савол: Қандай мақсадда қилинган бу иш?

Жамоа клуб ёрдамини олади.

Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Бу XX аср бошида ёзилган асар, у пайтда асосий транспорт воситаси айниқса бойларда, от бўлган ва бой ўша отлар юришига ҳалақит қилмаслиги учун ишкомларни баланд қилиб қурган. Кенг қилиб қурилганлигининг сабаби эса, балки, ҳосилни йиғишда аравалардан фойдаланишгандир.

Тўғри жавоб: Кенг ва баланд қилиб қурилиши, биласизлар бу асарда Йўлчивой образи бор, Йўлчивой шу тоғасиники келиб ишлайди, боғларда ишлаб юрган пайтида тушунтиришади буни, нега бунақа катта, нега бунақа баланд. Чунки ишкомнинг ичидан Қўқон аравалари бемалол юра олиши керак дейилган.

Ҳисоб: 4 - 5

Савол муаллифи Суннат Алиқулов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи: Қурбонгул Каримова, Навоий шаҳри, Навоий вилояти

Бошловчи: Марҳамат, ташқаридан шим олиб чиқамиз.

Мана шу шим. Дазмол ҳаммада йўқ пайтларни эсланг. Шимдаги чизиқлар илгари бўлмаган. Харидорлар чизиқли шимларни агар учраб қолса, талаш қилиб сотволишарди. Дастлаб бу чизиқлар шимларнинг харидоргирлигини оширган. Кейинчалик сотувчилар шимларга сунъий чизиқ торта бошлашган ва олувчиларни алдаш учун.

Диққат савол: Сотувчилар харидорларни нима деб алдашган?

Жавобни Мадина Мирзарахматова беради: Олдин шимлар чет элдан олиб келинганида пресслаб олиб келинган, яъни тахлаб, пресслаб олиб келинган. Ана шу жараёнга шимга чизиқлар тушган. Харидорларни жалб қилиш учун бу шимларимиз чет элники деган маънода уларга савдогарлар сунъий чизиқлар сола бошлашган. 

Тўғри жавоб: Шим тикувчи фабрикалар пайдо бўлиб уларни экспорт қила бошлашган. Дастлаб кемада узоқ вақт юрганда тахланган шимларда из пайдо бўлган, кейинчалик чизиқли шимлар хориждан келтирилган деган ёрлиқ пайдо бўлган. Харидор назарида шимнинг чизиғи бўлса, бу хорижники демак. У чизиқ тортиб, хорижники деб сотаверган.

Ҳисоб: 5 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Жамоа “Бор барака” ўйинини ўйнайди.

Ўйин қоидаси: Жамоада бир иштирокчи қолади. Жамоа саволга тўғри жавоб берса 6-0 ҳисобида ғалаба қозонади, акс ҳолда эса 0-6 ҳисобида ютқазади.

Ўйинда жамоадан Мадина Мирзарахматова қолади!

11-раунд. Савол муаллифи: Садоқат Мажидова, Вобкент тумани

Бошловчи: Ёзувчи Юрий Нагибин Уни бахтли мусаввирга ўхшатган. Қизиғи, у мусаввир олдиндан ҳеч бир воқеани режалаштирмайди, натижасигаям асосли, ёки ҳақиқийлигига ҳам жавобгар эмас. Баъзан бетартиб, баъзан бемаъно, ҳатто беҳаёлигиям уни заррача ташвишга солмайди.

Диққат савол: Ёзувчи нимани "бахтли мусаввир"га ўхшатган?

Жавобни Мадина Мирзарахматова беради: Бир нечта вариантлар бўлди. "Бахтли мусаввир" сўзи асосий эътиборимни тортди, у ниманидир тасвирлаши керак. Қофия деган вариант ҳам бор.

Тўғри жавоб: Бу саволни савол муаллифи, Нагибиннинг "Тиниқ кўллар" деган ҳикоялар тўпламидан олган. Мусаввирлар бирорта асарни яратишади, кейин одамлар уни кўриб завқланишади. Нагибин айтмоқчи бўлган мусаввир ҳам сизнинг онгингизга турли тарвирларни намоён қилади. Ёзувчи айтган мусаввир туш.

Ҳисоб 0 - 6

Савол муаллифи Садоқат Мажидова 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Ҳулкарой Мамажонова, қуёш ботиши ва қуёш чиқиши ҳақидаги савол

Ҳулкарой Мамажонова 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Мадина Мирзарахматова

Мадина Мирзарахматова 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид