Ўзбекистон | 10:57 / 28.07.2023
9134
4 дақиқада ўқилади

“Йўл учун бир дона дарахт кесилишига ҳам, кўчирилишига ҳам қаршимиз” — Экология вазирлиги бошқарма бошлиғи

28 июл куни АОКА мажлислар залида Экология вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир якунида Kun.uz мухбири томонидан Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қурилиши режаланган автомобил йўллари сабаб кесилиш хавфи остида қолаётган 70 мингга яқин дарахт масаласида вазирлик бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқовдан изоҳ сўралди.

— Шу кунларда Бухоро ва Сурхондарё вилоятида автомобиль йўллари қурилиши учун 70 мингга яқин дарахт кесилиши ҳақида хабарлар юрибди ва бу кўпчиликнинг хавотирига, эътирозига сабаб бўляпти. Мана шу йўл лойиҳаси ҳақида гапирсангиз. У қайси ташкилот томонидан қилинган? Бунда нега дарахтлар масаласи инобатга олинмаган ва вазирлик бунга қандай муносабат билдиради?

— Ростдан ҳозирда долзарб бўлган масала бу. Лойиҳа бўйича йўл Қашқадарёнинг Ғузор туманидан бошланиб Қозоғистоннинг Бенов шаҳригача бўлади, яъни А-380 трассаси ҳақида гап кетяпти. Лойиҳа бўлгач, вазирлик дарахтларни хатловдан ўтказган. Бухоро вилояти ҳудудида 31 мингта дарахт кесилиши мўлжалланган бўлса, шуларнинг 30 мингтаси саксовулга тўғри келади. Вазирлик бунга рад жавобини берган ва жойлардаги назоратчиларимиз қаттиқ назоратга олган. Лойиҳа бўлди дегани ҳали кесилади деганимас. Президент қарори ва вазиримиз кўрсатмалари билан дарахтларни ноқонуний кесиш оғир жиноятлар турига ўтказилди. Бу нарсадан бошқа ташкилот мутасаддиларининг ҳам хабари бор ва оқибати қандай бўлишини билишади.

Дарахтларни кесиш ҳақида умуман гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Жуда зарур бўлган пайтда ҳам кўчириб ўтказиш амалиёти қўлланиши мумкин. 24 июль куни лойиҳа раҳбари билан гаплашдик. Бу лойиҳа Хитой банкидан кридет олиниб молиялаштириляпти экан. Учрашувда душанба кунидан ишчи гуруҳ бориб жойларни ўрганиб, дарахтларни сақлаб қоладиган тарзда лойиҳани қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

— Бухорода аксарият саксовул бўлса-да (лекин у ҳам яшиллик ва кесилишига қаршимиз), Сурхондарёда айнан дарахтлар кесилиши кутиляпти. Бу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?

— Сурхондарёда 21 минг 800 та дарахт кесилиш режасига тушган. Бандихон, Бойсун туманлари ҳудудига тўғри келади бу. Бу дарахтлар ҳам ўрганилиб чиқилган ва умуман кесишга рухсат берилмайди. Максимал тарзда дарахтларни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Лойиҳани қайта кўриб чиқиш таклифи берилди.

— Бухоро ҳам, Сурхондарё ҳам экологик жиҳатдан оғир ҳудудлар. Максимал сақлаб қолиш эмас, умуман кесилмаслигига ҳаракат қилиш керакмасми?

— Дарахтлар кесилиши ва кўчирилишига умуман қаршимиз — вазирлик позицияси шу. Кесишга рухсат берилмаслиги аниқ, фақат кўчиришга рухсат бериш мумкин.

— Аммо тажрибада кўрдикки, кўчирилган дарахтлар қуриб қоляпти. Бу усул ёрдам бермайди.

— Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорида кўчириб ўтказиш тартиблари белгиланган. Унга кўра, илмий асослар билан вегетация жараёнида кўчирилиши керак. Яшнобод туманида метро қурилишида кўчирилган дарахтларнинг 80 фоиздан ортиғи сақлаб қолинди. Тўғри, сақлаб қолинмаган ҳолатлар ҳам бор. Дарахтлар кўчирилгандан кейин кўчирган ташкилот 3 йил қараш мажбуриятини олади. Тўғри ёндашилиб, кўчирилган дарахтлар униб кетди. Метро қурилишида ҳам қатъий назорат билан кўчириш жараёнлари бўлди. Яна қайтараманки, кўчиришда барча керакли ишларни қилиш лозим бўлади, шундагина натижа бўлади.

— Биз, жамоатчилик қандайдир иқтисодий лойиҳалар учун экологияни қурбон қилишга қаршимиз. Агар лойиҳада дарахтлар кесилиши тўхтатилмаса, биз ўша ерга бориб қаршилик қилишга тайёрмиз. Шунинг учун масъул вазирлик сифатида кучли қаршилик қилишларингизни сўраймиз.

— Биз ҳам айни жамоатчиликка, журналист ва блогерларга таянамиз бу борада. Масалани кенг ёритишга ҳаракат қилинади ва жамоатчилик эшитуви асосида иш кўрилади.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид