Ўзбекистон | 18:23 / 29.07.2023
20303
9 дақиқада ўқилади

“Hyundai” заводидан 3 минг долларлик электромобилгача — саробга айланган лойиҳалар

Ўтган давр мобайнида истиқболли дея эълон қилинган бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш охиригача етказилмади. Номаълум сабабларга кўра, Nike, Adidas, Hyundai, Burger King, Inditex каби дунё брендлари Ўзбекистон бозорига кириб келмади.

UzAuto Motors 2023 йилда автомобил ишлаб чиқаришни кескин ошириб, 500 мингтага етказмоқчи эди. Лекин компаниянинг бу баёноти ҳам амалга ошмаслиги аниқ бўлиб улгурди.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида енгил автомобил ишлаб чиқариш ҳажми ўсмаган. 6 ой давомида 161 975 дона автомобил ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг мос даврига қараганда 7741 тага кўп холос.

Kun.uz шу сабаб билан охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилиши эълон қилинган, лекин охир-оқибат амалга ошмаган ёки амалга ошиши номаълум босқичда турган иқтисодий лойиҳаларга эътибор қаратди.

“Ўзбекистон” ва “Чорсу” меҳмонхоналарининг хусусийлаштирилиши

Бундан 3 йил аввал Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг 80,1 фоиз улуши Сингапурнинг “Bashan investment group pte ltd” компаниясига 23,2 млн долларга сотилгани маълум қилинганди.

Шартнома шартларида, Сингапур компаниясининг “Ўзбекистон” меҳмонхонасига 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиши ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиши ҳам кўзда тутилганди.

Фото: Бенжамин Гоэтзингер

Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, инвестиция мажбуриятлари ҳам, таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмади.

Жорий йилнинг 25 июль ҳолатига кўра, меҳмонхонанинг 80,1 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига, 11,7 фоиз улуши “Nafteco Projects LLP”, 8,2 фоиз улуши “Ashton Export LLP” каби офшор компанияларга тегишли.

Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур битимнинг кейинги тақдири ҳақида ўз расмий саҳифаларида ҳеч қандай маълумот тақдим қилмаган.

Шунингдек, аукцион савдолари орқали бош штаб-квартираси Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган “Ittihad International Investment LLC” компаниясига 16,9 млрд сўмга сотилган “Чорсу” меҳмонхонаси тақдири ҳам ҳалигача номаълум бўлиб қолмоқда.

 Фото:Kun.uz

3 минг долларлик электромобил

Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакат ичкарисида электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида бир қанча лойиҳа ишлаб чиқилганди. Хусусан, 2018 йилдаги қарорда 2020 йилгача Бухорода электромобил ишлаб чиқаришни бошлаш кўзда тутилганди. 2019 йилдаги қарорда эса 2022 йилдан бошлаб Қўқонда электромобил чиқариш бошланиши белгиланган, уларнинг нархи 3 минг доллардан бошланиши айтилганди. Хитойнинг Silk Road Company компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши мўлжал қилинган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил этиши, шундан 24 миллион доллари хорижий инвестиция экани билдирилганди.

Маълумот учун, 2011 йилдан 2020 йилгача Фарғона вилояти ҳокими ловозимида Шуҳрат Ғаниев ишлаган бўлса, 2018 йилнинг апрель ойидан бери Маъруф Усмонов Қўқон шаҳрига ҳокимлик қилмоқда.

Кадр:YouTube

UzAuto Motors эса 2021 йилдан Labo электромобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эди, унинг нархи 10 минг доллар атрофида бўлиши маълум қилинганди.

Фото: Podrobno.uz

Nike ва Adidas

2019 йил бошида Хитойнинг “Tianjin Zhongzhilihua” компанияси билан “SinoInternational” МЧЖ ўртасидаги келишув имзоланганди. Унга кўра, Андижон вилоятида 2020-2022 йилдан босқичма-босқич (умумий 3 босқичда) Nike ва Adidas кроссовкалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Марказий Осиё давлатларига тайёр маҳсулотларнинг 50 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилганди.

Фото: Getty Images

Хусусан, 2022 йилнинг март-апрель ойларидан бошлаб спорт пойабзаллари ишлаб чиқарилиши бошланиши кўзда тутилганди. Бироқ номаълум сабабларга кўра ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёни тўхтаб қолди.

Hyundai заводи

Наманган вилоятида Hyundai автомобил заводи қурилиши маълум қилинганди. Хусусан, 2018 йил ноябрь ойида завод қурилиши учун тамал тоши қўйилади.

Шартномани Ўзбекистон номидан Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва ўша пайтда Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётган Лазиз Қудратов имзолаган.

Ажабланарлиси, орадан маълум вақт ўтиб, 2019 йил апрель ойига келиб яна бир бор тамал тоши қўйиш маросими ўтказилади. Дастлабки машиналар эса 2019 йил сентябрда конвейердан чиқиши айтилганди.

 Фото: nampravda.uz

Биринчи босқичда ойига 400 га яқин юк машинаси, микроавтобус ва автобус ишлаб чиқариш, келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини 4 мингтагача етказиш мўлжалланган мазкур лойиҳа ҳам номаълум сабабларга кўра амалиётга татбиқ қилинмади.

Сўм рамзи

2022 йилнинг феврал ойида Марказий банк “миллий валютанинг молия бозорида халқаро нуфузини ошириш ва кенг жамоатчилик ўртасида танилишини таъминлаш мақсадида” сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилади. Орадан маълум вақт ўтганидан кейин, ғолиб сифатида Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинди. Аммо мазкур белги “In-Core Systèmes” ва Ҳиндистонда очилган “Logic Square Technologies” логотипларига ўхшашлиги сабабли танқидга учради. Шундан сўнг жараён тўхтаб қолди ва ҳозиргача қўшимча изоҳ берилмади.

Фото: Марказий банк

Маълумот учун, ҳозиргача ўзбек сўмида, бошқа валюталардан фарқли равишда рамз кўринишидаги белги йўқ. МДҲ ҳудудида эса арман драми (֏), украин гривнаси (₴), озар манати (₼), қозоқ тенгеси (₸), қирғиз соми (⊆) ва Россия рубли (₽) каби валюталарнинг график рамзлари бор.

Burger King

2021 йилнинг июль ойи охирида Burger King ресторанлар тармоғи Ўзбекистон бозорига кираётгани ҳақидаги маълумотлар тарқалганди. Унда Тошкентда Burgerhouse МЧЖ компанияси рўйхатга олингани, унинг устав фонди 1 млрд сўмга тенг экани, шунингдек, ходимларни ишга олиш бошлангани хабар қилинганди.

Фото: Forbes

Шунингдек, биринчи учта ресторан Бобур боғи, Экобозор ёнидаги Атлас мажмуаси ва Чилонзор 25-мавзесида очилиши маълум қилинганди. 2021 йил охирига қадар иш бошлаши кўзда тутилган ресторанлар номаълум сабабларга кўра ўз фаолиятини бошламади.

IKEA

2021 йилнинг февраль ойида Тошкент вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилади. Унда мебель ва уй жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири – IKEA’нинг Чирчиқ шаҳри ҳудудида мебель ишлаб чиқариш фабрикаси очилиши, лойиҳа умумий қиймати 52 миллион доллар бўлиши эълон қилинади.

 Фото: ЕРА/ТАСС

Бироқ бир муддат ўтганидан сўнг, IKEA компанияси Ўзбекистонда бундай лойиҳани амалга ошириш режаси йўқлигини билдиради.

Кейинчалик собиқ Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов бу лойиҳа фақат таклиф сифатида айтилганини маълум қилади.

“Ўзавтосаноат”нинг ваъдалари

2019 йилда “Ўзавтосаноат” “Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси” тақдимотини ўтказганди. Унда биринчи 5 йилликда нархи 10 000 АҚШ доллари атрофида бўлган арзон автомобиллар ишлаб чиқарилишига эътибор қаратилиши эълон қилинганди. Мазкур стратегия президентга ҳам тақдим қилинганди. Амалда эса 2022 йил охирига бориб, нархи 10 минг долларгача бўлган автомобиллар ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилди.

Шунингдек, UzAuto Motors'нинг сотувга чиқарилган акцияларида андеррайтер вазифасини бажарган Freedom Broker ҳисоботида компания режаларида 2023 йилдан Captiva вa Cadillac импортини бошлаш кўзда тутилгани келтириб ўтилганди.

Inditex

Ўтган йил июнь ойида чакана кийим сотиш бўйича дунёнинг етакчи компанияси, йирик дўконлар тармоғи эгаси бўлмиш Inditex компаниясининг Ўзбекистон бозорига кираётгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг Савдо-саноат палатаси ҳам, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳам бу борада қўшимча маълумотлар бермади.

Фото: Getty Images

Пандемиядан олдин ҳам Inditex вакиллари Ўзбекистонга амалий ташриф билан келганди. Учрашувда Ўзбекистоннинг корпорация дўконлари учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш масаласи муҳокама қилинганди.

Маълумот учун, Испаниянинг Inditex компанияси Massimo Dutti, Zara, Pull & Bear, Oysho, Bershka, Stradivarius, Uterque, Zara Home каби брендлар эгаси ҳисобланади.

Мавзуга оид