Жаҳон | 17:44 / 30.07.2023
14834
3 дақиқада ўқилади

Колумбия президентининг ўғли наркосавдогарлардан пул олишда гумонланиб ҳибсга олинди

Колумбия бош прокурори мамлакат президенти Густаво Петронинг ўғлини пул ювиш ва ноқонуний бойлик орттиришда гумонлаб ҳибсга олди.

Фото: Reuters

Николас Петро гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчи жиноятчилардан пул олиш ва бу пуллар отасининг сиёсий қадамлари ҳамда сайловолди кампаниясига сарфлангани бўйича айбловлар билан қўлга олинган.

Николас Петро айбловларни рад этган, шу билан бирга шу йил баҳорда бошланган тергов ишларида ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

Суриштирув ишлари доирасида кичик Петронинг собиқ рафиқаси Дайсурис дел Кармен Васкес ҳам ушланган.

Сўл кучлар намояндаси сифатида мамлакат раҳбарлигига келган илк етакчи бўлган Петро колумбиялик наркосавдогарлардан пул олганини рад этган.

Айнан у март ойида прокурорларга ўз ўғлини тергов қилишни буюрганди.

Шанба куни президент Петро ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фарзандларидан бири қамоқхонага тушгани унга оғриқ беришини ёзган, аммо шу билан бирга тергов жараёнига аралашмаслигини қўшимча қилган.

«Ўғлимга омад ва куч тилайман. Майли, бу воқеалар унинг характерини тобласин ва у ўз хатоларидан хулоса чиқарсин», — деган Петро.

Васкес аввалроқ маҳаллий нашрларга берган интервюсида ўтган йили наркокартеллар собиқ турмуш ўртоғига йирик миқдорда пуллар берганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу Густаво Петро 2022 йил августидаги президентлик сайловлари орқали ҳокимиятга келишидан олдинги сайловолди кампанияси вақтига тўғри келган.

Мутахассисларнинг баҳоларига кўра, дунёдаги кокаиннинг ярмидан кўп қисми ишлаб чиқариладиган Колумбияда нафақат мафия, балки қуролли исёнчи гуруҳлар ҳам бутун дунё бўйлаб, жумладан АҚШ ва Европа учун гиёҳванд моддалар тайёрлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришда фаол иштирок этмоқда.

Бундай гуруҳлар ҳукуматга қарши ўнлаб йиллар мобайнида олиб бораётган уруш юз минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган.

Президент Петро қуролли исёнчи гуруҳлар билан ҳам, наркокартеллар билан ҳам келишувлар орқали тинчликни таъминлашга ваъда берганди. Унинг президентлик лавозимидаги биринчи йилидаги саъй-ҳаракатлар қисман муваффақият келтирган.

Миллий озодлик армияси (ELN) партизанлар гуруҳи билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар шу йил август ойида бошланиши кутилмоқда.

Аммо «Клан дел Голфо» номли йирик жиноий гуруҳ билан олиб борилган музокаралар самара келтирмади.

Мавзуга оид