Ўзбекистон | 22:58 / 30.07.2023
39491
21 дақиқада ўқилади

Оёғи ердан узилган депутатлар, янги лифтдаги ўлим ва яширилган жиноятлар. Ҳафта дайжести

Камбағаллик даражаси энг юқори вилоят Сирдарё экани маълум бўлган ҳафтада, шу вилоятнинг депутатлари ҳокимларга 15 та “иномарка” олиб беришга қарор қилди. Республика даражасидаги бошқа бир депутат эса айб камбағалларнинг ўзида эканини айтиб чиқди. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Глобал қайнаш даври”

Тошкентда икки ойдан бери ҳар куни қатор маҳаллаларда таъмирлаш ишлари сабаб электр таъминоти ўчириляпти ва бу янгилик бўлмай қолди. Талаб ортиб кетган кунлари эса аварияларнинг олдини олиш учун шахмат тартибидаги ўчиришлар ҳам қўлланяпти. Лекин баъзан бу ҳам етарли бўлмаяпти. Хусусан, 26 июл куни пойтахтнинг 7 та туманидаги кўплаб ҳудудлар бир вақтнинг ўзида электр таъминотидан узилиб қолди. Бу ҳақда диспетчерлик каналида эълон қилинган постлар кўп ўтмай ўчирилиб, оммавий узилишга тақсимлаш пунктлари қизиб кетгани сабаблиги айтилди.

Кейинроқ Энергетика вазирлиги шу куни Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд яна янгиланганини маълум қилди. Унга кўра, 26 июлда Ўзбекистон бўйлаб 250 млн kWh электр энергияси истеъмол қилинган. Бу ўтган йилги максимал кўрсаткичдан 5 фоизга кўп. Энергетика вазирлиги аҳолидан катта аварияларнинг олдини олиш учун қилинаётган қисқа муддатли узилишларни тўғри тушунишни ва қатъий тежамкорликка амал қилишни сўради.

Энергияга талабнинг ортиб кетиши аномал иссиқ билан боғлиқ. Шу ҳафта Жаҳон метеорология ташкилоти вакиллари 2023 йилнинг июл ойида кузатилаётган жазирама мутлақ рекорд даражага чиққани, глобал миқёсдаги бундай исиш “охирги минг йилликда ҳам” кузатилмаганини маълум қилди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса вазиятни образли тарзда тасвирлаб, “глобал исиш даври тугагани, энди глобал қайнаш даври келгани”ни айтди.

Ўзбекистоннинг фақат энергетика соҳаси эмас, қонунчилиги ҳам бундай “глобал қайнаш даври”га тайёр эмас. Kun.uz бир неча марта кўтариб чиққан масала – жазирама иссиқ кунларда ходимларнинг иш вақти ва меҳнат шароитлари бўйича ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган норматив ўзгаришлардан ном-нишон кўринмаяпти. Биз яна бир бор депутатлар ва касаба уюшмаларидан бу борада ташаббус кўрсатишни сўраб қолган бўлардик.

Янги ўрнатилган носоз лифт ва унда рўй берган одам ўлими

Балки аномал иссиқ ва унинг оқибатлари, балки қурилиш соҳасидаги муаммоларимиз, ва балки бу омилларнинг жамланмаси шу ҳафта пойтахтимизда ноодатий бир фожиага етаклади. 32 ёшли аёл ҳолливуд киноларида эмас, реал ҳаётда, Тошкент деб аталмиш шаҳардаги янги лифтлардан бирида қамалиб қолиб, ҳалок бўлди.

Душанба куни соат 14:50 ларда Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги янги қурилган уйлардан бирига кирган почтачи аёл лифтда қамалиб қолган. Бахтга қарши, уй янги бўлгани учун ундаги саноқли хонадонларда одам яшайди, улар ҳар доим ҳам лифтдан фойдаланавермайди. Натижада аёлнинг жасади орадан уч кун ўтиб, пайшанба куни топилган. Экспертиза хулосасига кўра, аёл юрак ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Унинг 6 яшар қизчаси етим қолгани айтиляпти.

Прокуратура лифтнинг хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги натижасида одам ўлими юзага келгани сабаб жиноят иши қўзғатди. Лифт носозлигидан ташқари, “свет” ўчиб қолган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам гаплар бор. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига кўра, аёлнинг лифтда қамалиб қолишига электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлган. Лекин буни ҳудудий электр тармоқлари корхонаси рад этди. Унга кўра, воқеа рўй берган куни бу ҳудудда чироқ ўчмаган. Қолаверса, лифт электр узилиши сабаб тўхтаб қолган бўлса, таъминот тикланиши билан яна ишлаб кетиши керак эди.

Эътиборлиси, Саноат хавфсизлиги қўмитаси ўз баёнотида лифт соз ҳолатда эканини ҳам маълум қилди. Шу ерда яшовчи фуқаролар эса мухбиримиз билан суҳбатда лифт носозлиги сабаб тез-тез ишламай қолишини тасдиқлади. Қўмита ахборотида айтилишича, 2022 йилда ўрнатилган бу лифт фойдаланишга топширишдан олдин белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган, чунки на қурувчи компания, на бошқарув компанияси бу борада инспекцияга мурожаат қилмаган.

Ўн минглаб дарахтларни кўчириш?

Ўзбекистон жамоатчилиги кесилиб кетаётган дарахтларни, камайиб бораётган яшилликни ҳимоя қилиш учун қурувчилар, йўлсозлар, ободонлаштириш ходимлари ва албатта амалдорлар билан доимий курашиб келади. Лекин энди фаоллар ўн минглаб дарахтларни бутун бошли вилоятлар ҳокимликлари ва Автомобил йўллари қўмитасидан ҳам ҳимоя қилишга мажбур бўляпти.

Гап шундаки, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида автомобил йўллари қурилиши бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган, бу лойиҳаларда йўллар бўйидаги 50 мингдан ортиқ дарахт ва бутани бошқа жойга кўчириш кўзда тутилган. Экология вазирлиги бу лойиҳаларга қаршилик билдирган. Шу билан бирга, вазирнинг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратовга кўра, тез орада Сурхондарё ва Бухорода жамоатчилик эшитувлари бўлади, шундан кейин бир қарорга келинади. Вазирлик бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов эса экология органи қарши тургани билан, қонунчиликда дарахтларни белгиланган тартибда кўчириб ўтказишга тақиқ йўқлигини айтиб, бу масалада уларнинг имкониятлари чекланганига ишора қилди.

Яъни, Вазирлар Маҳкамаси лойиҳаларни ўзгартирмасдан, дарахтларни кўчиришга қарор қилса, ҳуқуқий жиҳатдан бунинг имкони бор. Лекин қарор қабул қилувчилар эътиборга олиши керакки, Бухоро ва Сурхондарё – экологик аҳвол энг оғир ҳудудларимиз қаторида туради, бу вилоятларда бир туп дарахтни кўкартириб олиш минг азоб. Экология вазирлиги ўз хулосасида қайд этганидек, дарахтлар ва буталар чанг-тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда муҳим ўрин тутади. Масалан, 3 йиллик саксовулзор қум кўчишини 55 фоизга камайтиради, 7 йиллик саксовулзор эса қум кўчишини тўлиқ тўхтатади.

Хавотирлиси, ўн минглаб дарахт ва буталарнинг ёппасига кўчирилиши, агар амалга ошса, хоҳлаган дарахтни хоҳлаган жойдан олиб ташлаш мумкин ва бу муаммо эмас деган ижтимоий ишончни мустаҳкамлайди. Бошқача айтганда, бу акция дарахт кесишга қўйилган мораторийнинг асл маъносини четлаб ўтиш бўйича энг катта намуна ва мастер-классга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Хайриятки, ҳафта охирида бу лойиҳалар дарахтларни асраб қоладиган тарзда қайта кўриб чиқилиши маълум бўлди.

Мораторийнинг айланма йўллар билан эмас, тўғридан тўғри бузилаётганига оид хабарларнинг эса охири йўқдек гўё. Куни кеча Бош прокуратура берган хабарга кўра, Фарғона вилоятида, Катта Андижон канали қирғоғидаги 1200 туп дарахт кесиб ташланган. Ҳолат юзасидан “Бағдодмахсуссувпудрат” МЧЖ мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Табиатга етказилган зарар 4,6 млрд сўмга баҳоланди.

Сирдарё аҳолисининг ҳар беш нафаридан бири расман қашшоқ. Ҳокимлари эса “иномарка” минади

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги биринчи марта Ўзбекистондаги камбағалликнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотини эълон қилди. Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятларида камбағаллик кўрсаткичи энг паст – қарийб 9 фоизни ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари эса антирейтинги билан ажралиб туради. Бу ҳудудларда аҳолининг салкам 20 фоизи камбағалликда яшаяпти. Аниқроқ айтганда, Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Хоразмда яшовчи ҳар беш кишидан бирининг ойлик даромади 568 минг сўмга етмайди.

Агар сиз камбағаллик чегараси масаласида расмий белгиланган миқдордан бошқача фикрда бўлсангиз, масалан, ойлик даромади 568 минг сўм эмас, 1 млн сўмга етмайдиган одамни камбағал деб ҳисобласангиз, бу ҳисобингиз бўйича юқоридаги рақамлар бир неча баробарга ортишини тасаввур қилиб кўришингиз мумкин. Буни тасаввур қилиб кўриш айниқса Тошкентда, нисбатан тўқликда яшайдиган ҳамюртларимиз учун фойдадан холи эмас, бизнингча.

Жума куни президент имзолаган қарор билан, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларга тўланадиган нафақалар миқдори 33 минг сўмга оширилиб, 568 минг сўмга етказилди. Бу яқинда минимал истеъмол харажатлари миқдори айнан шунча деб белгилангани билан боғлиқ. Янги миқдордаги нафақалар 1 августдан бошлаб тўланади.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда 1,3 миллиондан ортиқ оила камбағал ҳисобланади. Республика бўйича камбағаллик даражаси – 14 фоиз. Депутат Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич 7 йил олдин 34 фоиз бўлган. Қодиров бу рақамни Twitter'да ёзиб, давомидан камбағаллик ҳақидаги фикрини ҳам қолдирди.

“Камбағаллик мағлубиятдир! Ким камбағал бўлади? Ҳаракати, илми, ҳунари йўқ одам камбағал бўлади! Давлат қанча ҳаракат қилмасин, мағлублар камбағал бўлиб қолаверади!” – деб ёзди у.

Шунинг ортидан бошланган виртуал баҳсларда тармоқ фойдаланувчилари иккига бўлинди. Уларнинг бир қисми боқимандалик кайфиятини камбағалларнинг асосий муаммоси деб кўрсатган бўлса, аксарият фойдаланувчилар камбағалларнинг ўзини айблаётгани учун депутатни қоралади.

Мавзу бўйича Олий Мажлиснинг бошқа бир таниқли депутати Дониёр Ғаниев ҳам фикр билдириб, Нобел мукофоти совриндорлари Абхижит Банержи ва Эстер Дюфлонинг қарашларини келтирди. Бу икки олимга кўра, одамлар меҳнат қилмагани учун эмас, кўп ҳолларда “камбағаллик қопқони”га тушиб қолгани учун қашшоқликдан чиқолмайди. Бу қопқон очлик, касаллик, ишсизлик, таълим ололмаслик ва бошқа шаклларда бўлиши мумкин.

“Тўғри, илми, ҳунари йўқ, дангаса одам камбағал бўлиши мумкин. Лекин бу ҳамма камбағал шундай дегани эмас. Худди аҳмоқ одамлар ҳам депутат бўлиши мумкин-у, лекин бу ҳамма депутат ҳам аҳмоқлигини англатмагандек”,дея ёзди Ғаниев.

Дониёр Ғаниев ҳамкасбининг исмини тилга олмаган ва уни тэг қилмаган бўлса-да, аҳмоқ сўзини ишлатиб мисол келтириши ортидан, депутатлар яна бир-бирларини тилга олмаган ҳолда баҳсга киришди. Алишер Қодиров аҳмоқ сўзини депутатларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолади. Ғаниев бу сўзни тушунтириш учун мисол сифатида ишлатганини айтди. Ўз постларида Қодиров камбағалликдан чиқиш одамнинг ўзининг интилишига боғлиқ деган бўлса, Ғаниев аҳолининг 14 фоизи – нақ 5 млн фуқарони ёппасига ҳаракатсизликда айблаш апорофобик дискриминация эканини айтиб, бунақа дискриминациянинг яна бир намунаси сифатида, Ислом Каримов даврида мигрантлар “дангаса, ношукр”га чиқариб қўйилганини эслатди.

Нима бўлгандаям, аҳоли камбағаллиги ҳам, фаровонлиги ҳам аввало иқтисодий сиёсатга боғлиқ. Биздан бошқачароқ иқтисодий сиёсат йўлини тутган Қозоғистонда, масалан, ўртача пенсия миқдори Ўзбекистондан салкам 3 баравар юқори. Шу ҳафта қирғиз нашри эълон қилган таққослашга кўра, Қозоғистонда ўртача пенсия 270 доллар, Ўзбекистонда эса 97 долларга тенг. Ўртача пенсия миқдори бўйича қозоқлар Россия ва Беларусдан ҳам ўзиб кетган.

Kun.uz'нинг бошқа бир мавзудаги ўрганишлари ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистон аҳолиси турмушидаги камида 3 бараварлик фарқни кўрсатиб берди. Тахминий ҳисоб-китобларимизга кўра, ўртача ойлик даромад оладиган одам ойлигини ҳеч нарсага сарфламай, фақат 3 хонали квартира учун йиғиб юрса, орзусига етиши учун Қозоғистонда 6 йил, Ўзбекистонда эса 18 йил керак бўлади.

Яна бир хабар билан камбағаллик мавзусига якун ясаймиз. Сирдарё вилояти депутатлари вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва вилоятдаги туманлар ҳокимларига хизмат машинаси сифатида Tracker'лар олиб беришга қарор қилди. Кенгаш қарори билан, аҳоли ва корхоналар тўлаган солиқларнинг 4 млрд сўми 16 дона Tracker хариди учун ишлатиладиган бўлди.

Ўрганишларимизга кўра, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосарларида ҳам, вилоятдаги айрим туман ва шаҳар ҳокимларида ҳам янги хизмат машинасига эҳтиёж йўқ. Бу мавзудаги шу ва бошқа батафсил деталларни сайтимиздан ўқишингиз мумкин. Биз дайжестда фақат юқорида айтиб ўтилган расмий статистикани эслатиб ўтмоқчимиз холос. Камбағалликни қисқартириш вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, Сирдарё – Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси энг юқори вилоят.

Президент 2 кунда 44 амалдорни ишдан олди

Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин олиб ташланган блокпостлар Сурхондарё вилоятида яна пайдо бўлган. Вилоятга борган Kun.uz мухбири туманлар орасидаги бундай постларнинг камида еттитаси ишлаётганига гувоҳ бўлди. Ҳайдовчиларнинг айтишича, бу постлар ёз бошидаги ғалла мавсумида ҳосил ортилган юк машиналарининг ҳаракатини назорат қилиш учун ўрнатилган, лекин ғалла мавсуми тугаса ҳам олиб ташланмаган.

Вилоят ИИБ постлар фақат кечқурун ишлаётгани, тунги вақтда юрадиган ҳайдовчиларнинг ухлаб қолиб, ҳалокатга учрашининг олдини олиш учун шундай қилинганини билдирди. Лекин бу ҳақдаги мақола сайтимизда эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб, постлар олиб ташлангани маълум бўлди.

Бу тезкор реакция Шавкат Мирзиёевнинг жума кунги йиғилиши билан боғлиқдир, эҳтимол. Фарғонага борган президент ўша ерда ички ишлар тизими бўйича видеоселектор ўтказди. Танқидий йиғилишда бир қатор раҳбарлар, хусусан ички ишлар вазирининг рақамлаштириш масалаларига масъул ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев ишдан олинди. Президент у ўзига юклатилган бирорта вазифани охиригача бажармаганини айтди.

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Муҳиддин Жўраев эса жиноятчиликка қарши курашиш ўрнига, статистикани камайтириш билан шуғулланиб келгани учун ишдан бўшатилди. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, вилоятда жиноятларни рўйхатга олмаслик орқали уларни яшириш оддий ҳолга айланиб қолган.

Лавозимидан олинган яна бир юқори лавозимли мансабдор Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари Иномжон Ибрагимов бўлди. У миллий гвардия зиммасидаги жамоат жойлари, хусусан бозорларда жамоат тартибини таъминлаш бўйича тизим ўрнатмагани айтилди. Миллий гвардиянинг Жиззах ва Навоий вилоятлари бошлиқлари ҳам ишдан бўшатилди. Лавозимдан олинганлар қаторида Андижон, Риштон, Бувайда, Нарпай, Юнусобод ва Бандихон туманлари прокурорлари ҳам бор. Эслатиб ўтамиз, Бандихон прокурори Соатмурод Маҳманов маҳалла раисларини сўкиб, фермерни калтаклагани учун аллақандай интизомий жазо билан қутулиб қолганди.

Фарғонадаги йиғилишда Жиззах, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқлари ҳам лавозимидан озод этилди. Президент йўллардаги аварияларнинг 48 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб рўй бераётганини айтиб, энг хавфли йўллар ва чорраҳаларда тартиб ўрнатишга кўрсатма берди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, энди йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патрул хизмати ходимлари учун маҳаллалар бўйича жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади.

Йиғилишда ягона диспетчерлик хизмати, ёшлар жиноятчилиги ва бошқа йўналишларда ҳам топшириқлар берилди. Давлат раҳбари Учтепа туманидаги профилактика инспекторининг боғча болаларига қилган маърузасини ҳам танқид қилди. “Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3-4 ёшли болакайларга “оқ-қорани фарқлаш” бўйича маъруза ўқиш билан банд”, деди президент.

Шавкат Мирзиёев йиғилишни айнан Фарғонада ўтказаётганига изоҳ бериб, бу вилоятда криминоген вазият “ачинарли ҳолда” эканини айтди. Фарғона шаҳрида 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилгани вазият қанчалик оғирлигини кўрсатиб турибди, деди президент.

Жамоатчиликни ларзага келтирган бу фожиада, 11 ёшли қизалоқ ўлдирилишидан аввал зўрланган бўлиши мумкин. Жиноятда гумонланиб 17 ёшли ўсмир қўлга олинган. Қизалоқнинг яқинларига кўра, ўзларига таниш бўлган оила фарзанди – 2006 йилда туғилган бу йигит 19 июл куни қизнинг уйига келиб, онаси уни чақираётганини айтган ва уйдан олиб чиқиб кетган. Бир муддат ўтиб, қурилиши тугалланмаган бино ёнидан қизалоқнинг жасади топилган.

Ҳафта охирида жамоатчилик диққат маркази яна Фарғонага қаратилди. Қўқонда блогер Олимжон Ҳайдаров ҳибсга олинди. Интернетда тарқалган суратда блогерни қўлга олиш учун ниқобли тузилмалар жалб этилганини кўриш мумкин. Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси Ҳайдаровни товламачиликда айблаяпти. Бошқарма хабарида у ёзган танқидий мақоласини эълон қилмаслик учун Қўқондаги савдо комплекси расмийларидан пул талаб қилиб олганда ушлангани айтилади. Шу куннинг ўзида суд ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Блогернинг яқинлари бу воқеа сохта тарзда атайин уюштирилган деб ҳисоблаяпти. Ҳайдаровнинг укаси у норозилик сифатида қамоқда очлик эълон қилганини айтди. Воқеага кўплаб жамоатчилик фаоллари, шунингдек, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Абдулла Абдуқодиров ҳам муносабат билдирди. “Олимжон Ҳайдаров. Товламачилик?! Умид қиламанки, бу англашилмовчилик. Мақсад кенгроқ. Тушунарли. Лекин бу методлар билан эмас”, дея ёзди у.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ҳудудларда ичимлик суви нархини ошириш бошланди. 1 августдан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида, 20 августдан Тошкент вилоятида ичимлик суви тарифлари 2 баробаргача оширилади. Тошкент шаҳрида 2024 йил 1 январдан бошлаб оқар сувлар, шу жумладан техник сувлардан фойдаланиш пулли бўлиши белгиланди.

Донбассдаги рус қўшинлари сафида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги маълум бўлди. Украина ҳарбийларига кўра, ўзбекистонликлар қурилиш ишларида қатнашиш учун Мариуполга келган, лекин уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, Россия қўшинлари сафига сафарбар қилинган. Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонликларни урушда қатнашмасликка чақирди. Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси масала юзасидан ўрганишлар олиб бораётганини маълум қилди

Олий суд Жаҳонгир Улуғмуродовга тайинланган жазони енгиллаштирди. Унга нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди. Адвокатнинг уни оқлаш ҳақидаги шикояти эса рад этилди. Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли Жаҳонгир Telegram'да синфдошлар гуруҳига диний қўшиқ ҳаволасини юборгани учун қамалганди.

Фарғона шаҳрида 6 кишининг ўлимига олиб келган ёнғин содир бўлди. Шанба куни тушга яқин шаҳарнинг Сайилгоҳ кўчасидаги бино ертўласида жойлашган караоке-кафега ўт кетган. Натижада 6 киши ёнғиннинг тутунидан заҳарланиб ҳалок бўлган, 7 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган. Президент топшириғи билан, воқеани ўрганиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳукумат комиссияси Фарғонага жўнаб кетди.

Термиз шаҳри собиқ ҳокими 11 йилга қамалди. 2017-2022 йилларда Термиз шаҳрини бошқарган Исроил Худойбердиев пора олиш ва бошқа коррупциявий жиноятларда айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан, у билан бирга яна 17 кишига турли даражадаги жазолар берилди. Маълумот учун, аввалроқ Урганч шаҳри собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев 3 йилга, Қарши шаҳри собиқ ҳокими Жамшид Фозилов 4 йилга, Андижон шаҳри собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Маъмурий ислоҳотдан ярим йил ўтиб, туризм соҳаси Азиз Абдуҳакимовга қайтариб берилди. Абдуҳакимов раҳбарлигидаги Экология вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси ташкил этилди. Шу тариқа, сайёҳлик соҳасидаги давлат органининг номи ва тузилмаси охирги 7 йилда 5-марта ўзгарди. Катта эҳтимол, Абдуҳакимов бошқа лавозимга ўтказилса, 6-ўзгариш ҳам ўзини узоқ куттирмайди. Маданият ва туризм вазирлиги эса Маданият вазирлигига айлантирилди, уни Озодбек Назарбеков бошқаришда давом этади.

Ўзбекистон аэропортларини бошқарувчи Uzbekistan Airports компанияси Рақобат қўмитаси билан судлашяпти. Қўмита компаниядан Тошкент халқаро аэропортидаги такси монополиясига барҳам беришни, автотураргоҳ нархларини эса пасайтиришни талаб қилган. Бу талабни рад этган аэропорт биринчи ва иккинчи инстанция судларида ютқазган, энди Олий судга шикоят қилмоқчи. Эслатиб ўтамиз, монополияга қарши орган бир неча йил олдин UzAuto билан судлашувларда синганидан бери, монополистлар олдига бирор-бир шаклда дадил талаб қўяётгани сезилмай қолганди. Аэропортга қўйилган талаб қўмитанинг уйғонаётганидан далолат, деб умид қиламиз.

Мавзуга оид