Ўзбекистон | 11:50 / 31.07.2023
20195
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иш вақти нормасига амал қилинмаслиги нималарга олиб келмоқда? – интервью

Бир неча кун аввал таҳририят почтасига вилоят ҳокимликларидан бирида ишловчи мутахассисдан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчи ўз шахсининг сир қолишини сўрагани учун у ҳақдаги қўшимча тафсилотларга тўхталмаймиз.

Мурожаатда айтилишича, мутахассис ишловчи идорада меҳнат қонунчилиги, жумладан иш вақтига амал қилиш масаласи жуда оғир аҳволда.

“Эрталаб 8 яримда ишга келиб, кеч 10-11 гача иш жойимизда бўлишимиз керак. Чунки ҳоким ҳали ишда бўлади. У кетмаса, биз ҳам кетолмаймиз, сўраб қолиши мумкин. У сўраганда иш жойимизда бўлмасак, кейин ўзимизга қийин бўлади.

Ҳокимни билмадим, лекин бизга бундай ишлаш жуда оғир, болаларимизни бир неча кунлаб кўролмаймиз. Эрталаб чиқиб кетаётганда уйқуда бўлса, қайтганда ҳам аллақачон ухлаган бўлади. Бунинг устига йиғилишлар масаласи ҳам бор. Оилада ҳам хотиржамлик йўқ. Шу мавзуни ҳокимлигимизга келиб бир ўрганинглар”, – дейди ватандошимиз.

Ҳокимлик ходими гарчи бу масалани мурожаат сифатида ўрганишимизни сўраб ёзган бўлса-да, лекин бу муаммонинг фақат бир ҳудуд, мурожаатчи ишлаётган жой учун эмас, бутун республика учун долзарб эканини инобатга олган ҳолда уни мурожаат эмас, интервью шаклида таҳлил этишга қарор қилдик.

Интервью меҳмонлари Адвокат Раззоқ Алтиев, Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва психолог Бобоёр Тўраев бўлди.

— Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ва унинг ҳам бир тармоғи бўлган белгиланган иш вақтига амал қилинмаслиги масаласи доим катта муаммо бўлиб келган. Бу масала йиллар давомида тартибга келмади, ўзгармади.

Мана энди жуда оддий бир савол: нега бошқаларда бундай эмас-у, бизда шундай? Нега бошқаларга етган вақт бизга етмайди? Нега бошқалар кам ишлайди-ю, натижаси яхши, биз кўп ишлаймиз-у, натижамиз ёмон?

Абдураҳмон Ташанов:

— Ўзбекистонда меҳнат шароити таъминланиши «нол» даражада. Ҳамма жойда халқлар, раҳбарлар бир хил, лекин фарқ қонунларнинг ишлашида. Айни соҳани тартибга солувчи институтлардан бири Касаба уюшмалари федерацияси. Ўзи Ўзбекистонда касаба уюшмалари борми, бўлса қанақа? Асосий тийиб турувчи тизим бўлиши керак бу ҳам. Масалан, Францияда ҳукумат мухолифатдан кўра касаба уюшмаларидан кўпроқ қўрқади.

Биз яқин йилларгача мажбурий меҳнатдан халос бўлолмаган давлатмиз. Шундай бир ҳолатда меҳнат ҳуқуқлари борасида гапириш ғалати. Шахсан мен бу борада жуда негативман. Қонунчилик базасидан тортиб амалга ошириш институтларигача касаба уюшмаларининг ўрни йўқ. Номигагина бор бу ташкилот.

Раззоқ Алтиев:

— Биздаги энг долзарб масалалардан бири бу. Қонунчиликда нормал иш соатлари давомийлиги ҳафтасига 40 соат этиб белгиланган, бундан ошиши мумкин эмас. Кунига ходим 8 соатлик иш вақтидан кўп ишласа, унинг маоши 2 баробар тўлаб берилиши керак. Қонундаги бу тартиблар амалиётда ҳам бўлганида эди, бу муаммо бўлмас эди.

Бугунги кунда эса ортиқча ишлаш талаб қилинади ва ҳеч қандай ҳақ берилмайди бу ортиқча соатлар учун. Агар ҳақ тўланганда эди жиддийроқ муносабатда бўлинар эди бу масалага ҳам. Касаба уюшмалари ўз фаолиятини ўта суст олиб боради. Ҳали бирор марта уюшма томонидан иш ташлаш, намойиш ташкил этилганини кўрганим йўқ.

Янги Меҳнат кодекси қабул қилинди ва ҳуқуқлар кенгайтирилди. Аммо амал қилинмас экан, муаммони ҳеч қанақасига ечмайди.

Нима учун бошқаларга етган вақт бизга етмайди? Демак, иш нотўғри ташкил этиляпти, ходимларни қисқартириш ортидан маблағ тежашмоқчи ёки бошқа омиллар. Ташкилот ва ташкилот раҳбарларининг камчилиги билан боғланади бу нарса.

Бугунги кунда меҳнат низолари жуда кўп. Ходимлар ўз вақтида вазифани бажаролмаяпти ёки сифатли бўлмаяпти, чунки юкламалар, босимлар кўп. Бу борадаги муаммолар такомиллаштириб ҳал қилинадиган эмас, балки қонунга амал қилиб ечиладиган муаммо.

Бир мисол келтираман. Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи билан меҳнат фаолиятини текширишда қатнашдик. Ташкилот биносида соат 19:00 да тўлиқ электр ўчирилади. Face ID тизими ходимларнинг ишга қачон келиб, неча соат ишлаганини автоматик назорат қилиб туради. Агар ходим 8 соатдан кўп ишласа, унга автоматик тарзда қўшимча ойлик маош ёзилади.

Бизнинг давлат ташкилотларида раҳбар кетмасидан ходим ҳам кетмаслиги керак деган ёзилмаган қоида бор. Кетиб қолса, камида ҳурматсизлик деб қабул қилинади, ҳатто жавобгарлик ҳам келтириб чиқарилади.

Бизда жуда кучсиз меҳнат келишувлари ишлайди. Ташкилотларда ишга киришда ишдан кетиш аризаси ҳам қўшиб олинади санасиз тарзда. Бу дегани иш берувчи хоҳлаган пайтда ишдан бўшатиб юбораверади.

  • Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид