Ангренда 5 кунлик иш режими 6 кунга ўзгартирилган хорижий корхона ишчилари норози бўлиб кўчага чиқишди
Ҳолат шу йил 10 июлда бўлган. Ўз норозиликларини автомобил йўлини тўсиш орқали кўрсатишга уринган аёллар Sungreen tex чет эл корхонаси ишчилари бўлиб, улар беш кунлик иш вақти олти кунликка ўтаётганидан норози бўлишган. Муаммо шу куннинг ўзида ҳал этилган.
Телеграм-каналларда Тошкент вилоятида бир гуруҳ хотин-қизлар А373 халқаро автомобиль йўлини тўсиб қўйгани акс этган видео тарқалди. Воқеа иштирокчилари Ангрен шаҳридаги тўқимачилик корхонаси ишчилари экани, улар корхона иш режимининг 5 иш кунидан 6 иш кунига ўтказилишидан норози бўлишгани айтилди.
Ангрен шаҳар ҳокимлиги Kun.uz сўровига жавобан ҳодиса 10 июлда рўй бергани, видеодагилар шаҳардаги Sungreen tex МЧЖ чет эл корхонаси ишчи-ходимлари эканини маълум қилди. Таъкидланишича, корхона раҳбарияти ҳафталик иш режимини беш иш кунидан олти иш кунига ўзгартириш таклифини билдирган. Ходимлар эса бундан норози бўлишган ҳамда буни шаҳарнинг Оҳангарон кўчасидаги йўлни тўсиш орқали билдиришган.
“Шу куннинг ўзидаёқ шаҳар ҳокими бошчилигида секторлар раҳбарлари ва мутасаддилар воқеа жойига етиб келишган ва ишчи-ходимларнинг эътирозини тинглаб, корхона раҳбариятига мурожаат қилишган.
Шаҳар ҳокими ва секторлар раҳбарлари корхона маъмурияти ўртасида бўлиб ўтган ўзаро мулоқотлар ишчи-ходимларнинг фойдасига ҳал бўлган. Муаммо жойида бартараф этилган, корхонада ҳафталик иш режими аслича қолдирилган”, дейилади Ангрен шаҳар ҳокимлиги Kun.uz’га тақдим этган маълумотда.
10 июлда бўлган воқеанинг видеоси нима учундир бугун – вилоятимизга президент ташрифи арафасида тарқатилмоқда. Дастлаб бу видео хорижий ОАВда тарқалди, кейин интернетнинг ўзбек сегментида пайдо бўлди. Энг ачинарлиси, бу воқеа худди бугун бўлгандек талқин қилинмоқда. Аслида бундай эмас.
Шу ўринда яна бир марта журналист ва блогерлардан ҳар қандай маълумотни тарқатишдан олдин факт-чекинг қилишларини, расмий идораларга қўнғироқ қилиб, асл ҳолатга аниқлик киритиб, кейин уни жамоатчиликка тарқатишларини сўраб қолардим.
Расмий сайтимизда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда телефон рақамларимиз эълон қилинган, бир оғиз қўнғироқ қилиб изоҳ сўрашганда олам гулистон эди, энг муҳими, ахборот истеъмолчилари бўлган юртдошларимизга нотўғри информация тарқатилишининг олди олинарди”, Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Беҳзод Қобулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Мавзуга оид
17:13 / 30.10.2024
BMW, Mercedes, Porsche ва бошқа немис компанияларида умуммиллий иш ташлаш бошланди
22:40 / 07.10.2024
Ангренда кўмир кони кенгайтирилиши сабаб уйлари кўчган ёки бузилган аҳолига 60 млрд сўмдан ортиқ пул тўланади
12:09 / 12.08.2024
Венесуэла мухолифати бутун дунё бўйлаб норозилик акциялари ўтказишга чақирди
09:51 / 07.07.2024