Ўзбекистон | 18:39 / 03.08.2023
91620
4 дақиқада ўқилади

«Милтиқ бўлса, отиб ташланг» — Сурхондарёда мактаб директори уни ишдан бўшатган вилоят ҳокими билан баҳслашди

Kun.uz'га Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ўтказган мажлислардан бирида вилоятнинг Сариосиё туманидаги мактаблардан бирининг директори Умида Турсунова билан тортишгани акс этган видео келиб тушди. Таҳририят манбасига кўра, жанжалли вазият 26 июл куни Сариосиё туманидаги 12-сонли мактабда умумий ўрта таълим мактабларининг 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлигига бағишланган видеоселектор семинарда юзага келган.

Унда директор ҳокимдан нима айби сабаб ишдан олинаётганини сўрай туриб, қуйидаги гапларни айтган:

«У ерда нима бўлганини сиз қаердан биласиз? «Муҳитни буздинг», дейсиз, нима муҳит бузилган у ерда? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзганимизга индамайлик деб... Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, буларнинг ҳаммасининг тили бир», — деган Умида Турсунова.

Семинар жараёни. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Тортишув давомида собиқ директор ҳокимга милтиқ бўлса, отиб ташлашини, мактабда юзага келаётган вазиятлар уюштирилаётгани, вилоят ҳокимига нотўғри маълумот берилаётганини айтган.

Семинар жараёни. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритилиши керак. «Йўқот, йўқот, йўқот!» Нима қиляпман мен? Сенлар мактабда хоҳлаган ишингни қилдинг, ҳеч ким ҳеч нарса қилмади-ку?! Менга чора кўриладими? Нимага ташқарига чиқаман? Мана шу ерда туриб [гапларини] охиригача эшитаман, [кейин] президентга айтадиган гапим бор. Отса мени, Ўзбекистон [халқи] олдига олиб чиқиб отиб ташласин», — деган у тортишув сўнгида.

Шундан сўнг собиқ директор ички ишлар органи ходимлари томонидан мажлис залидан олиб чиқиб кетилган. Мажлислар залини тарк эта туриб, Умида Турсунова вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга қарата «Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига», — деган.

Умида Турсунованинг йиғилиш залидан олиб чиқиб кетилиши. Тарқалган видеодан скриншот.

Маълумот учун: Умида Турсунова Сариосиё туманидаги 28-мактаб директор бўлиб ишлаган бир неча бор ишдан бўшатилгач, суд орқали ҳуқуқларини тиклаб, вазифасига қайта киришган. Тармоқларда ҳам бирмунча «машҳур» бўлишга улгурган.

Фаолияти давомида директорга нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб «Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасига кўра ижро интизомини ва одоб ахлоқ қонун-қоидаларини бузгани сабабли ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.

2021 йил ноябрь ойларида мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари томонидан директорнинг устидан Сурхондарё халқ таълими бошқармасига шикоят аризаси йўлланган.

Кейинроқ вазият ижтимоий тармоқларда муҳокама қилингач, журналистлар ҳолатни ўрганиш мақсадида шу мактабга боришган. Умида Турсунова эса ОАВ вакилларининг камерасига шикаст етказиб, уларни ҳайдаб солган.

Шундан сўнг Умида Турсунова 28-мактаб директорлик лавозимидан бўшатилган. 2022 йил феврал ойида вилоят халқ таълими бошқармасининг буйруғи билан қайта ишга тикланган.

Аммо мактаб ўқитувчилари бундан норози эканликларини ҳамда Умида Tурсунованинг директорлик фаолиятини олиб бормаслигини сўраб мурожаат қилишган.

Эътирозлардан кейин, 2022 йилнинг март ойида Умида Турсунова мазкур лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Имомқул Саидов тайинланган. Бироқ,Умида Турсунова суд орқали яна ишга тикланган.

Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, вилоят ҳоким иштирокидаги семинар-йиғилиши жанжал кўтарилганидан кейин Умида Турсунова ҳибсга олинган ва у мактабга директорлик қилган давр қайта текширувдан ўтказилмоқда.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид