Жамият | 23:04 / 03.08.2023
17579
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги уй боғчасида 15 нафар бола тортдан заҳарланди 

Шифохонада болаларга зарур муолажалар кўрсатилгани, уларнинг аҳволи яхшилангани айтилмоқда. 

Фото: Kun.uz

2023 йил 25 июль куни Наманган вилояти, Уйчи туманидаги «Гулшан» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг 15 нафар тарбияланувчиси овқатдан заҳарланган. 

Қайд қилинишича, болалар сифати тез бузилувчи маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши, овқат токсикоинфекциясида гумонланиб, туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлари бўлимига ётқизилган. 

Ўрганиш натижасида муассаса тарбияланувчиси ота-онаси фарзандининг туғилган куни муносабати билан сифатсиз торт ширинлиги олиб келгани ва тарбиячи уни «ўзбошимчалик билан болаларга бергани» аниқланган. 

Хабарга кўра, шифохонада болаларга зарур муолажалар кўрсатилган. Ўша куни 13 нафар бола аҳволи яхшилангани сабабли уйига кетиши учун рухсат берилган. 2 нафар болага эса 26 июль куни, бутунлай соғайганидан кейин жавоб берилган. Ҳозирда болаларнинг ҳаммаси ўзини соғлом ҳис қилиб, «Гулшан» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қайтгани айтилмоқда. 

Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари масъулларига сифати тез бузилувчи маҳсулотларни олиб кирмаслик, тарбияланувчиларга турли газли ичимликларни ичирмаслик, унли озиқ-овқат маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича огоҳлантирилгани ва тушунтириш ишлари тўлиқ олиб борилганини билдирган. 

Мавзуга оид