Олий судда даъвогар суд бошланиши арафасида кутиш залида вафот этди
Тиббиёт ходимларининг бирламчи хулосасига кўра, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Бугун, 3 август куни Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида шикояти кўрилиши керак бўлган наманганлик 66 яшар эркак суд бошланишини кутиб, кутиш залида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz'га воқеадан хабардор шахс хабар берди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Kun.uz сўровига жавобан ҳодиса юзасидан қўшимча тафсилотларни маълум қилди. Қайд этилишича, 1957 йилда туғилган фуқаро М. А. Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида 3 август соат 9. 15 га тайинланган суд мажлисига даъвогар сифатида келган.
“Суд мажлиси ўз вақтида бошланган бўлиб, суд мажлиси котиби тарафларни суд залига таклиф этиш учун кутиш хонасига чиққанида М. А. беҳуш ҳолда ётганини кўрган. Шу заҳоти барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, шошилинч тез тиббий ёрдам ходимларига хабар берилган. Ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган тиббиёт ходимлари томонидан М. А. ҳаётдан кўз юмганлиги аниқланган.
Тиббиёт ходимлари берган бирламчи хулосага асосан фуқаро М. А.нинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган”, дейди Азиз Обидов.
Аввалроқ Нукус воқеалари бўйича судланган Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Пўлат Шамшетов 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан кўп ўтмай вафот этган, у юрак хуружидан қазо қилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.
Мавзуга оид
19:20 / 21.10.2024
Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди
14:44 / 21.09.2024
Сенатда Олий суд раисига ўринбосарлар сайланди
21:57 / 23.07.2024
Олий суд фуқаронинг ижтимоий норма бўйича шикоятини қабул қилмади
22:11 / 19.07.2024