Жамият | 15:49 / 03.08.2023
10000
4 дақиқада ўқилади

Онлайн қабул, камайтирилган қийин саволлар – пандемия вақтида кириш имтиҳонлари қандай ўтганди?

Ҳар йилги кириш имтиҳонлари ўзига хослиги билан унда қатнашган абитуриентларнинг ёдида қолади. Бироқ 2020 йили коронавирус пандемияси даврида имтиҳон ҳам ўзига хос бўлганди. Тест муддатидан анча кечроқ бошланган, саволлар камайтирилган, иситмаси бор абитуриентлар имтиҳонга киритилмаганди. Ҳатто бир муддат “Бу йил ОТМга кириш имтиҳонлари ўтказилмас экан”, деган тахминлар бўлганди.

Фото: Kun.uz

2020 йил бутун дунё учун хавотирли ва эҳтиёткор йил бўлганди. Миллионлаб одам касаллик юқтириб, минглаб одам шу сабаб вафот этган, ташкилотлар онлайн ишлашга, таълим муассасалари эса онлайн ўқишга ўтганди. Ўзбекистонда ҳам бу қоидалар амалга киритилган бўлиб, жамаот хавфсизлиги қоидалари қатъий, кўпчилик бир жойда тўпланиши, зарурат бўлмаган ҳолатда ҳатто кўчага чиқиш ҳам тақиқланганди.

2020 йилги абитуриентлар шундай шароитда имтиҳонга тайёргарлик кўриб, 2 та фандан имтиҳон топширишган.

Онлайн қабулнинг бошланиши

2020 йилда ҳам қабул 20 июндан 20 июлгача онлайн тарзда ўтказилган. Айни шу йилдан бошлаб ОТМга ҳужжат топшириш тўлалигича онлайн тизимга ўтказилди. Ундан олдинги 2019 йилда ҳам абитуриентлар ОТМда навбатда туриб ҳужжат топширган.

Фақатгина фуқаролиги бўлмаган шахсларга ОТМда ҳужжат топширишга рухсат берилганди.

Абитуриентларни имтиҳонга тайёрлайдиган ўқув марказлари ҳам карантинга ёпилгани боис бир муддат “Онлайн мактаб” телеканалида (мактаб дарслари онлайн ўтилган канал) “Онлайн репетитор” лойиҳаси ҳам амалга оширилганди.

Қийин саволлар камайтирилган

2020 йилги имтиҳонда абитуриентлар учун битта фандан тушадиган 6 та мураккаб даражадаги савол 3 тага камайтирилганди.

ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев қабулга бағишланган матбуот анжуманида.

Имтиҳонга тайёргарлик

Имтиҳонга тайёргарлик даврида тегишли ташкилотлар тест кунлари карантин қоидаларига тўла риоя этилишини, имтиҳон очиқ ҳудудларда 2 сменада ўтказилишини маълум қилган.

Имтиҳонга тайёргарлик жараёни

Ҳар бир абитуриент учун камида 3 метр квадрат жой ажратилган. Ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари учун кутиш жойлари ташкиллаштирилмаган.

Тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва коронавирусга чалинган абитуриентлар имтиҳонга қўйилмаган. Улар учун имтиҳонлар тўлиқ якунланганининг тўртинчи кунида алоҳида синовлар ташкиллаштирилиши белгиланганди.

Имтиҳонлар бўлиб ўтишидан олдин бу йилги қабул тести онлайн бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Карантин давридаги қабулда 1,4 млн абитуриент ОТМга ҳужжат топширган. Бу – яқин 8 йиллик тарихдаги энг катта рақам.

Кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошлаб 2 ҳафта давомида ўтказилганди.

2020 йилги имтиҳонга тайёрланаётган очиқ майдонлар

Айни шу 2020 йилги имтиҳондан бошлаб то 2022 йилгача имтиҳонлар очиқ стадионларда ўтди. Фақатгина 2023 йилдан бошлаб коронавирус унутила бошлангач яна ёпиқ биноларда имтиҳон ўтказиш тизимига қайтилди.

2020 йилда пандемия сабаб мутахассислик блокидаги фақат биринчи фани ижодий имтиҳон бўлган 7 мингдан ошиқ абитуриент ижодий имтиҳон ўрнига тест топширган.

2 та фандан 60 та савол учун абитуриентларга жами 3 соат вақт ажратилган. (Ҳозир 90 та савол учун 3 соат вақт берилади.) 

Тестга тайёрланаётган ҳудудлар

Пандемия бўлгани боис имтиҳонни ўтказишга қаттиқ талаблар қўйилганини Андижон вилоятида имтиҳон репетиция қилиб кўрилганидан ҳам билиш мумкин.

Имтиҳон репетиция жараёни, 2020 йил Андижон.
Имтиҳон репетиция жараёни, 2020 йил Андижон.

Сентябрда ўтган имтиҳон

Имтиҳонда абитуриентларга тиббий ниқоб ва қўлқоплар тарқатилган, очиқ ҳавода бўлса ҳам ниқоб тақилиши талаб қилинган.

Мавзуга оид