Ўзбекистон | 12:08 / 03.08.2023
23232
2 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси “супервазирлик” таркибидан чиқарилмоқда

Маъмурий ислоҳотдан 7 ой ўтиб, Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридан чиқарилиши мумкин. Йил бошидан буён раҳбарсиз қолаётган қўмитага айни пайтдаги вазир Шерзод Қудбиев қайтади.

Шерзод Қудбиев 2 август кунги президент селекторида

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси вазирлик таркибидан чиқарилиб, ҳукумат таркибидаги мустақил тузилма мақомига қайтарилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz'нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилди.

Манбага кўра, бу ўзгаришдан кейин айни пайтдаги иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев Солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланиши масаласи кўриб чиқилмоқда. Қудбиев 2020 йил майидан 2022 йил декабригача бўлган муддатда ҳам солиқ органига раҳбарлик қилганди.

Иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига эса Қудбиевнинг ўрнига бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров тайинланиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев кеча, 2 август кунги селекторда солиқ тушумлари камайиб кетганини танқид қилганди. “Кундан кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти”, – деган давлат раҳбари қатор солиқ мансабдорларини ишдан олди.

Мавзуга оид