Спорт | 17:45 / 04.08.2023
20886
4 дақиқада ўқилади

ЦСКА Аббосбек Файзуллаев трансферини эълон қилди

Осиёнинг энг умидли ёшларидан бири Россия чемпионатига ўтди. Унга еврокубокда иштирок этувчи клубдан ҳам қизиқиш бўлганди, аммо у бу клубга ўтишни истамаган.

Фото: ЦСКА

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Пахтакор» клуби яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев фаолиятини Россияда давом эттиради.

19 ёшли яримҳимоячи трансфери учун ЦСКА «Пахтакор»га 500 минг евро тўлаши хабар қилинганди. Файзуллаевнинг амалдаги келишуви 2025 йилга қадар белгиланган бўлса-да, футболчи ва унинг агенти хоҳишига кўра, Москва клуби шартномадаги товон пули сифатида кўрсатилган ярим миллион еврони тўлашга қарор қилган ва трансферни амалга оширган. Аббосбек ЦСКА билан «3+1» кўринишида шартнома имзолади.Transfermarkt порталида Файзуллаевнинг трансфер баҳоси 750 минг евро қилиб кўрсатилган.

Аввалроқ, «Пахтакор» клуби бош директори Дмитрий Адисман Россия клуби санкциялар туфайли Аббосбек Файзуллаевнинг трансфери учун Тошкент клуби ҳисоб рақамига тўловни амалга ошира олмаётгани ва бу муаммо тез орада бартараф этилиши ҳақида хабар қилинганди. У ўз интервюсида Москва клубидан ташқари «Фенербаҳче»дан ҳам қизиқиш бўлгани, аммо футболчи еврокубокларда иштирок этувчи ушбу клубга ўтишни истамагани ҳақида айтиб ўтганди.

Аббосбек Файзуллаев «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Ҳали клуб академиясида эканидаёқ Ўзбекистон ўсмирлар жамоасига чақирилган. 2021 йил май ойида Файзуллаев «Пахтакор»нинг асосий жамоасида, шунингдек Ўзбекистон ёшлар жамоасида дебют қилади. Биринчи мавсумида у клубда тўққиз ўйинда қатнашиб, майдонда жами 280 дақиқа ўтказади. Кейинги мавсумда эса Аббосбек «Пахтакор»нинг асосий таркиб футболчисига айланади: 26 ўйинда майдонга тушиб, саккиз гол уради ҳамда икки голга узатма беради. Ўзбекистон жамоаси билан 2022 йилги Осиё Кубоги U23 турнирида ҳам иштирок этганди, йил якунида Ўзбекистон футбол федерацияси уни «Ёш юлдуз» сифатида тақдирлаганди.

Шунингдек, у жорий мавсум Суперлигада 6 ўйинда майдонга тушиб, 2 та голга муаллифлик қилган ва бир голга узатма берган. Июн ойида Аббосбек мамлакат миллий жамоаси учун ҳам дебютини амалга оширди: Уммонга қарши ўйин (3:0) охирида 17 дақиқа ҳаракат қилди. Тожикистонга қарши кечган иккинчи ўйинда (5:1) ҳам захирадан тушиб, миллий жамоа учун дебют голини урди.

У 2023 йил март ойида ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги U20 турнири қаҳрамонларидан бирига айланиб, Ўзбекистон U20 жамоаси билан қитъа чемпионлигини қўлга киритганди, турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 4 ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва ассист муаллифига айланганди.

Аббосбек – РПЛ тарихида Ўзбекистоннинг 49-вакили бўлди. Ҳозирда лигада яна уч нафар ўзбекистонлик тўп тепмоқда: Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев (иккиси ҳам – «Рубин»да), шунингдек Иброҳимхалил Йўлдошев («Пари НН»). РПЛда муваффақиятли тўп сурган футболчилар сифатида – Миржалол Қосимов («Алания»), Виталий Денисов (ЦСКА, «Локомотив», «Криля Советов» ва «Рубин»), Одил Аҳмедов («Анжи», «Краснодар») ва Элдор Шомуродовни («Ростов») келтириш мумкин.

Мавзуга оид