Жамият | 18:31 / 04.08.2023
17391
5 дақиқада ўқилади

Янги ташаббус: Иш бермаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини ташаббусли бюджетга қўшиш керакми?

Твиттерда куни-кеча иккита қизиқ тасвир тарқалди. Кўрган кишининг кўнглига хурсандчилик олиб кирадиган бу тасвирлар одамлар ўзлари яшаётган масканни қандай обод қилгани хусусида ҳикоя қилади.

Тасвирлардан бири маҳалла чиқиндихонаси гуллар ва дарахтлар экиб обод масканга айлантирилгани сурати бўлса, яна бошқасида маҳалладаги чиқиндихона бўлиб ётган жойга газон ва дарахтлар экилиб, мини артезиан қудуғи қазилиб, суғориб обод жойга айлантирилгани кўрсатилган.

Обод қилинган чиқиндихона. Фото: twitter.com/ezozakhanim

Иккинчи видеолавҳани шарҳлар экан, иқтисодчи эксперт Отабек Бакиров «Яшил макон» дастурини ҳам «Ташаббусли бюджет»га қўшиб, одамларнинг ўзига бериш кераклигини таъкидлади.

«Ҳар йили «Яшил макон» умумиллий лойиҳасига турли молиялаш манбаларидан 5 трлн сўмгача пул сарфланмоқда. Экилмаган миллионлаб кўчат «экилди», дея ҳисоботларга киради, экилган миллионлаб кўчатларни эса қуритиш билан машғул бўлинмоқда. Аслида эзгу мақсадли ташаббус арчабозлик, чўп суқиш кампаниясига, кўзбўямачилик саноатига айлантирилди.

Иқтисодий вазият тобора мураккаблашмоқда, бундан буёғига давлат ва бюджет пулларини совуришга жим қараб туриб бўлмайди. Шунинг учун «Яшил макон»ни чиновниклардан олиб, одамларнинг ўзига бериш керак.

Масалан, «Яшил макон» лойиҳаси учун мўлжалланган маблағларни Open Budjet портали орқали ташаббусли бюджетлаштиришга қўшиб бериш билан.

Одамлар ўзлари қаерга кўчат экишни, қаердан сув чиқаришни жуда яхши билишади. Ўзлари авайлашиб кўкартиришади. Ўзлари бузғунчи дарахт кесувчилардан ҳимоялашади. Бу бизга каррасига арзон тушади», — деб ёзган иқтисодчи ўз Telegram-каналида.

Чиндан ҳам аҳоли ташаббусли бюджетда овоз тўплаб ютган йўллари ва объектлар сифати устидан қаттиқ жамоатчилик назорати ўрнатганига гувоҳ бўляпмиз.

Балки аҳолини дарахт кесиш ва кўкаламзорлаштиришга ўргатиш, уларни парваришлашда дахлдорлик ҳиссини уйғотиш учун Ташаббусли бюджетда «Менинг йўлим» лойиҳаси каби баҳорда «Менинг боғим» лойиҳасини ҳам ташкил қилиш керакмикин?

Ахир маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан ўтказилаётган, фотоҳисоботларда акс этадиган ҳайбаракаллачилик, ура-урачилик билан ташкиллаштирилаётган «Яшил макон» лойиҳаси кўзланган мақсадга умуман яқинлаштирмаяпти. Миллиардлаб маблағлар ҳавога совурилгани қолмоқда. Шу нарсанинг таги яхшилаб текширилса «манаман» деган коррупцион схемалар ҳам очилиб кетиши турган гап. Энг қизиғи, соврилаётган маблағлар, нобуд бўлган дарахтлар сони эълон қилинса ҳам ҳеч ким жавобгар бўлмаяпти.

Қолаверса, дарахтни экиш осон, уни парваришлаш қийин. Айниқса, сув тақчиллиги юз бераётган ҳозирги кунларда. Жойларда барпо этиладиган яшил ҳудудларнинг энг аввало сув таъминотини ҳал қилиш, мини-артезианлар қазиш зарур. Бунинг учун пухта лойиҳа ҳам керак.

Шу вазифани ҳокимиятга эмас, одамларнинг ўзига ишониб топшириш фурсати чиндан ҳам етган. Ўз маскани учун жон куйдириб ҳаракат қиладиган инсонлар ҳар бир маҳаллада топилади. Биров яшаётган жойи учун бошқа одам ҳеч қачон қайғурмайди ва жон куйдирмайди. Бу — аниқ.

Сўнгги йилларда шаҳарлар ва маҳаллаларда дарахтларга қирон келтириб кесилиши қандай оқибатга олиб келганини ёзнинг жазирамали шу кунларида барчамиз танамизда ҳис қилиб турибмиз. Бизни фақат дов-дарахтлар қутқара олиши кундек равшан бўлиб қолди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, депутатларимиз бу борада ташаббус билан чиқишса яхши бўларди.

Эслатиб ўтамиз, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида чиқиш қилиб, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 2 млн туп кўчат қўшиб ёзилгани, 7,3 млн туп кўчат суғорилмайдиган жойга экилганини таъкидлаган эди.

Кейинроқ Азиз Абдуҳакимов «Яшил макон» умумиллий лойиҳаси доирасида дарахтларни конкурс асосида танлаб олинадиган пудратчи ташкилотлар экиши ва улар уч йил давомида ўзи эккан кўчатларни парваришлаш мажбуриятини олишини айтиб ўтган эди.

Шуҳрат Шокиржонов.

Мавзуга оид