«Ризаспор» Ҳусниддин Алиқулов трансферини эълон қилди
«Насаф» клуби ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов фаолиятини хорижда давом эттиради.
Туркиянинг «Ризаспор» клуби Ўзбекистон миллий жамоасининг 24 ёшли ҳимоячиси билан «3+1» шаклида шартнома имзоланганини эълон қилди. У 2026 йилга қадар турк клубида фаолият юритади ва келишувни яна бир йилга узайтириши мумкин бўлади.
Ўзбекистонлик ҳимоячи янги клубида легионер эмас, маҳаллий футболчи мақомида бўлади. Гап шундаки, Туркия футбол федерацияси қарорига кўра, Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо мамлакат ўйинчилари Туркияда легионер ҳисобланмайди.
Маълумот учун, Ҳусниддин Алиқулов Суперлига жорий мавсумида 12 ўйинда 5та голга муаллифлик қилган. Ҳимоячи «Насаф»нинг сўнгги ўйинида майдонга тушмагани футболчининг жароҳати билан изоҳланганди.
Туркиянинг Ризо шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Ризаспор» клуби ўтган мавсум якунларига кўра, қуйи лигадан Туркия Суперлигасига йўлланма олган.